Ўзбекистон | 08:41 / 30.12.2019
7444
12 дақиқада ўқилади

Темир йўл транспорти йўловчиларининг юки ва валютасини божхона назоратидан ўтказиш тартиби маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, темир йўл вокзаллари ва станцияларида божхона назорати зоналари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва белгиланади.

Божхона назорати зонасига йўловчиларни киритиш (божхона назорати зонасидан йўловчиларни чиқариш) уларда белгиланган шаклда тўлдирилган (расмийлаштирилган) йўловчи божхона декларацияси, шахсни тасдиқловчи паспорт ва йўловчининг чипта ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда қатъий равишда божхона расмийлаштирувининг белгиланган жойларида амалга оширилади.

Божхона назорати зонасида поездларни қабул қилиб олиш, жўнатиш ва уларни техник тайёргарликдан ўтказиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган чегара олди станциялари ходимларининг бўлиб туриши ва ўз функционал мажбуриятларини бажариши божхона органига тақдим этилган рўйхатлар асосида амалга оширилади. Темир йўлда хизмат кўрсатувчи ходимлар божхона назорати зонасига кириши тегишли гувоҳномалар ва кўкрак белгилари бўйича хизмат йўли орқали келишилган ҳолда амалга оширилади.

Йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этишни ва йўловчиларга хизмат кўрсатишни таъминлайдиган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари божхона назорати зонасига хизмат йўли орқали тегишли гувоҳномалари мавжуд бўлганда киришлари мумкин.

Жўнаб кетаётган ва кириб келаётган йўловчилар, уларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш, мазкур қоидага кўра, ўрнатилган тартибда божхона назоратдан ўтиш жойларидаги махсус хоналарда (кўрикдан ўтказиш жойлари), шунингдек, алоҳида ҳолларда йўловчи поездларнинг тўхтаб туриш жойларида амалга оширилади.

Алоҳида ҳолларда божхона чегараси орқали йўловчи вагонларида ҳаракатланаётган фуқаролар ва уларнинг қўл юки, багажи (кузатиб бориладиган), валюта ва валюта бойликларини божхона назорати темир йўл раҳбарияти билан келишилган ҳолда чегара олди темир йўл станция (вокзал)ларида амалга оширилиши мумкин.

Йўловчиларга тегишли багажнинг божхона расмийлаштируви темир йўл вокзаллари, станцияларнинг махсус ажратилган жойларида ёки божхона органи томонидан белгиланадиган бошқа жойларда қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Йўловчиларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта бойликларини божхона кўздан кечируви ва божхона кўригининг барча турлари учун вақт меъёрларидан келиб чиққан ҳолда, божхона назорати ва расмийлаштирувидан сифатли ва ўз вақтида ўтказиш мақсадида божхона органлари темир йўлнинг жойлардаги таркибий тузилмалари билан биргаликда ўзаро ҳаракат тартибини белгилайдилар ва бу қоидалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) темир йўл чегара олди станцияларида туриш давомийлиги божхона органлари билан келишилган ҳолда тўлиқ ҳажмда божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш учун етарлилик тамойилига кўра, хавфсиз йўлларда темир йўл томонидан белгиланади ва бунинг учун жўнаш пунктларида йўловчиларни божхона расмийлаштируви поезднинг чегара олди станциясига кириб келиши вақтида бошланиши ва поездларнинг ҳаракатланиш графигига кўра жўнаб кетишга 5 дақиқа қолганида тугаши лозим ва бу тўғрисида поезд бригадири ёки темир йўл вокзалларида, станцияларда ва темир йўл чипталарини сотиш вақтида темир йўл йўловчиларни огоҳлантиради;

б) божхона органлари томонидан тақдим қилинган маълумот асосида вокзал ва ҳаракатланувчи составдаги йўловчиларга келгусидаги божхона назорати (вақти ва бошланиши) ва божхона қоидаларининг асосий тартиблари тўғрисида маълум қилиш;

в) божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун белгиланган вақт меъёрлари:

битта йўловчининг қўл юки, багажи, валюта ва валюта бойликларининг божхона кўриги, божхона кўздан кечируви ҳамда йўловчи божхона декларациясини расмийлаштириш вақти 1,5 дақиқа давомида амалга оширилади, бошқа асосли ҳолларда мазкур муддат божхона органи томонидан узайтирилиши мумкин;

йўловчиларнинг шахсий кўрикдан ўтказиш вақти 30 дақиқа давомида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади;

битта багажнинг божхона кўриги ва/ёки божхона кўздан кечируви 10 дақиқа ва алоҳида кузатиб бориладиган багаж эса 20-30 дақиқа давомида амалга оширилади.

Бошқа асосли ҳолларда, божхона кўриги ва/ёки божхона кўздан кечирувининг амалга ошириш давомийлиги мутасадди идора вакиллари билан келишилган ҳолда узайтирилиши мумкин.

Йўловчилар, бригада аъзолари, уларнинг қўл юки, багажи, валютаси ва валюта бойликларининг божхона расмийлаштируви божхона назорати зонасида белгиланган тартибларга асосан амалга оширилади. Божхона расмийлаштируви жойларида йўловчилар ва поезд бригадаси аъзоларининг қўл юки назоратнинг техник воситалари ёрдамида текширувдан ўтказилади. Божхона органлари томонидан божхона қонунчилигига мувофиқ божхона назоратининг соддалаштирилган шакллари қўлланилиши мумкин.

Йўловчилар, шунингдек поезд бригадаси аъзоларининг багажи, қўл юки ва бошқа бойликларини божхона расмийлаштируви божхона органи томонидан белгиланган шаклда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясининг электрон шаклдан чоп этилган ёки қоғоз шаклидаги 2та нусхасини расмийлаштирган ҳолда божхона расмийлаштируви жойларида амалга оширилади. Йўловчи божхона декларациянинг битта нусхаси йўловчи ёки поезд бригадасида қолади, бошқа нусхаси эса - расмийлаштирув жойининг божхона органида сақланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келиб тушган йўловчилар ва поезд бригадаси аъзолари белгиланган шаклдаги йўловчи божхона декларациясининг 2 та нусхасини тегишли бандларини тўлдирган ҳолда божхона органига тақдим этиш йўли билан божхона расмийлаштирувидан ўтадилар, бунда биринчи нусха расмийлаштирувдан кейин божхона органида қолади, иккинчиси эса тўлдирган шахсда қолади.

Агар божхона чегарасини кесиб ўтаётган ёки божхона назорати зонасида бўлиб турган бирор шахс (йўловчи, хизмат кўрсатувчи персонал ёки сменали ташкилот ходими) ўзида божхона қонунчилигининг бузилишига сабаб бўладиган товарларни ёки бошқа предметларни сақлаган ҳолда уларни божхона органларига тақдим этмаётганлиги борасида шубҳа туғилса, амалдаги қонун-ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу шахс шахсий кўрикдан ўтказилади.

Божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтган йўловчилар ўтиб кетаётган поезд станцияга келгунига қадар божхона назорати зонасида бўладилар ва божхона назорати зонасини асоссиз тарк этишларига йўл қўйилмайди.

Қўл юкини йўловчилар учун мўлжалланган жойларга, шунингдек ўриндиқлар орасидаги ўтиш жойларида, тамбурлар, ҳожатхоналар, йўлакчалар ва вагон майдончаларига жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Ҳар бир йўловчи темир йўл транспортида ўзи билан битта чипта бўйича кўпи билан 36 кг.дан ошмаган қўл юкини олиб ўтиши мумкин.

Қуйидагилар қўл юки ёки багаж ҳисобига кирмайди: Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг амалда бўлган қарори билан белгиланган жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдор нормаларидан ортиқ бўлган товарлар (ҳар қандай товар белгиланган норма ва/ёки даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда белгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади).

Оғирлиги (36 кг) ва ўлчамлари (учта ўлчам бўйича 180 см.дан ошадиган (100 х 30 х 50) белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган қўл юки почта-багаж вагонида ташиш учун топширилади.

Багажни ташишга кўра бир жой оғирлиги 80 кг.дан зиёд, узунлиги эса 3 метрдан ортиқ юк ва буюмлар қабул қилинмайди. Вазни 80 кг дан ортиқ бўлган бўлинмайдиган жойлар (музлатгич, газ плиталари ва бошқалар) багаж ташишга, яъни йўловчи ташиш поездида ҳар бир расмийлаштирилган жойга бир бирлик миқдоридаги чипта бўйича қабул қилинади.

Багажни қабул қилиб олиш ва топшириш бўйича операцияларни амалга оширадиган станциягача ва чиптага кўра йўловчининг борадиган манзилидан узоқ бўлмаган жойгача ташилади. Йўловчи багажни олдиндан ташиб ўтишга топшириши ҳам мумкин.

Багаж сифатида ташиб ўтишга ўз ўлчамлари, қадоғи ва хусусиятларига кўра бошқа багажга зиён етказмаган ҳолда қийинчиликсиз багаж вагонига топширилиши мумкин бўлган нарсалар ва предметлар қабул қилинади.

Битта йўловчи ҳужжати (чипта) бўйича топширилган багажнинг умумий оғирлиги 200 кг.дан ошмаслиги лозим. Битта йўл ҳужжати (чиптаси) бўйича бир нечта йўловчи гуруҳ бўлиб юрганида кўрсатилган мейъёр мос равишда гуруҳ иштирокчилари миқдорига қараб оширилади.

Битта йўловчи учун ҳақиқий бўлган йўловчи ҳужжати бўйича оғирлиги 200 кг.дан ортиқ бўлган багаж тақдим этилса, бундай ташишга багаж вагонида бўш ўринлар мавжуд бўлганида темир йўл томонидан рухсат берилади, бироқ бошқа йўловчиларнинг багажини ташишга зарар етказмаган ҳолда ва меъёрдан ортиқ бўлган жойларга темир йўлда йўловчи юкларини ташиш таърифлари бўйича ҳақ тўлаш орқали амалга оширилади.

Қўл юки сифатида божхона назоратидан ўтмаган ва йўловчилар соғлиғига зарар етказиши ёки уларни зарарланиши мумкин бўлган буюмлар, шу билан бирга бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган хавфли моддалар ва буюмлар йўловчи вагонларда ташилишига йўл қўйилмайди.

Божхона органлари тақдим этган маълумотларга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган йўловчилар учун қўл юки, багажи, валюта ва валюта бойликларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги ахборот кўрсатилган эслатмалар ишлаб чиқади ва ахборот пештахталарига жойлаштирилади. Темир йўл чипталарини сотиш жойларида, темир йўл вокзалларида ва станцияларида йўловчиларни бу тўғрисида хабардор бўлишини таъминлайди.

Йўловчиларнинг валютаси, валюта бойликлари ва қўл юкини божхона назоратидан ўтказишни амалга ошириш учун йўловчи поездларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 ноябрдаги 489-сонли қарорининг 1-иловасида кўрсатилган станцияларда келишилган ҳаракат жадвалига мувофиқ йўловчи поездларнинг тўхташини таъминлайди.

Хорижга чиқиб кетаётган ва хориждан кириб келаётган темир йўл составларини бунинг учун кўзда тутилган божхона назорати зоналаридаги темир йўлларига белгиланган станция ва вокзалларга етказилишини таъминлайди.

Бир вақтнинг ўзида битта станцияга икки ва ундан ортиқ поезднинг кириб келиши ёки чиқиб кетишини истисно қиладиган йўловчилар поездлари ҳаракати графигини ишлаб чиқади.

Кўзда тутилмаган тўхташларни ва тезликнинг камайишини истисно қиладиган чораларни кўради (форс-мажорлидан ташқари), кетиш йўлида поездлар ҳаракатланганда йўловчиларнинг тушиб қолиши-ўтириши ва товарларнинг юклаб ортилиши-юклаб туширилишига йўл қўймасликни таъминлайди.

Йўловчиларни божхона расмийлаштируви жойларида банк хизматлари ва валюта алмаштириш шохобчалари фаолият кўрсатиши учун алоҳида хоналар ажратади.

Вокзал ва станцияларда йўловчилар оқимидан келиб чиқиб, йўловчилар учун юк ташувчилар ва перрон назоратчилари сифатли хизмат кўрсатишини ташкиллаштиради.

Йўловчилар томонидан ташилаётган қўл юки ёки багажни тортиш учун станциялар (вокзаллар)да тарозилар ўрнатилади. Йўловчилар томонидан бундай тарозилардан бепул фойдаланилади.

Йўловчиларнинг ортиқча қўл юкини ташиш учун йўловчи ташиш поездлари таркибига қўшимча багаж вагонлари киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига риоя этган ҳолда, ўз ваколатлари доирасида Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўзаро бир-бирига ёрдам беришлари лозим.

Мавзуга оид