Ўзбекистоннинг сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Ўйлаймизки, бу сув соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган жуда муҳим ҳужжат.

Хатар ва муаммолар 

Сув – бу аҳоли, иқтисодиёт ва айниқса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳаёти ва фаолияти, шунингдек экологик мувозанатни сақлаш учун зарур табиий ресурс ҳисобланади.

Ўзбекистон сув ресурсларининг келгуси балансига минтақанинг асосий дарёлари шаклланадиган музликларнинг жадал эриши, иқлим ўзгаришининг бошқа жиҳатлари, шунингдек аҳолининг сувга ортиб бораётган эҳтиёжлари ва саноатнинг ривожланиши таъсир кўрсатади.

Бутун Марказий Осиёдагидек, Ўзбекистонга ҳам иқлим ўзгариши аввало, ҳудуднинг асосий дарёларини шакллантирадиган тоғ музликларининг эриши билан таҳдид солади. Сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ҳарорат 2 даражага ортганда музликлар ҳажми 50 фоизга, 4 даражага исиганда – 78 фоизга камаяди.

Сув тақчиллиги билан боғлиқ вазият қўшни мамлакатлардан сув етказиб берилишига ниҳоятда боғлиқ эканлиги билан янада мураккаблашади (истеъмол қилинадиган сувнинг 80 фоизи мамлакатга ташқаридан келади).

Сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган сув ресурсларининг йиллик ҳажми ўрта ҳисобда 51-53 км3.ни ташкил этади ва бу умумий олинган сув ҳажмининг ўтган аср 80-йилларига нисбатан жиддий тарзда (20 фоиз) қисқарганини кўрсатади (шу билан бирга, мамлакат аҳолиси бир ярим - икки бараварга кўпайган). Келгусида вазият фақат ёмонлашади. 

Мавжуд сув ресурсларидан фойдаланишнинг асосий муаммоси – қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилишда улардан самарасиз фойдаланиш. Кўрсатиб ўтилган муаммо институционал, технологик ва кадрларга оид сабабларга эга.

Ўзбекистон сув хўжалигининг асосий институционал муаммолари – сув истеъмолчилари (аввало, агро ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томонидан), сув инфратузилмаси учун масъул бўлган шахслар ва ташкилотлар томонидан сувдан самарали фойдаланиш бўйича таъсирчан рағбатларнинг йўқлиги, шунингдек соҳанинг етарли даражада молиялаштирилмаслиги. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун сув етказиб бериш бўйича асосий харажатлар давлат бюджетидан қопланади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув етказиб бериш бўйича тўловлари унинг истеъмоли ҳажми билан тўғридан тўғри боғланмаган. Уларнинг миқдори самарали ва тежамкор сув истеъмолини рағбатлантириш учун етарли эмас.