Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ўтган ойда йўлланган Мурожаатномада тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берган эди.

Илғор хорижий тажриба асосида лицензия ва рухсатномалар турларини қисқартириш, уларни бериш тартибини соддалаштириш ва тегишли талаблар бажарилишини мониторинг қилишнинг ошкора механизмларини ишлаб чиқиш ҳозирги давр талабидир.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман таркибида махсус Ишчи гуруҳ тузилган.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Ишчи гуруҳ ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Аввало инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги таъкидланган.

«Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади. Айни пайтда, айрим лицензия шартлари соҳада рақобатни ҳам чекламоқда.

Хусусан, кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш билан ягона кредит бюроси шуғулланиб, бозорга бошқа тадбиркорлар киришига деярли имкон йўқ. Кредит бюросини очиш учун камида 10та тижорат банкининг розилигини олиш талаб этилади. Мавжуд 30та банкдан 26таси ушбу ягона кредит бюросининг муассиси ҳисобланиб, қолган 4та банк янги бюро ташкил этишга розилик берган тақдирда ҳам ташаббускор лицензия ололмайди.

Шу билан бир қаторда, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини кенг жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Хорижий тажрибада лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш, мажбуриятни суғурталаш, ўзини-ўзи бошқариш, техник тартибга солиш каби муқобил усуллар мавжуд. Мисол учун, турар жой объектларини нотурар сифатида қайд этиш учун тадбиркор алоҳида рухсатнома олиши керак. Ваҳоланки, бунинг учун давлат идоралари хабардор қилинса кифоя бўлиши мумкин.

Худди шундай, риэлторлик, аудиторлик, суд бошқарувчилиги каби фаолият турлари билан шуғулланувчиларнинг жавобгарлигини суғурталаш ёки ўз-ўзини бошқариш тизимларига ўтказиш мумкин», дейилади хабарда.