«1-синф ўқувчиларининг энг ақллилари – боғчага борган болалардир» – Халқ таълими вазири ўринбосари
31 октябрь куни Тошкентда Мактабгача таълим вазирлиги ва «Россия педагоглари: таълимдаги инновациялар» форуми ташкилотчилари томонидан «Таълимдаги инновациялар: халқаро ҳамкорлик йўналиши» йиллик форумининг халқаро босқичи бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Россия Федерациясининг 20та ҳудуди ва МДҲ давлатларида ҳар йили ташкил этиладиган ушбу форум Ўзбекистонда бу йил илк маротаба ўтказилди.
«Таълимдаги инновациялар: халқаро ҳамкорлик йўналиши» форумида Мактабгача таълим вазирлигининг 250дан ортиқ мутахассислари, давлат ва нодавлат МТТлар раҳбарлари, педагоглар, дефектологлар иштирок этди.
Форум очилиш маросимида сўзга чиқққан Мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқуловнинг маълумот беришича, республика бўйича тахниман 1 миллион 163 минг нафар 3-7 ёшли бола мавжуд бўлиб, уларнинг 550 минг нафари шаҳар ҳудудида, 640 минги эса қишлоқларда яшайди. Уларга сифатли мактабгача таълим берилиши эса вазирликнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Алишер Умаровнинг сўзларига кўра эса, мактабгача таълим ёшидаги болаларга алоҳида эътибор қаратиш уларнинг мактабда ҳам яхши ўқишларига асос бўлади.
«Жаҳон банки таҳлилларига кўра, мактабгача таълим ёшидаги болага 1 доллар инвестиция киритган одам ундан 17 баравар фойда кўради.
Бугун бизга, яъни мактаб таълимини олиш учун келадиган болаларнинг энг ақллилари ҳам МТТлар орқали келади, энг билимдонлари боғча опалар қўлидан ўтиб, уларнинг тарбиясини олиб келади», – деди Алишер Умаров.
Форум раҳбари Елена Кобелева педагогларга болалар қандай инсон бўлиб улғайишини олдиндан тасаввур қилиш кераклиги ҳақида тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, болалар бахтли бўлиб ўсгандагина бошқа ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқади.
Бундан ташқари, тренерлар болаларга ҳамма нарсани образли қилиб ўргатиш лозимлигини, битта нарсанинг турлича, ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган таърифлари борлигини ўргатиш мумкинлигини тушунтиришди.
Масалан, самолёт фақат учади деб эмас, балки одамларни бир манзилдан иккинчи манзилга олиб боради, деган таъриф билан тушунтириш лозим.
Шунингдек, жараёнда қатнашчилар болаларни креатив фикрлашига ундовчи турли воситалар, болалардаги муаммоли аҳлоқни тузатиш учун мўлжалланган ABA-терапияси усуллари билан ҳам танишдилар.
Мавзуга оид
16:18 / 20.04.2021
Самарқанддаги мактабгача таълим тизимида қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди
18:34 / 12.04.2021
Мактабгача таълим соҳасида молиялаштирилмасдан қолган 241та ДХШ тўғрисидаги битимга маблағ ажратилади
22:56 / 01.04.2021
Қорақалпоғистонда боғча тарбиячилари директордан норози бўлиб автомобиль йўлини тўсиб қўйди
10:07 / 20.03.2021