Жиззахда ишчи гуруҳ эҳтиёжманд аёллар муаммоларини ҳал этишга кўмаклашди
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллардан 15 нафарига 34,5 миллион сўм моддий ёрдам, 6 нафарига замонавий тикув машинаси, 7 нафарига фарзандлари саломатлигини тиклаши учун санаторийларга бепул йўлланма берилди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Жиззах вилоятига ташрифи доирасида вилоят ҳокимлигида ўтказилган хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси бошчилигида Республика маҳаллалар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ходимларидан иборат ишчи гуруҳи навбатдаги фаолиятини Жиззах вилояти Пахтакор туманида олиб борди. Улар ҳудуднинг 14 та маҳалласидаги 380 дан зиёд оиладаги хотин-қизлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқди.
Ишчи гуруҳ тавсияси билан ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга касаба уюшмалари федерацияси томонидан моддий-маънавий кўмак кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллардан 15 нафарига 34,5 миллион сўм моддий ёрдам, 6 нафарига замонавий тикув машинаси, 7 нафарига фарзандлари саломатлигини тиклаши учун санаторийларга бепул йўлланма берилди.
Туманга иккита турар жой биноси қурилиши учун 6 миллиард сўмлик сертификатлар топширилди.
Танзила Норбоева шунингдек, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлари билан учрашди.
Парламент юқори палатаси раиси ўз нутқида маҳаллий Кенгашлар олдида Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларга тўхталди. Вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятини жонлантириш вақти келганлигига алоҳида урғу берди.
Танзила Норбоева ўз нутқида энди ҳар ойда маҳаллий Кенгашларда давлат органи раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, қонун, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни ижро этиш юзасидан масъул идора ва ташкилотларнинг ахборотлари эшитилиб, фаолияти қониқарсиз деб топилган раҳбарларга тегишли чоралар кўриш амалиёти жорий этилиши зарурлигини таъкидлади. Президент томонидан Кенгаш сўрови институтини жорий этиш таклифи киритилгани ва бу бўйича ҳам қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан ишлар бошлангани хусусида сўз юритди.
Шу билан бирга, депутат сўрови, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрликни ошириш, жойларда депутатлар хонаси фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.