Ўзбекистон | 23:53 / 30.01.2020
6011
3 дақиқада ўқилади

Совуқхоналар масаласи халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

30 январь куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – USAID'нинг Қишлоқ хўжалигида  қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси (AVC) томонидан совуқхоначилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун алмашинув дастури ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон мева-сабзавотларини экспорт қилишда совуқхона тизимининг аҳамияти, тизимдаги муаммо ва ечимлар ҳақида сўз борди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: USAID

«1 кг юкни 1 кунга сақлаб бериш 2011 йилда 100 сўм қийматга баҳоланган бўлса, ҳозир ҳам шундай қолмоқда. Бу тадбиркорнинг шу соҳада ишлаш учун иштиёқига таъсир қилиши мумкин.

Бироқ мева ва сабзавотларни бир неча кунлаб эмас, қисқа вақтда совутиб, экспортга йўналтириш механизмини Ўзбекистонда жорий этиш қўпроқ фойдали бўлади. Сабаби биз мева ва сабзавот етиштирувчи давлатмиз. Бирданига совутиб, маҳсулотимизни қадоқлаб экспортга йўналтиришимиз зарур»,– дейди Global Cold Chain Alliance дастурининг Ўзбекистон бўйича вакили Мўминжон Исомиддинов.

Мўминжон Исомиддинов / Фото: USAID

У ҳукумат кўпроқ ерларни мева-сабзавот етишиштириш учун йўналтирилаётгани, натижада бир неча йилдан кейин халқ истеъмолидан анча кўп маҳсулот етиштирилишини таъкидлади.

«Агар совуқхоначилар маҳсулотни совутиб, экспортга йўналтириш механизмини тўлиқ шакллантирмаса, бутун тизим зарар кўриши мумкин», – дея қайд этди эксперт.

Семинарда Ўзбекистонда ҳосил йиғиб олингандан кейин маҳсулотни сақлаш ва совутиш билан боғлиқ тадқиқот натижалари маълум қилинди.

Унда айтилишича, совуқхоначилик йўналишига оид қабул қилинаётган  ҳужжатларнинг йўналишда ишлаётган одамлар фаолиятида тўлиқ ишламаслиги, совуқхона билан ишлаётган тадбиркорларнинг билим даражаси ва айрим ҳолатларда маблағнинг етарли эмаслиги каби муаммолар юзага чиқмоқда.

Фото: USAID

«Ўзбекистон учун мевачилик жуда муҳим соҳа. Бу йўналиш ҳатто мамлакат маданиятининг бир қисмига ҳам айланиб улгурган.

Ўзбекистонга келган ҳар бир сайёҳ бу ернинг мевалари ва таомлари қанчалик мазали эканини татиб кўриб билгиси келади. Бироқ етиштирилган меваларни экспортга йўналтириш бошқа масала. Ҳар бир бозорнинг ўз қонуниятлари бор», – дейди AVC лойиҳаси раҳбари Брайн Кайгер.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон меваларини Қозоғистон ва Россия доимий равишда сотиб олиши мумкин, бироқ халқаро бозорга чиқиш учун сифатни ошириш талаб этилади.

Брайн Кайгер / Фото: USAID

Бундан ташқари, семинарда мева-сабзавот экспортини кўпайтириш, сифатни ошириш учун совуқхона тизимида ишлаётган тадбиркорлар уюшмасини тузиш ҳаракатлари 2012 йилдан бери олиб борилаётгани ҳақида сўз юритилди.

«Уюшма орқали молиявий ресурслардан фойдаланиш, бирор янгиликни жорий этишда тажриба алмашиш осонлашади. Шунингдек, айнан шу йўналишга тегишли қарорлар ёки бошқа қонун ҳужжатларининг қабул қилинишида иштирокимиз, хабардорлик даражамиз ошади», – дея бу ҳақдаги фикрларини билдирди Мўминжон Исомиддинов.