МИБ: электр энергияси учун 545 млрд сўм, табиий газ учун 431 млрд сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланган
Бугун, 22 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари иштирокида «Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар» мавзусида матубот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, бюро ташкил этилгандан буён энергия ресурслари, сув таъминоти ва маиший чиқиндилар бўйича жами 73 трлн. сўм (электр энергияси – 37,4 трлн. сўм, табиий газ – 37 трлн. сўм, ичимлик суви – 2,2 трлн. ва маиший чиқинди – 286 млрд. сўм) маблағлар ундирилди. Бу Бюро ташкил этилмасдан олдинги кўрсаткичга нисбатан 180 фоиз кўп демакдир. Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида 42,1 трлн сўмга яқин ундирув амалга оширилди. Бюро даврида ундирув 60 фоизга ўсган.
Энг муҳим масалалардан бири нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланиши тадбир давомида таъкидлаб ўтилди. Таҳлиллар, асоссиз қарздорликлар муқаддам таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмагани, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши ва истеъмолчиларга етказиб берилишидаги табиий йўқотишлар истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида ҳисобланиши сабабли юзага келганини кўрсатган.
Ўтказилган хатлов натижасига кўра, республикадаги 429 минг нафардан ортиқ истеъмолчиларга фойдаланилмаган электр энергияси учун 545 млрд сўм, табиий газ бўйича 212 минг нафар истеъмолчиларга 430,8 млрд сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланган.
Фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари бўйича Бюро органлари томонидан 1 трлн 342 млрд сўм нореал қарздорлик бўйича жами 146та жиноят ишлари қўзғатилган.
Маълум қилинишича, энергия ва сувдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 1 трлн 188 млрд сўмлик зарар етказилган.
МИБ фаолиятига оид маълумотларга кўра, ҳуқуқбузарликларни фош этиш бўйича энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича 1 трлн. 188 млрд. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланиб, 975та жиноий иш қўзғатилган. 84та оҳак ва ғишт заводларда 12 млрд 688 млн сўмдан ортиқ зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
2019 йил давомида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 132та ҳолат аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилган.
Бюро ташкил этилгандан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган, 200дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.
«Биз зиммамизга юкланган ҳар бир топшириқни бажарамиз. Ўтган давр давомида кодексга 10 марта ўзгартириш киритилди, тўлдирилди. Лекин бутунлай янгилаш фақат бизга боғлиқ эмас. Бизга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик, маъмурий ва жиноят кодексларига ҳам боғлиқ. Уларнинг бизга алоқадор кодексларини якунлаш муддатлари турлича белгиланган. Яъни биз ўз ҳужжатларимиз бошқа йўналишлар билан ҳам мувофиқлаштиришимиз лозим. Ҳозир биз ўзимизча қабул қилиб олсак, кейинчалик бошқа йўналишларга зид келиб қолса, ҳуқуқий бўшлиқ, тушунмовчиликлар юзага келади», дея изоҳ берди Мажбурий ижро бюросининг Ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқий-алоқалар бўлими бошлиғи Насимхон Бурханов ҳамон Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмагани тўғрисидаги саволга жавобан.
Мавзуга оид
17:27 / 17.11.2023
Тошкентда 44 бор радарга тушган ҳайдовчининг машинаси хатланди
16:51 / 03.06.2021
Жиззахда қарздор қарзи эвазига уйидаги жиҳозларни олиб кетган МИБ ходимларини калтаклади
09:06 / 27.04.2021
«Келтирилган важлар ўз исботини топмади» – МИБ Қорақалпоғистондаги раҳбарлар устидан тушган ариза бўйича маълумот берди
20:41 / 20.04.2021