Жамият | 19:25 / 19.10.2019
61787
8 дақиқада ўқилади

Йўллардаги сунъий «тўхтатгичлар» ва бойлар маҳалласи: ИИББ сунъий нотекисликларнинг техник талабларига ойдинлик киритди

Ҳозирги кунда маҳаллалар ва кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчилар йўлларда ўзбошимчалик билан «ётиқ полициячилар»ни тиклашади. Айниқса, бундай сунъий нотекисликларни деярли барча маҳаллалардаги кўчаларда учратиш мумкин. ИИББ ушбу нотекисликларга доир стандарт талабларни маълум қилди.

Эринмаган ҳам, пули бори ҳам шундай сунъий дўнгликларни ўрнатишади. Афсуски, уларга яқинлашар экансиз, бирорта огоҳлантирувчи белги йўқ, қолаверса, ҳар ким ўз билганича назоратсиз ўрнатгани боис, айримлари автомобилнинг ўтишига ҳам қийинчилик туғдиради.

Шундай вазият Наманган вилоятида ҳам кузатилди. Поп туманидан Тўрақўрғон туманига кетаверишда йўл қурувчилар деярли ҳар бир километр масофада шундай сунъий нотекисликларни, асфальтдан барпо қилишганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундай ҳолат вилоятнинг Мингбулоқ туманида ҳам учрайди. Йўл четларида эса, ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар кўзга ташланмайди.

Республиканинг бошқа вилоят, туман ва шаҳарларида ҳам шу каби ҳолатга дуч келиш шубҳасиз. Умуман, айтиш мумкинки, Ўзбекистон бўйлаб сунъий нотекисликларни ҳар ким ўз билганича, мустақил равишда ўрнатишади. Уларни тадбиркорлар, фермерлар, маҳаллий аҳоли, айрим мулозимлар, қисқаси имконияти ва маблағи бор ҳар ким амалга оширади.

Савол туғилади: ушбу сунъий нотекисликларни ўрнатиш тартиби, уларнинг баландлиги ва бошқа жиҳатларини назарда тутувчи меъёрлар мавжудми? Бор бўлса, улар нималардан иборат?

ЎзР ИИВ Тошкент шаҳар ИИББ юқоридаги саволларга ойдинлик киритди.

Маълум қилинишича, “Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти” унитар корхонаси томонидан “Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби” деб номланган Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти ишлаб чиқилган. Ушбу стандарт ГОСТ Р 52605 (РФ) асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Япония, АҚШ, Финляндия, Дания ва Швеция йўлларидаги овоз чиқарувчи йўлаклардан фойдаланиш тажрибаси ҳам инобатга олинган. Ҳужжат Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2019 йил 1 июлдаги №05-1046-сон қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатда термин ва таърифлар берилган, сунъий нотекисликларнинг турлари ва уларнинг техник талаблари кўрсатилган, шунингдек овоз чиқарувчи бўйлама йўлак таърифи, назорат усуллари, шу билан бирга сунъий нотекисликлари бўлган йўл ҳудудларини йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситалари билан жиҳозлаш ва уларни қўллаш қоидалари тақдим қилинган.

Ҳужжатга кўра, сунъий нотекислик – йўл қисмида йўл ўқига перпендикуляр тарзда жойлашган, тезликни мажбурий пасайтириш учун мўлжалланган махсус баландликлар.

Сунъий нотекисликлар (СН) транспорт воситалари тезлигини рухсат берилган 40 км/с кўрсаткичгача пасайтириш учун йўлларнинг алоҳида жойларда ўрнатилади.

СНнинг конструкцияси ишлаб чиқариш технологиясидан келиб чиққан ҳолда яхлит ва йиғма турларга бўлинади. СН узунлиги йўлнинг энидан калта бўлиши мумкин эмас (ҳар иккала томонда 0,2 метрдан ортиқ бўлмаган чекланиш бўлиши жоиз)

Жойларда СН ўрнатиш учун йўл ҳудудида оҳова ариқ ташкиллаштириш зарур. Бундан ташқари, ҳайдовчилар сунъий нотекисликлар ҳақида йўл белгилари ёрдамида олдиндан огоҳлантириладилар. 

ЯХЛИТ КОНСТРУКЦИЯЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

Сунъий нотекисликларнинг яхлит конструкциялари асфальт-бетондан ишланган бўлиб, икки хил – тўлқинсимон ва трапециясимон бўлишлари мумкин: 

Сунъий нотекислик тури ҳаракат йўлида сувнинг оқиб кетиши йўналишидан ҳамда яқин атрофда ёмғир тўпловчи қудуқлар борлигидан келиб чиқиб танланади.

Бундан ташқари, сунъий нотекислик хусусиятлари (баландлик, узунлик, оғишганлик даражаси) йўлдаги ҳудудда максимал мумкин бўлган ва йўл белгисида кўрсатилган тезликни инобатга олишлари зарур.

Сунъий нотекисликларга қўйиладиган алоҳида талаблар рельссиз транспорт воситаларининг мунтазам ҳаракати амалга ошириладиган йўлларда таклиф этилади.

ЙИҒМА КОНСТРУКЦИЯЛАР

Сунъий нотекисликларнинг йиғма конструкцияси бир қатор бир қолипдаги геометрик мувофиқ бўлган асосий ва чекка элементлардан иборат. Ушбу турдаги сунъий нотекисликлар элементларининг ўлчами рухсат этилган максимал тезлик чеклови талабидан келиб чиққан ҳолда танланади. Шунингдек эластик жисмдан тайёрланган сунъий нотекислик қаттиқлиги кўрсаткичлари, СНга тунги вақтда кўринувчанликни таъминлаш учун ёруғлик қайтарувчи элементлар ётқизилиши ҳамда ёруғлик қайтарувчи элементлар емирилгандан сўнг уларни ўз вақтида алмаштиришни таъминлаш белгиланган.

Конструкцияда йўл қопламасини монтаж ва демонтаж қилиш, шунингдек унинг баъзи элемент ва қисмларини алмаштириш имконияти назарда тутилган бўлиши керак.

(а – битта асосий ва чекка элементлардан иборат сунъий тўсиқ; б - иккита асосий ва чекка элементлардан иборат сунъий тўсиқ)

Сунъий нотекисликларнинг ҳолатини назорат қилиш эҳтиёжи алоҳида қайд этилди. Ўйиқ, ёрилиш ва бошқа турдаги футурлар бор-йўқлиги мунтазам равишда текширилади. Камчилик топилганда уни бартараф қилиш муддати уч кундан ошмаслиги керак.

СУНЪИЙ НОТЕКИСЛИКЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ҚОИДАЛАРИ

Сунъий нотекисликларни асфальтбетонлик ва цементбетонлик қопламаларга эга йўлларда ўрнатиш режалаштирилмоқда. Сунъий нотекисликларни қуйидаги жойларда ўрнатиш мумкин:

- болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари ёнида тартибга солинмаган ер усти пиёдалар йўлакчаларидан 10-15 метр олдинроқ;

- авариявийлик сабаблари таҳлилига кўра йўлларнинг маълум қисмларида, айниқса болалар ва ёшлар таълим-тарбия муассасалари олдидаги хавфли ҳудудлар бошида, болалар майдончаси, жамоат дам олиш жойларида, стадионлар, вокзаллар, дўкон ва пиёдалар жамланадиган бошқа объектлар олдида;   

- 3.24 “Юқори тезлик чекланган”, 5.38 “Турар жой даҳаси” йўл белгилари томонидан ўрнатилган 40 км/сгача тезлик чеклови жорий қилинган йўлларнинг хавфли жойлари олдида;  

- кесиб ўтиладиган йўл бўйича яқинлашаётган, транспорт воситалар кўринувчанлиги таъминланмаган тартибга солинмаган чорраҳалар олдида, 2.5 “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” белгисидан 30 метрдан 50 метргача масофада;

- 1.21 “Болалар” белгисининг амал қилиш ҳудуди бўйлаб ҳар 50 метр масофада.

Шунингдек сунъий нотекисликлар ўрнатиш МУМКИН БЎЛМАГАН йўл ҳудудлари белгиланди. Хусусан, рўйхат қуйидагилардан иборат: халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар, йўлаклар сони 4 ва ундан ортиқ бўлган республика аҳамиятига эга бўлган йўллар (аҳоли сони 1000 кишидан ортиқ бўлган қишлоқ ва шаҳарлар бўйлаб ўтган йўллардан ташқари); жамоат транспорти тўхташ майдончалари ёки уларга қўшни ҳаракат йўлакларида; кўприклар, кўприк йўллар, осма кўприклар, тоннеллар ва кўприк ости йўлларида; шаҳарлардаги тезликда ҳаракатланиш магистрал йўлларида ва умумшаҳар аҳамиятига эга тўхтовсиз ҳаракат магистрал кўчаларида; шифохоналарга, тез тиббий ёрдам бекатларига, ёнғин хавфсизлиги бекатларига, автобус ва троллейбус хиёбонларига, гараж ва тураргоҳ майдончаларига кириш йўлларида.

ОВОЗ ЧИҚАРУВЧИ БЎЙЛАМА ЙЎЛАКЛАР

Овоз чиқарувчи йўлак – бу йўл қопламаси устидаги ва бўйлама йўлаклар кўринишидаги сунъий нотекисликлар кўринишига эга бўлган (чуқур ёки баландлик) йўл ҳаракатини ташкиллаштириш воситасидир. Ушбу восита ҳайдовчини йўлнинг хавфли қисмига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантириш учун транспорт воситаларининг илмоқ қисмларини титратиш ва ғилдираклар айланиши шовқинини ошириш хусусиятига эга.

Овоз чиқарувчи бўйлама йўлакларни ҳужжат билан белгиланган бир қатор сифатларга эга икки йўлакли йўлнинг ўқи бўйлаб ва йўлнинг чекка қисмига ўрнатиш мумкин.

Овоз чиқарувчи бўйлама йўлакларни кўприклар, кўприк йўллар ва уларга чиқарувчи йўлларда, йўллар қисқарадиган жойларда, қувиб ўтиш мумкин бўлган икки йўлакли йўллар ҳудудида, кесишма ва туташувларда, шунингдек чорраҳа чегарасидан 10 метрдан кам бўлган масофада, йўлларнинг овоз чиқариш бўйича чекловга эга бўлган ҳудудларида ўрнатиш мумкин эмас.  

Овоз чиқарувчи бўйлаба йўлаклар фрезалаш усули билан тайёрланиб, эни 0,2 дан 0,4 метргача бўлган ва узунлиги 0,1 дан 0,2 метргача бўлган алоҳида бирин-кетин элементлардан ташкил топган бўлиши керак. Элементлар чуқурлиги 1 дан 2 смгача бўлиши лозим. Қўшни элементлар ўқлари орасидаги масофа икки элемент узунлигидан кам ва 1,2 метрдан кўп бўлмаслиги керак.

Сунъий нотекисликлар ва уларни ҳужжатга мувофиқ ўрнатиш бўйича тасдиқланган давлат стандарти йўл ҳаракати хавфсизлигини кескин оширишга имкон яратади.

Мавзуга оид