Марказий Осиёдаги кўплаб турар-жойлар энергияни тежаш соҳасидаги модернизацияга муҳтож. Ана шу соҳада хизмат кўрсатувчи кичик ва ўрта корхоналар бозорининг ривожланиши ва уй-жой фондларини бошқаришнинг профессионаллашуви модернизация суръати ва стандартларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

3 декабрь Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Уй-жойларни профессионал бошқаришга ўтиш – кўп квартирали турар-жой жамғармасини модернизация қилишга тайёрлаш” номли халқаро конференцияда Ўзбекистонда ана шу йўналишда олиб борилган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилишича, соҳани бошқариш, мувофиқлаштириш Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига берилган, кўп квартирали уйларни бошқариш масалаларини мувофиқлаштириш ишлари вазирлик ва вазирлик тизимидаги ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларга юклатилди, кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатадиган ширкатларга шароит яратиш мақсадида республиканинг барча вилоятларида ягона ҳисоб-китоб марказлари ташкил этилди.

Тадбирда 2017-2019 йилда Европа Иттифоқининг Central Asia Invest IV - кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини кучайтириш дастури доирасидаги Pro House - Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жойларни профессионал бошқариш лойиҳаси натижаларига тўхталиб ўтилди.

Конференцияни очиб берган Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуард Стипрайс қуйидаги маълумотларни келтириб ўтди:

“Яшаш жойи – инсоннинг асосий эҳтиёжларидан бири. Муаммо нимада? Муаммо шундаки, кўп квартирали уйлар – мажмуавий техник тизим. Уй хўжалигини бошқариш учун профессионал кўникмалар зарур. Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги уй-жой фондининг 75-80 фоизи 1960-йиллардан 1990-йилларнинг бошигача қурилган бинолардир. Ана шу биноларнинг кўпчилиги модернизация қилинмаган ва энергияни тежаш санациясига муҳтож. Марказий Осиё мамлакатлари учун аҳамиятсиз бўлмаган яна бир нарса бу – сув билан таъминлаш масалалари.

Истаймизми, йўқми, келаётган 10 йилликда сув, тоза ичимлик суви бу ерда тобора камайиб боради. Асосий истеъмолчи – қишлоқ хўжалиги, ундан кейин саноат, уй хўжалиги учинчи ўринда. Бироқ аҳоли сонининг ортиши билан коммунал, яшаш эҳтиёжлари учун сув истеъмоли фақат ортиб боради, деб ўйлайман.

Иссиқлик энергияси масаласига қайтадиган бўлсак, уйларда иссиқлик энергиясининг ўртача истеъмоли Европа иттифоқи мамлакатларидаги уйлар билан таққослаганда 2-3 марта кўпроқ. Шунинг учун биноларнинг энергетик модернизацияси бу – катта даъват ва улкан имконият”, деди Эдуард Стипрайс.