Европа миллий чемпионатларининг навбатдаги турлари ҳам табиийки, қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Англияда чемпион масаласи деярли ҳал бўлган бўлса, Италия ва Германияда муросасиз кураш давом этмоқда. Испанияда эса класико арафасидаги турда «Барселона» ҳам, «Реал» ҳам очко йўқотди.

АКАДЕМИЯ ВА 4000 ЎЙИН

1937 йилдан бери «Манчестер Юнайтед» ўйинлар учун берадиган заявкасида камида бир нафар клуб академияси тарбияланувчисига ўрин ажратмоқда. «Эвертон»га қарши ўйин мана шу серияда 4000-учрашув сифатида қайд этилди.

Бу кўрсаткич айниқса, клуб тарбияланувчиларига алоҳида эътибор берилаётган ушбу мавсумда, яна захирадан майдонга чиққан Мейсон Гринвуднинг голи билан нишонлангани ҳам ўзгача ижобий чизги беради. Ушбу ўйинда Гринвуддан ташқари, Жесси Лингард, Скот Мактомини, Маркус Рэшфорд каби тарбияланувчилар асосий таркибда, Перейра ва Туанзебе захирадан жой олишди.

Умуман, ушбу мавсумнинг ўзида академиянинг 10 нафар вакили асосий таркибда дебют қилиб улгуришди. Майдондаги вақтнинг қарийб учдан бири академия аъзоларига ёзилди, 17 гол муаллифи ҳам айнан тарбияланувчилар. Бу борада «МЮ» «Челси» билан бирга АПЛда пешқадам бўлиб турибди. 

ИТАЛИЯДА ПЕШҚАДАМ ЎЗГАРДИ

«Интер»нинг Флоренциядаги дуранги «Ювентус»нинг яна турнир жадвали бошига чиқиб олишига имкон яратди. Бу энди А Серияда оддий ҳолга айланди ва бизнингча, мавсум охиригача бу икки жамоа қувлашмачоқ ўйнашда давом этишади. Шу ўринда, «Удинезе»га қарши Сарри ниҳоят Дибала-Роналду-Игуаин учлигига асосий таркибдан жой топиб бера олганини таъкидлаш керак. Бернардески бу сафар захирада қолди ва Дибала илк дақиқалардан икки ҳужумчи ортида ҳаракат қилди. Натижа ёмон эмас – Криштиану Роналдудан дубл, Игуаинда голли пас, Дибала эса майдонда ҳаракат қилганлар ичида энг яхши баҳо олганлардан бири бўлди.

БУНДЕСЛИГАДА ҲАМ...

Италиядаги ҳолат юқорида айтилганидек, одатий ҳолга айланиб улгурган бўлса, «Лейпциг»нинг пешқадамлиги қачондир рўй бериши аниқ бўлган ҳодиса эди. Шу пайтгача жамоа сояда қолиб келган бўлса-да, аслида кўрсаткичлар бўйича Нагельсманн жамоаси Германияда етакчи эди. Чемпионатда энг кам мағлубиятга (Дортмунд билан бирга) учраган ҳам, энг кўп ғалаба қозонган (Менхенгладбах билан бирга) ҳам, энг кўп гол уриб, энг кам ўтказиб юборган ҳам – «Лейпциг». Жамоа қаторасига олтинчи ғалабасига эришди ва «Боруссия» М мағлубиятидан фойдаланиб, якка пешқадамга айланди.