Ўзбекистонда ижтимоий ходимларнинг алоҳида лавозими бўйича тариф-малака тавсифномаси тасдиқланади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Тавсифнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4185-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий иш мутахассисларининг қуйидаги лавозимларининг тариф-малака тавсифини белгилайди:

1) Ижтимоий иш мутахассиси (фаолиятнинг барча соҳалари);

2) Оила ва болалар ҳамда ёшлар билан ижтимоий иш олиб борувчи мутахассис;

3) Ижтимоий иш мутахассисининг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича ассистенти.

Ижтимоий иш мутахассиси ўз ташкилоти (корхона, муассасаси)да ташкил этилган штат бирлиги ва функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги вазифа мажбуриятларини амалга оширади:

давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам жараёнини бошқариш ҳамда вазиятлар бўйича ишларни юритиш (кейс-менежмент): турмуш шароитини мажмуавий баҳолаш, хизматлар режасини ишлаб чиқиш, кўрсатиладиган хизматларни мувофиқлаштириш, мониторингини амалга ошириш ва натижани баҳолаш;

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ёрдам беришнинг оптимал шаклларини аниқлаш ва қўллаш;

оғир турмуш шароитида бўлган фуқаролар (ногиронлик, кексалик ёки беморлик даврида ўз-ўзига хизмат қила олмаслик, ишсизлик, етимлик, ёлғизлик, қаровсизлик, кам таъминланганлик, оиладаги зиддиятли ёки шафқатсиз муносабат, ҳақ-ҳуқуқларнинг бузилиши, аниқ яшаш жойининг мавжуд эмаслиги, психофаол моддаларга қарам, руҳий, ОИТС/ОИВ ва ҳ.к. касалликлар мавжудлиги сабабли ҳаёт фаолияти бузилганлар)ни комплекс ижтимоий ҳимоя қилинишини ташкиллаштириш;

ўз иш фаолиятида аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг илмий-асосли ёндашувларини қўллаш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва гуруҳларга салбий таъсир кўрсатувчи шахсий, ижтимоий, экологик ва маънавий характерга эга бўлган қийинчиликларни англаш ҳамда уларни бартараф этишда кўмаклашиш;