Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги катта фарқларидан бири айнан фарзандларни баркамол этиб тарбиялашдаги шароитларнинг икки хиллигида бўлса керак.

Шаҳарда болангизни рисоладагидек ўқиб-таълим олиши, спорт, мусиқа билан шуғулланиши учун имкониятлар, қулайликлар кўпроқ. Шунинг учун жамият олдидаги биринчи навбатдаги вазифа қишлоқ ва шаҳарни яқинлаштириш бўлиши лозим

Андижон вилояти Хўжаобод туманидан келган мурожаат айнан мана шу мавзуда экан. Туманнинг Чироқчи маҳалласида жойлашган 17-умумий таълим мактабида шу пайтгача спорт зали бўлмаган. 600 нафар ўқувчи таълим олаётган масканга 2016 йили спорт зали қурилиши бошланганида ўқувчилар ва ота-оналар роса қувонишган эди. Бироқ 2018 йили деворлари кўтарила бошлаган иншоот битказилмай тақа-тақ тўхтади-қолди.

 

Биламиз, ўқитувчи халқи ройиш бўлади. Мактаб маъмурияти бирор жойга қурилишни битказиш юзасидан мурожаат қилмагани аниқ. Бироқ, Чироқчи маҳалласи аҳли бу муаммо юзасидан қишлоққа келган барча мутасаддиларга кўп бора арз қилишди. Ота-оналар, туман ва вилоят халқ таълими бўлимларга ҳам бир неча бор мурожаат билан чиқишган.

Сўнги икки йил давомида, қишлоққа қўлида папкаси, блокноти билан бир гуруҳ бўлиб келган барча ишчи гуруҳлар, сектор раҳбарлари аҳоли арзини кўп бора тинглаган. Мутасаддилардан самара бўлмади. Болалар ҳали ҳам жисмоний тарбия дарсини синф хоналарида шашка-шахмат ўйнаб ёки мактаб ҳудудидаги қишда лой, ёзда тупроқ майдончада ўтказишмоқда.

Мактабга етиб борганимизда бизни бир гуруҳ оталар кутиб турган экан.

Ишчи гуруҳлар, сектор раҳбарлари келиб, муаммони ёзиб кетади – фойдаси йўқ

Чироқчи маҳалласидаги ота-оналар ва мактаб ўртасидаги ҳамкорликка ҳавас қилса бўлади. Фарзандлари таълим олаётган даргоҳда спорт залининг йўқлиги уларни ташвишга солаётганини айтишди.