Ўзбек футболидаги энг катта ютуқ сифатида қолаётган 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиблиги қўлга киритилганига 25 йил тўлди. Хиросимадаги чемпионликнинг чорак асрлик юбилейи муносабати билан Tribuna.uz сайти мухбири ўша ғолиб жамоа қаҳрамонларидан бири бўлган Илҳом Шарипов билан интервью уюштирди. Суҳбат давомида ўша терма жамоанинг етакчи яримҳимоячиси чемпионликкача бўлган воқеалар, шунингдек, ўзининг ўша турнирдан кейинги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

«1994 йил бир қатор кучли футболчилар таркибдан четда қолишганди...»

— Илҳом ака, авваламбор, Хиросима-94 турниридаги чемпионликнинг 25 йиллиги билан яна бир марта табриклаймиз. Дастлаб, фаолиятингиздаги энг ёрқин мусобақагача бўлган даврни эсласангиз...

— Болаликдан ҳар бир оддий болакай сингари тўпга ошно тутинганман. Самарқандлик кўплаб футболчиларнинг илк мураббийи саналмиш Хачатур Заргарянц қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганганман. Футболчилик фаолиятимни 18 ёшимда, 1985 йил Самарқандда «Динамо» жамоасида Масесов қўл остида бошлаганман. 1987 йилда Биродар Абдураимов собиқ иттифоқ чемпионати 2-лигасидаги ўйинларимни кўриб, «Пахтакор» жамоасига таклиф этди. Ярим мавсумдан кейин яна «Динамо»га қайтиб, 1990 йилгача Рустам Истамов, Геннадий Ичевский, Шариф Файзиев, Нестеренко ва Фарҳод Магометов каби футболчилар билан бирга тўп сурдим. Ўша йили Новиков «Пахтакор» бош мураббийи сифатида иш бошлаб, мени яна «Пахтакор»га қайтарди. 1990-95 йиллар давомида Тошкент клуби сафида чемпионлик билан бирга бир қатор совринларга эга чиқдим. 1992 йилда янги ташкил этилган Ўзбекистон миллий терма жамоасидан чақирув олдим.

— Йирик мусобақалардаги ғолиблик тасодифан бўлмайди. 1994 йилги ўша чемпион жамоанинг юзага келиши қандай содир бўлган?

— Бу терма жамоанинг асоси 1992 йилда Рустам Акрамов томонидан йиғилганди. 1994 йилги турниргача биз бир неча марта йиғилиб, 2 йил давомида пухта тайёргарлик кўргандик. Хусусан, ўшанда илк марта қўшниларимиздан иборат 5та давлат иштирокида Марказий Осиё Кубоги ташкил этилиб, турнирда муваффақиятли қатнашгандик. Ўша дастлабки терма жамоамиздаги ўйинларимиз, қолаверса, 1992 йилда старт олган Олий Лига ўйинларидаги иштирок эвазига бошқалар қатори мен ҳам илк марта миллий терма жамоадан ўрин олгандим.

— Ҳозиргача аксарият мутахассислар ўша терма жамоанинг якуний таркибини баҳсли саволларга сабаб бўлган, деб ҳисоблашади. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?