20:14 / 30.11.2019
16821
Реклама

Андижонда 97та мулк ўз эгасини кутмоқда: Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоятда пресс-тур ташкил қилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги - иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш орқали, объектларни хусусий секторга сотиш, Е-аукционда онлайн савдоларни ташкил этиш, корпоратив бошқарув орқали давлат улуши бор корхоналарни самарали бошқариш, инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиш, банкротлик, баҳолаш, ижара каби масалаларда ягона давлат сиёсатини юритади.

Агентлик Республикамиздаги оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилояти бўйлаб пресс-тур ташкил қилди

ОАВ ходимлари тадбир давомида вилоятдаги ҳудудий бошқарма томонидан давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятларидаги давлат активларини реализация қилиш, яъни хусусийлаштириш, давлат мулкларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган жараёнлар билан танишдилар.

Ҳудудий бошқарма томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида Давлат активларини бошқариш, хусусий мулкка бериш, инвестиция мажбуриятларини бажариш мониторинги, корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик масалалари бўйича муайян ишлар қилинган.

2019 йил октябр ҳолатига вилоятда давлат иштирокидаги ташкилотлар сони 2072тани ташкил этади. Агентлик иштирокидаги ташкилотлар сони 18та, шундан 4 таси АЖ, 12таси МЧЖ ва 2 таси Давлат корхоналаридир. Ҳудудда ўтказилган хатловлар натижасида 319та бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари аниқланиб, шундан 215таси рўйҳатдан чиқарилган.

Пресс-тур қатнашчилари Хўжаобод туманидаги ““Zumradxon shifo”” жамиятига 12 ой муддатда 1 млрд. 600 млн. сўм инвестиция киритиб, 15 нафар ишчи ўрин яратиш таклифи билан тўғридан-тўғри берилган шифохона билан танишишди. Шу йил февраль ойида берилган мулкдан самарали фойдаланилаётганига гувоҳ бўлдилар.

Тадбир давомида қатнашчилар ҳудудий бошқарма иштирокидаги Хўжаобод туманидаги “Oliy standart tex”, Асака шаҳридаги “Аsakа yog”, Андижон шаҳридаги “Аndijon biokimyo zavodi” жамиятларига ташриф буюришди.

Пресс-тур давомида муаммолар ҳам аниқланди

Пресс-тур Хўжаобод туманидаги инвестиция шартномаси асосида фаолият юритаётган “Oliy standart tex” МЧЖга ташриф буюрди.

1987 йил қуриб фойдаланишга топширилган Хўжаобод туман Қишлоқ хўжалик касб-хунар коллежига тегишли бўлган 1080 кв.метрдаги “Машина ва трактор гаражи” биноси 2019 йил 7 июл куни “Олий стандарт тех” МЧЖга ижара шартномаси асосида берилган. Тадбиркор объектда қурилиш таъмирлаш ишларини амалга ошириб, янги замонавий дастгоҳлар олиб келган, бунинг натижасида 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилган. Натижада объектда замонавий трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилиб, 200 нафар ишчилар иш билан таъминланган.

Тадбиркор томонидан фаолиятини кенгайтириш мақсадида Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 1300 кв.метрдаги ўқув биноси 2019 йил 28 август кунги ижара шартномасига асосан мазкур корхонага уч томонлама ижара шартномаси асосида берилган. Ушбу объектда тадбиркор ярим тайёр маҳсулотларга гул босиш фаолиятини йўлга қўйиш учун дастгоҳлар олиб келган. Лекин пресс-тур давомида маълум бўлишича, давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмай турган биноларидан ташқари бошқа ижтимоий объектларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан хўжалик фаолиятига жалб қилиш тартиби эълон қилинган. Муаммоли вазият шуки, тадбиркорнинг қўшимча фаолияти учун ижарага олган ҳудуди коллежнинг эски биносидир.

Пресс-тур иштирокчилари шундан сўнг, Асака туманидаги “Аsakа yog” АЖга ҳам ташриф буюришди.

Мазкур объектнинг 51 фоиз давлат улуши сотувга қўйилган. Иштирокчилар бунинг сабабларини ўрганишди. Бу ерда ички ва ташқи бозор учун ўсимлик ёғи, хўжалик совуни, пахта шроти, пахта чигити шелухаси ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда жамиятда 650 нафар ишчи ходимлар ишлаб келмоқда. Корхонанинг устав капитали 2 747 463 810 сўмни ташкил этиб, акциялар сони 4 313 130 дона, бир дона акциянинг баҳоси эса 637 сўмни ташкил этади. Корхонада корпоратив бошқарув усуллари жорий этилган бўлиб, даромад миқдори ўртача 10-15 %га ошиб бормоқда. 2018 йилда олинган соф фойда 2 млрд 191 млн.сўмни ташкил этади. Лекин, бу кўрсаткич бугунги кун талабларига мос келмайди. Жамиятга инвестор жалб қилиш ва замонавий технологик линиялар, ускуналар келтириш орқали яна кўплаб янги иш ўринлари яратиш лозим. Шу боис, корхонанинг давлат улуши сотувга қўйилган.

Муаммо шундаки, корхона хом-ашёни Республика орқали олади. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш учун корхона чигитни тўғридан-тўғри Андижон вилоятидаги маҳаллий пахта етиштирувчилардан олиши лозим.

97та объект ўз эгасини кутмоқда

Бугунги кунда агентлик бошқармаси томонидан хўжалик субъектлари билан тузилган умумий қиймати 240 миллиард 947 миллион сўм ва 15 миллион 700 минг доллар миқдоридаги инвестиция киритилиши мажбурияти белгиланган ва 170 та шартнома назоратга олинган. Айни дамда эса, 221 миллиард 838 миллион сўм ва 16 миллион 195 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилиб, режа-графикка асосан белгиланган ишлар ортиғи билан бажарилмоқда. 2019 йил якуни бўйича 79 та объектда ишлар якунланиб, 66 миллиард 647 миллион сўм ва 15 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши ҳамда яна 2 минг 645 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Агентлик ходимлари томонидан берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Андижон вилоятида жами 97 та объект бўш турибди. Уларнинг 15 таси онлайн савдоларга қўйилган. Қолганларида хатлов ва баҳолаш ишлари олиб бориляпти. 

Элмурод Эрматов, Андижон

Реклама ҳуқуқи асосида

Top