Маҳкумлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни қийноқдан халос этиш: Омбудсман билан биргаликдаги тренинглар
Самарқандда ташкиллаштирилган тренинг маҳкумлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга бағишланди. Унда озодликдан маҳрум этиш жойларидаги қийноқ масалалари ҳам ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Халқаро қамоқхона ислоҳоти (Penal Reform International — PRI) ташкилоти (Буюк Британия) нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими биргаликда ташкил этган семинар-тренинг аввалги кунлари Тошкент, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Самарқандда якунловчи тренинг ташкиллаштирилди.
«Маҳкумлар ва маҳбуслар (қамоқда сақланаётган шахслар)нинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва ҳалқаро ҳуқуқий меъёрлар» мавзусидаги семинар-тренингда Миллий превентив механизм (МПМ) нинг Қозоғистондаги мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси, «Dignity» жамоатчилик ташкилоти эксперти, инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт, юридик фанлари номзоди Анора Ибраева йиғилганларга тренерлик қилди.
Тренингда Самарқанд вилоятидаги наркология диспансери врачлари, Тергов ҳибсхонаси, ИИБ манзил колонияси ходимлари, 1- ва 10-сонли меҳрибонлик уйлари тарбиячилари, вилоят руҳий касалликлар шифохонаси хизматчилари, вилоят ва туман прокуратуралари ходимлари, Самарқанд вилоят ўқитувчилар ассоциацияси раҳбари, Омбудсманнинг ҳудудий ходимлари ва журналистлар иштирок этишди.
Семинарнинг мақсади — маҳкумлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, омбудсман ролини ва унинг давлат органлари билан ҳамкорлиги тартибини очиб бериш, шунингдек, иштирокчиларни ушбу соҳада амалда бўлган халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва стандартлардан, шу жумладан БМТнинг қийноққа солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциясидан хабардор қилиш бўлди.
А.Ибраева ўз ҳаёт йўлини гапириб берар экан, Қозоғистон бир пайтлар лагерлар мамлакати бўлгани, у ердан «қамақхона маданияти» тарқалганидан сўз очди. Эксперт буларнинг барчаси собиқ иттифоқ даврида жазони ижро этиш тизимига армия тизими жорий этилиши ортидан юз берганига урғу берди.
«Қозоғистонда ҳам бир пайтлар жазони ижро этиш жойларида ва тергов изоляторларида қийноқлар борлигига ҳеч ким расман иқрор бўлмас эди. Бироқ мазкур вазиятни тан олиб, уни бартараф этиш учун Қозоғистон узоқ 17 йил сарфлади», — деди у.
Гарчи 2004 йилда муддатсиз мораторий эълон қилинган бўлса-да, Қозоғистонда ҳамон ўта оғир 17 хил жиноят учун ўлим жазоси кўзда тутилгани, Ўзбекистонда бундай жазо бекор қилингани тилга олинди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг вакили Гулжаҳон Омонова ҳибсдагиларнинг барчасига ўзларининг инсоний шахсияти қадр-қимматига мувофиқ тарзда ҳурмат билан муомалада бўлиш лозимлигини қайд этиб ўтди.
«Ҳеч бир қамалган инсон қийноққа ёки бошқа қатъий, ноинсоний, ўзларининг қадр-қимматини поймол қилувчи хатти-ҳаракатларга ёки жазоларга дучор этилмаслиги керак, барча маҳкум ва маҳбуслар бундан ҳимояланган бўлиши ва ҳеч бир нарса бу ҳолни оқламаслиги керак. Ҳисбдагилар, хизмат кўрсатувчи персонал ва шахслар ҳамда ташриф буюрувчиларнинг қўриқланиши ва хавфсизлиги доимий равишда таъминланиши лозим.
Нельсон Манделанинг шундай сўзлари бор: «Ҳеч ким токи қамоқхонага тушмаган экан, миллатни чинакамига англамабди. Миллат ўзининг обрў-эътиборли инсонларига муносабат билан эмас, жамиятнинг энг қуйи бўғинларидаги фуқароларга қандай муносбатда эканлигига қараб баҳоланмоғи керак», — деди Гулжаҳон Омонова.
Тренингда инсон ҳуқуқлари концепцияси, қонунийлик ва бошбошдоқлик, айбсизлик презумпцияси, маҳбусларнинг ҳуқуқлари тўғрисида халқаро ҳужжатлар, қийноқлардан озодлик тушунчалари, қийноқларни қандай аниқлаш мавзулари бўйича тушунчалар берилди.
Семинар-тренинг якунида қатнашчиларга сертификатлар топширилди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024