7 февраль куни кечқурун Жамбил области Масанчи қишлоғида қозоқлар ва дўнгонлар ўртасида можаро келиб чиққанди. Можарога маҳаллий дўнгонлар қозоғистонлик қарияни калтаклаши сабаб бўлгани айтилган.
Дастлабки хабарларда Кордайдаги тартибсизликлар вақтида мингга яқин киши иштирок этгани, 8 киши ҳалок бўлиб, 137 киши жароҳатлангани, улардан 37 нафари шифохонага ётқизилгани, 9 киши оғир аҳволда қолаётгани айтилганди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 30дан ортиқ уй, 15та савдо объекти ҳамда 23та автомашинага зарар етказилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликлардан сўнг ҳудудда вазият барқарорлашганини маълум қилди. У можаронинг авж олишига сабабчи бўлган иғвогарлар жавобгарликка тортилиши, «фожиага йўл қўйган давлат идоралари ходимлари жазоланиши»ни таъкидлаб ўтган. Бироқ у айнан қайси тузилмалар ходимлари жазоланишига аниқлик киритмаган.
Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Жамбилдаги ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга фармойиш берган.
Одатий муштлашув ёки этник низо?

Тўқнашув жума куни кечқурун этник озчилик ҳисобланган дўнгонлар яшовчи Масанчи қишлоғида рўй берганди. Полициячилар тўқнашувда қатнашган 47 кишини қўлга олган, улардан ов милтиқлари мусодара қилинган.
Сожжено около 30 жилых домов, 15 магазинов, 23 автомобиля. По данным жителей погромы были устроены в пяти селах, где живут дунгане.
— Roustem Adagamov (@adagamov) February 8, 2020
Фото: https://t.co/ajK8bYl3Cq pic.twitter.com/t68D904sGF
Қозоғистон ҳукумати ҳодисада маиший жанжални этник низога айлантиришга ҳаракат қилган иғвогарларни айблади. Ҳозирча жанжалнинг асл сабаби аниқ эмас.
Қозоғистон Ички ишлар вазири Тургумбаевнинг сўзларига кўра, низода аввалига 70 киши қатнашган. «Провокаторлар ва гувоҳлар жанжални видеога олиб ижтимоий тармоқларда тарқатган ва бошқа одамларни қонунга зид ҳаракатларни амалга оширишга чақирган. Бу эса зиддиятнинг эскалациясига олиб келган… Қўшни қишлоқлардан юзлаб киши келиб жанжалга қўшилган», - дейилган вазирлик маълумотида.
















