Туркия Қошиқчи иши бўйича айбланувчиларга чиқарилган ҳукмдан қаноатланмаганини билдирди
Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг иши бўйича айбланувчиларга чиқарилган ҳукм Туркия кутганидек бўлмади, кўплаб саволлар очиқ қолди, дейилади Туркия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хами Оқсўйнинг баёнотида.
Аввалроқ Саудия Арабистони бош прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда айбланган беш киши ўлим жазосига, яна уч киши 24 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганини маълум қилганди.
"Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг иши бўйича айбланувчиларга чиқарилган ҳукм ҳар томонлама тергов ва адолатли қарор чиқарилишини кутаётган мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг кутганларига мутлақо мос эмас. Қурбоннинг жасади қаердалиги, қотиллик буюртмачилари ва маҳаллий ёрдамчилар каби муҳим саволлар четда қолиб кетди. Биз бу қотилликни тергов қилиш доирасида Саудия Арабистони ҳукумати билан ҳуқуқий ҳамкорликни кутамиз", - дейилади унда.
Саудия Арабистони бош прокуратураси Саудия ҳукумати ушбу қотиллик аввалдан режалаштирилмаган ҳолда содир этилганини маълум қилган. Бу эса ҳукуматнинг аввалги баёнотларига мос келмайди.
Қиролликнинг Истанбулдаги бош консулхонаси консули жиноят содир этилган вақтда бошқа жойда бўлганини исботловчи далилларни тақдим этгани боис айбсиз деб топилди.
Судланганлар орасида Саудия тахти валиаҳди Муҳаммад ибн Салмоннинг маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний йўқ. Ҳолбуки айнан у ОАВ томонидан қотиллик ташкилотчиси сифатида кўрсатилганди.
Қотилликка алоқадорлардан бири сифатида кўрилган мамлакат разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмад ал-Асирий эса ўтган йили истеъфога чиқарилиб, ҳибсга олинганди, аммо у далиллар етарли бўлмагани сабабли қўйиб юборилган.
Саудия Арабистони ҳукумати танқидчиси бўлган Жамол Қошиқчи АҚШнинг Washington Post нашрида шарҳловчи сифатида ишлаган ва 2017 йилдан АҚШда яшаган. 2018 йил 2 октябрь куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштиргани киргач бедарак йўқолган.
Аввалига Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлими ҳақидаги хабарларни рад этган ва у элчихонани соғ ҳолда тарк этганини билдирганди. Кейинроқ Саудиядаги нашрлар Қошиқчи элчихона ҳудудида ҳалок бўлганини тасдиқловчи хабарларни тарқатди, аммо бу хабарларда Қошиқчининг ўлимига консуллик ходимлари билан жанжаллашиб қолгани олиб келгани айтилди.
Кейинроқ расмий Ар-Риёд журналистнинг ўлими қасддан содир этилганини тан олишга мажбур бўлганди.
Истанбул прокуратураси маълумотига кўра, Қошиқчи консулликда бўғиб ўлдирилган ва унинг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик ҳудудидан олиб кетилган. Шу вақтга қадар унинг жасади қолдиқлари топилмаган.
Мавзуга оид
00:32 / 04.12.2022
Туркиянинг биринчи учувчисиз қирувчи самолёти синов парвозини муваффақиятли амалга оширди
00:54 / 03.12.2022
Туркиялик шарҳловчи ЖЧ-2022 ўйини танаффусида эфирдан четлатилди
11:10 / 28.11.2022
Ўзбекистон ва Туркия йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширмоқчи
17:10 / 25.11.2022