Прописка тизими қандай пайдо бўлган?
2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатномасида бу йил бир қатор йўналишларда ислоҳотлар олиб борилиши ва унда қилиниши керак бўлган вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Ислоҳотлардан бири сифатида прописка тизимига ўзгартириш киритилиши давлат раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди. Республика Парламенти ва Ҳукуматига, 2020 йил 1 апрелига қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши белгилаб берилди. Инсонларни қийнаб келаётган прописка тизимига ўзгартириш киритилар экан, бу каби тизим қаерда, қандай қилиб, кимлар учун, қайси ҳуқуқий асосларга кўра вужудга келганига тўхталиб ўтамиз.
Прописка тизимининг тарихи, унинг вужудга келиши собиқ СССР даврига бориб тақалади. Советлар ҳукумати тузилган вақтда аҳоли мамлакат бўйлаб бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юришига ҳеч қандай тўсқинлик жорий қилинмаган эди. Аҳолини меҳнат дафтарчаси, ҳарбий билети бўлиши, уларнинг шахсини тасдиқлаб, ишга жойлашишларига асос бўлган. Лекин, фуқаролар урушидан кейин бу тизимлар бекор қилиниб, 1923 йилдаги Халқ комиссарлари кенгаши (СНК) Россия совет социалистик федератив республикасининг (РСФСР) декрети асосида, фуқаролар бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиб юришини белгиловчи прописка тизими аста-секин вужудга кела бошлайди.
1932 йил 27 декабрь куни «Бутун СССР ҳудудида бўйлаб ягона паспорт ва мажбурий прописка тизимини жорий қилиш бўйича» Бутунроссия марказий ижро қўмитаси (ВЦИК) ва Халқ комиссарлари кенгаши (СНК) қарори ҳуқуқий асос воситасини ўтаб, Бутун СССР ҳудудида прописка тизими вужудга келишига олиб келади. Шундан кейин СССР ҳудуди бўйлаб, ички ишлар бўйича халқ комиссариати (НКВД) қошида ташкил этилган Паспорт Виза Хизматига (ПВС) ягона паспорт, прописка тизимини амалга ошириши вазифаси юкланади.
Ушбу йиллар давомида прописка тизими жорий этилишининг асосий сабаблари сифатида, ўша вақтдаги СССР бўйлаб колхозлаштириш, индустриялаштириш сиёсатини олиб борилиши, ҳудудлардаги ишчи кучини бошқариш ва аҳолини оммавий тарзда шаҳарларга кўчиб боришининг олдини олиш орқали ўша ҳудуддаги ишчи кучи етишмаслигини бартараф этишдан иборат эди. Ушбу вазиятда деҳқонларга нисбатан алоҳида тартиб жорий этилиб, улар бир жойдан иккинчи жойга кўчишдан олдин ўзлари бириктирилган колхозлардан махсус рухсатнома олишлари талаб этилар эди. Чунки, деҳқонлар колхозларга бирлашган ҳолда фаолият юритиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда асосий ўрин эгаллар эди. Уларнинг тегишли тартибда рухсат олмасдан ўз ҳудудидан чиқиши жиноий жавобгарликка тортилишига олиб келган.
Шунингдек, юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатлар асосида СССРнинг Москва ва Ленинград каби йирик шаҳарларига қишлоқлардан одамлар оқиб келиши, прописка қилинишига чекловлар ўрнатилиши ва унга рухсат фақат махсус ташкил этилган комиссиялар томонидан берилиши йўлга қўйилади. Кейинчалик СССР аҳолисининг кўпчилик қисми кўчиб бориши кучайган Киев, Ростов, Владивосток ва Минскда ҳам бу каби чекловлар ўрнатилишига олиб келади.
Иккинчи жаҳон уруши вақтида шаҳарлардаги прописка тизими орқали чекловлар кучайтирилиб, алоҳида тартиб жорий этилган шаҳарлар сони 48тага етказилади. Бу кўрсаткич 1956 йилда 77тани ташкил этиб, бу бутун СССР ҳудудидаги йирик шаҳарларни ўз ичига олар эди.
1956 йилда 927 минг аҳоли билан СССР ҳудудидаги 7 йирик шаҳар ҳисобланган ЎзССР маркази бўлган Тошкент шаҳрида ҳам аҳоли бир жойдан иккинчи жойга кўчишини чекловчи прописка тизими жорий этилади. Бунинг натижасида Тошкент шаҳрининг урбанизациялашувига таъсир этиб, бу 1959 йил 43 фоиз бўлган бўлса, 1989 йилда 25 фоизни ташкил этишига олиб келади. 1974 йил ушбу тизимдаги ўзгаришларга кўра, фуқаролар янги кўчиб борган ҳудудларида пропискасиз фақатгина 7 кун мобайнида истиқомат қилишлари ва ушбу муддат тугаши билан ўша ҳудудни тарк этишлари талаб этиларди.
Бу каби тизимни жорий этилиши, СССР вақтидаги совет фуқароси бутун ҳаётини прописка тизими билан боғланишига олиб келган эди. Чунки, прописка, унга эга бўлган фуқарога, ўша ҳудуддаги тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандини дунёга келтиришида, кейинчалик боғчага, мактабга берилиши, ишга қабул қилинишида талаб қилинадиган энг асосий, керакли ҳужжат вазифасини ўтаган. Шунингдек, энг аввало прописка тизими фуқароларга, прописка қилинган жойида истиқомат қилиш ҳуқуқини ҳам тақдим қилар эди. Пропискага эга бўлмаган СССР фуқароси юқоридаги имтиёзлардан фойдалана олмас эди.
Фақатгина 1990 йилга келиб, СССР Конституциявий Қўмитаси томонидан, прописка тизими фуқароларнинг бир қатор ҳуқуқларини чеклаб келаётгани ва бу СССР Конституциясига зид экани эътироф этилиб, ушбу тизимни 1992 йил 1 январдан бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинади. Бу орада СССР парчаланиб кетиши бу иш охирига етмай қолиб кетишига сабаб бўлади.
Абдувалиев Мақсуджон
Тошкент давлат юридик университети магистранти,
“Мадад” ижтимоий лойиҳаси асосчиси
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023