Ўзбекистон | 23:47 / 23.12.2019
22291
7 дақиқада ўқилади

Сайловдан сўнг: халқаро кузатувчилар сайлов жараёнидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида

Ўзбекистонда 22 декабрь куни вакиллик органларига бўлиб ўтган сайлов жараёнлари хусусида халқаро кузатувчилар ўз хулосаларини баён этмоқда.

23 декабрь куни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш учун келган миссияси аъзолари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда миссия аъзолари бевосита сайлов ва сайловдан кейинги овоз ҳисоблаш жараёнлари бўйича ўзларининг дастлабки хулосаларини баён этишди.

“Қонунчилик базаси яхшиланган, лекин бу амалда ҳаммаси ижобийлашди дегани эмас”

ЕХҲТ махсус координатори Георгий Церетели сайлов қонунчилигининг яхшилангани, лекин бу амалда ҳали тўла намоён бўлмаётганини қайд этди.

“Сайлов янгиланган қонунчилик асосида ўтказилди. Сайловчиларнинг ягона реестри шакллантирилгани ва ногиронларнинг овоз бериши учун шароит яратилганини алоҳида қайд этиш лозим. Сайлов участкаларидаги ходимлар ўқитилган. Лекин малака етарли даражада эмас.

Сайлов кодексини тузишда ЕХҲТ томонидан берилган тавсиялар ҳам инобатга олинган. Қонунчилик базаси яхшиланганини эътироф этамиз, лекин бу амалдаги жараёнларнинг ҳам тўла ижобийлашганини англатмайди. Ҳукумат шаффофликка интилаётган бўлса ҳам, чекловлар ҳалигача мавжуд”, ─ деб таъкидлади у.

Георгий Церетели

ЕХҲТ вакили сайлов жараёнида ва ундан кейинги овоз санаш давомида кузатилган камчиликларни санаб ўтди ҳамда ушбу жараён ноқонунийликлардан холи бўлмаганини қайд этди.

“Бевосита жараёнда бир қатор камчиликларни кузатдик. Бир нафар фуқаро келиб, барча оила аъзоларининг номидан овоз бериб кетиши ҳолатлари бор. Бу эскидан қолган одат.

Ҳисоб-китоб жараёнининг ўз қоидалари мавжуд. Аммо бу қоидаларга ҳурмат билан муносабатда бўлинмади. Камчиликлар ҳақида кузатувчиларимиз керакли кўрсатмаларни беришган. Лекин салбий хулоса ўз ўрнида қолмоқда. Мен ўзим ўнта участкада бўлиб кузатдим. Шунинг ўзи ҳам умумий манзара ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун етарли бўлди. Бир-иккита жойда бўлган хатолар бошқа участкаларда ҳам такрорлангани табиий”, ─ дея ўз хулосаларини билдирди у.

Церетели фуқаролар сайловларга бефарқ бўлмаганини эътироф этди.

“Фуқаролар сайлов жараёнига қизиқиш билдиргани сезилди. Ҳар бир номзоднинг постерини ярим соатлаб ўқиган сайловчиларни ҳам кузатдим. Улар ўз манфаати учун бефарқ бўлмаяпти. Янги депутатлар ўзлари берган ваъдаларнинг устидан чиқишади, деган умиддаман”, ─ дея фикрини якунлади у.

“Партия вакиллари сайлов натижаси қандай бўлишига қизиқиш билдирмади”

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета сайловда ўзи кузатган уч муҳим жиҳатни санади.

“Биринчидан, юқори даражадаги ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур сайловлар учун ҳамкорлик бир йилдан бери давом этмоқда. Халқаро кузатувчилар учун жараёнлар очиқ бўлди. Иккинчидан, сайлов жараёнида сайловчиларнинг ягона электрон реестри ишга туширилди. Учинчидан, сўз эркинлигидаги ўзгаришларни чин маънода ҳис қилдик. Атмосфера бошқача. Сўз эркинлиги ҳисси бор, блогерларнинг роли ҳам кўриняпти”, ─ деди у.

Тана де Зулуета

Зулуета хоним сайловнинг ўтиши ва овоз ҳисоблаш жараёнидаги кузатувларга асосан, хулосаларнинг 42 фоизи салбий характерга эга эканлигини маълум қилди.

“Сайлов участкасига паспортсиз келган одамларга ҳам овоз бериш учун имконият берилиши, битта одам барча оила аъзолари учун овоз бериши ҳоллари ҳам бўлди. Тўғри, ҳаммасини бир мартада ижобий ҳал қилиб бўлмайди. Аммо партия вакиллари сайлов натижалари қандай бўлишига иштиёқ, қизиқиш билдирмагани сезилди”, ─ дея таъкидлади вакил.

Миссия раҳбари овозларни ҳисоблаш жараёнида кузатилган камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

“Овозларни ҳисоблаш жараёнларида иштирок этдик. 130та участкада овоз ҳисоблаш жараёни миссиямиз аъзолари томонидан кузатилди. Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди.

Бирламчи ҳисоб-китоблар амалга оширилиши керак эди. Лекин бу иш қилингани йўқ. Масалан, ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади. Хавфсизлик таъминланмаган каналлар орқали маълумотлар алмашинуви амалга оширилган ҳоллар ҳам кузатилган”, ─ деди Зулуета хоним. 

“Томонлар бир-биридан фарқланишга интилди, лекин улар барибир президент сиёсатини қувватлайди”

ЕХҲТ Парламент ассамблеяси миссияси раҳбари Кари Хенриксен сайлов жараёнлари билан боғлиқ ўз фикрларини билдирди.

“Сайловлар жараёнида ҳамкорлик ҳақиқатан ҳам юқори даражада амалга оширилди. Ўйлайманки, мамлакат ўзгараётгани кундек равшан. Табиийки, ўзгаришлар бир кечада содир бўлмайди. Тарихдан маълумки, демократлаштириш вақт ўтиши билан юз беради. Бу жуда мураккаб вазифа ва мазкур жараён ҳеч қачон тугамайди. Сиёсий ирода ўзгаришларга энг кўп таъсир кўрсатадиган нарса. Барчаси амалга ошиши ва юз бериши учун ҳақиқатан ҳам аниқ чоралар зарур. Бироқ бу ана шунга арзийдиган нарса”, ─ деди у.

Кари Хенриксен

Шунингдек, Хенриксен сайлов жараёнлари камчиликлардан холи бўлмаганини эътироф этди.

“Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар бўлиб ўтгани, улар керакли йўналишда олиб борилаётгани қайд этилганига қарамай, сиёсий вариантлар диапазони жуда чекланганлигича қолмоқда. Томонлар бир-биридан фарқ қилиш учун жуда жиддий иш олиб боришганини тан оламиз. Шунга қарамай, улар ҳар қандай ҳолатда ҳам президент сиёсатини қўллаб-қувватлашади. Ҳақиқий рақобат ҳали етарли эмас, биз буни ҳис қилмадик. Шунинг учун ҳам сайловчилар ҳақиқий муқобил вариантларга эга эмасдилар.

Шунга қарамай, номзодлар ўртасида дебатлар бўлиб ўтди демоқчиман. Бу жуда муҳим эди, чунки бу батамом янгича руҳ. У бағрикенгликни намойиш этади ҳамда сўз эркинлиги учун имконият беради”, ─ дея таъкидлади ЕХҲТ вакили.

“Ҳали натижаларни кўрганим йўқ. Қанча аёл киши сайланганини билмайман. Бироқ номзодларнинг 41 фоизи аёллар бўлгани жуда муҳим. Номзодини кўрсатган аёллар сони ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар белгиси. Жорий сайловлар ҳақиқатан ҳам очиқ бўлди. Шунга қарамай, сайловчилар орасида танлов нуқтаи назаридан муқобил вариант учун чекланган диапазон сақланиб қоляпти”, ─ дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид