Ўзбекистон | 23:41 / 19.12.2019
53112
2 дақиқада ўқилади

ХПК модератори 16 февраль ва Андижон воқеалари пайтидаги цензура ҳақида гапирди

Ғулом Самадов / Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро пресс-клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов 19 декабрь куни сайловларни ёритиш бўйича Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда 1999 йилнинг 16 феврали, 2004 йили Чорсу бозорида рўй берган ҳодисалар, 2005 йилги Андижон воқеаларини ёдга олди ва ўша пайтдаги вазиятни бугунги кун билан солиштирди.

«Журналист сифатида биз 1999 йил [16 февраль] воқеалари, 2004 йилдаги воқеалар, 2005 йилги Андижон воқеаларини ёритганмиз. Баъзида жим ёритганмиз, баъзида елка қисиб қўйганмиз холос. Чунки Ўзбекистонда бўлаётган воқеа токи биринчи раҳбарнинг фикри, кайфиятига ва айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хулосасига қарамасдан туриб оммавий ахборот воситаларида берилмасди. Берилсаям бир сатр, бир жумла бериларди.

Кимнинг эсида бор, 2000-йилларнинг ўрталарида Термиз – Тошкент йўналишидаги самолёт ҳалокатга учраган, шу ҳақдаям бир суткадан кейин қисқагина маълумот берилган», деган Ғулом Самадовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Халқаро пресс-клуб бош продюсерининг таъкидлашича, журналистларнинг жамиятга қанчалик кераклиги Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган фожиадан сўнг ҳам билинган. Унинг айтишича, ҳодиса ОАВ томонидан жуда фаол ёритилган. 

«Ўша сониянинг ўзида сайтларда, ижтимоий тармоқларда воқеанинг тафсилотлари тарқалди. «UzReport» телеканали воқеа жойидан туриб биринчи марта репортаж қилди. Журналистларнинг у ҳудудга киритилиш-киритилмаслигини бошқа масала. Бунинг ўзининг объектив-субъектив сабаблари бор. Бутун дунёда шундай, фожиа жойига журналистлар суткалаб киритилмайди. Лекин ҳукумат комиссияси тезкорлик билан тузилди, ОАВда ҳар соатда бўлаётган ишлар ҳақида хабардор қилиб борилди. Буям жуда катта ютуқ», деб айтган Ғулом Самадов.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирда ЎзЛиДеП вакили Нуриддин Муродов Юнусободда содир бўлган ҳодисани ўрганиш учун тузилган комиссия таркибида депутатлар ҳам бўлиши, фожиа юзасидан мутасаддилар халқдан узр сўраши кераклигини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид