Шу йилнинг 13 декабрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Миссиясининг жорий йил 25 ноябрдан 10 декабргача бўлган даврни қамраб олган, парламент сайловларини кузатиш бўйича оралиқ ҳисоботи эълон қилинди.
Миссиянинг оралиқ ҳисоботи Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича барча аввалги ҳисоботлардан сезиларли даражада фарқ қилади. Хусусан, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштиришдаги сезиларли ютуқлар эътироф этилган, ҳукуматнинг давлат ва жамият бошқарув тизимини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари таъкидланган.
Оралиқ ҳисоботда бўлажак сайловлар Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда мамлакат президенти этиб сайланганидан бери биринчи маротаба ўтказилаётгани ва улар «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» шиори остида ташкиллаштирилаётгани, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда муҳим босқич экани қайд этилган.
Демократик ўзгаришларда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, судларнинг мустақиллиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш сингари муҳим йўналишлар келтирилган.
ЕХҲТ Миссияси ўз ҳисоботида бўлажак сайловлар янгиланган ҳуқуқий тизим доирасида ўтказилишини таъкидлайди. Олдиндан тақдим этилган ЕХҲТ ДИИҲБ тавсияларига мос келадиган сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ижобий қайд этилган, хусусан:
- бир неча маротаба овоз беришни истисно этувчи сайловчилар ягона электрон рўйхати татбиқ этилиши;
- Экологик ҳаракат учун Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари учун квоталар бекор қилиниши;
- сайловчиларга биттадан ортиқ сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишини қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш ҳуқуқининг берилиши;
- сайлов округларидаги сайловчилар сонининг максимал фарқи 10 фоиз даражасида белгиланиши;
- ижтимоий хавф туғдирмайдиган, унча оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаётган шахсларга сайловда овоз бериш ҳуқуқининг берилиши.
Марказий сайлов комиссиясининг иши ижобий кўринишда тақдим этилган. Таъкидланишича, МСК аъзоларининг сони 16 нафардан 21 нафаргача, аёллар сони 3 нафардан 7 нафаргача кўпайди. ЕХҲТ ДИИҲБ Миссияси МСК сайловларни ўтказиш тартиби ва муддатларига риоя қилаётганини билдирган. МСК сайтида доимий равишда янгиланиб турадиган маълумотларнинг кўплиги эътиборга олинган.

















