Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида навбатдаги можаро: тўғридан-тўғри туман ҳокимлиги вакилларининг ноқонуний аралашуви туманда чиндан ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган қонун-қоидалар амал қилмаслигига яна бир бор яққол мисол бўла олади.
Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳрида МИБ ходимлари ва давлат корхонаси ўртасида содир бўлган ушбу можарони бориб ўргандик.
Маълум бўлишича, Жума шаҳридаги «Қатортерак» маҳалласига ёндош ҳудудлардан бирида 2 гектардан ортиқ ерда жойлашган 64 йиллик тутзор шу йилнинг август ойида кесилиб, ободонлаштириш бошқармасига қарашли бетон тайёрлаш корхонасига берилган.


Бу ерда тайёрланаётган бетон маҳсулотлари Жума шаҳридаги ободонлаштириш ишларига ишлатилмоқда. Бу қайсидир маънода яхшидир, албатта.
Лекин икки ойча аввал ўз фаолиятини бошлаган бетон тайёрлаш корхонаси ўзбошимчалик билан тармоққа уланган, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ва энергия сотиш корхоналарига бир тийин тўламасдан келган.

Қишки вақтда аҳоли электр энергияси етишмовчилигидан қийналмоқда. Энергия сотиш корхоналари хўжасизликка йўл қўймаслик, электр энергиясидан самарали фойдаланиш кераклигини бот-бот такрорламоқда. Жойларда электр энергияси талон-торож бўлишига туман ҳокимлигининг ўзи бош-қош бўлаётгани қайси қолипга сиғади?!
4 декабрь куни МИБ ходимлари воқеа жойини ўрганиб, электр ҳисоблагичсиз ишлаётган трансформаторни муҳрлашганда ва тегишли тартибда далолатнома имзолашганда уларга корхона ходимлари томонидан кескин қаршилик кўрсатилган. Бунисига нима дейсиз?

МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғи ўринбосари Суҳроб Жалиловнинг сўзларига кўра, бетон тайёрлаш корхонаси иш юритувчиси Рамиз Аннабозоров намойишкорона тарзда пломба ва муҳрларни юлиб ташлаб, автоматни ёқиб, корхонани яна ишга тушириб, МИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.
























