ДБҚ ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган Тошкент халқаро аэропортида хизматни ўтаётган божхона хизмати ходимлари томонидан фуқаро А.Ш.га тегишли дори воситаларини гўёки ноқонуний равишда олиб қўйилганлигига доир видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолавҳадаги ҳолат ўрганилганида, жорий йилнинг 22 октябрь куни “Деҳли-Тошкент” рейси йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаро А.Ш. қисқа фурсатда божхона назоратидан ўтиш мақсадида «яшил» йўлак орқали ҳаракатланганлиги маълум бўлди”, дейилади унда.
Аммо йўловчининг қўл юклари ва йўл сумкалари назорат тартибида замонавий сканер қурилмалари ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва йўловчи томонидан тақдим қилинган шифокор рецептида кўрсатилмаган 11 турдаги дори воситалари, хусусан, 59 дона “Метоксален” дори воситаси, 39 қути “Диклофенак” дори воситаси, 44 қути “Клиндамицин фосфат” антибиотиги, 31 қути “Пигменто” мазлари, 48 та конвалюта “Height grow” дорилари, 37 қути “Энтавир” дори воситаси, 17 қути “Пигменто” таблеткалари ва турли номдаги бир нечта дорилар борлиги аниқланган.
“Ушбу дориларнинг ички бозордаги нархлари ўрганилганда уларнинг умумий ўртача нархи бир неча ўн миллион сўмни ташкил этиши маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Ш. томонидан берилган тушунтиришда мазкур дори воситаларини у “Деҳли” халқаро аэропортидаги нотаниш аёлнинг илтимосига кўра Ўзбекистонга олиб келаётганлигини маълум қилган.
Видеомурожаатда эса, фуқаро жигар циррози билан оғриганлиги сабабли ушбу дори воситаларини олиб ўтганлигини маълум қилган. Ваҳоланки, юқорида санаб ўтилган дори воситаларининг аксарияти ушбу касалликни даволашга мўлжалланмаган”, дейилади ДБҚ изоҳида.
Божхона кўригидан сўнг фуқаро А.Ш.га шифокор рецептида кўрсатилган барча дори воситалари ҳеч бир монеликсиз қайтарилган.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сонли қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этмасдан шахсий фойдаланиш учун ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган, турли номдаги 10 тагача дори воситаларини олиб киришлари мумкин.
Агарда дори воситаларини ушбу миқдордан ортиқ олиб кириш ва олиб чиқиш зарурияти туғилса, жисмоний шахслар божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжатни тақдим этадилар.
Давлат божхона қўмитаси фуқаролардан божхона қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилишларини сўраб қолади ва уларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яқиндан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.
Мавзуга оид
16:02 / 26.04.2022
Давлат божхона қўмитаси раисига янги ўринбосар тайинланди
21:04 / 10.04.2022
Тошкентда қалбаки 6900 долларни сотмоқчи бўлган гуруҳ қўлга олинди
20:37 / 18.11.2021
Акмалхўжа Мавлонов расман Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди
15:59 / 18.11.2021