«Университет 3.0» модели Ўзбекистон олий таълимига нима учун керак? Вазирлик расмийси изоҳ берди
Таълим тизимида мавжуд «Университет 1.0» модели фақат таълим бериш билан чекланади. «Университет 2.0» - таълим бериш ва илмий тадқиқот ишлари олиб боришни ўз ичига олади.
«Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонига асосан, мамлакатда босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган «Университет 3.0» модели эса таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотларни тижоратлаштирувчи модель ҳисобланади. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Вазирлик илмий-тадқиқот ишлари бошқармаси бошлиғи Баҳром Исмоиловнинг таъкидлашича, «Университет 3.0» моделида университет ўзида қилинган илмий-тадқиқот натижасини ўзи ҳам сотиш имконига эга бўлади.
Масалан, ОТМ алоҳида технопарк очиб, илмий ишланмалар яратиши ва бевосита ишланмаларининг тижоратлашувини йўлга қўйиши мумкин. Бунда битирувчиларга нафақат билим берилишига ва уни реализация қилишга ҳам эришилади.
«Олий таълим вазирлиги томонидан 2018 йил мартдан буён «Илм-фан 20-20» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида ўқитувчиларни илмий маълумотлар билан таъминлаш ва илмий мақолаларни талаб даражасида ёзишга малакаси етарли бўлмаган кадрларни ўқитиш режалаштирилган.
Айни пайтда, афсуски, энг ишончли халқаро 23,5 мингдан ортиқ журналлар орасида ўзбек илмий журналлари йўқ. Шунинг учун бу борада мамлакат илмий журналларини Scopus базасига киритиш мўлжалланган. Бу билан ОТМларнинг нуфузи ҳам ошади», - дея янгиликлар ҳақида маълумот берди вазирлик илмий-тадқиқот ишлари бошқармаси бошлиғи Баҳром Исмоилов.
Шунингдек, концепцияга кўра, нодавлат-нотижорат шаклидаги Республика Олий таълим кенгаши ҳам тузилиши режалаштирилган бўлиб, унинг асосий вазифалари жамоатчилик ва иш берувчилар фикрини ўрганиш, илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, қўлланилаётган таълим-тарбия усуллари таъсирчанлигига холисона баҳо бериш кабиларни ўз ичига олади.