Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

1) фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш;

2) фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

3) давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.  

Фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши;

аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши;

профилактика чора-тадбирларининг устунлиги;

соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши;

тиббиёт фанининг амалиёт билан уйғунлиги.                       

Ўзбекистонда соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилади.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлашни бошқариш органлари, уларнинг шаҳар ва туман бўлинмалари киради. Давлат соғлиқни сақлаш тизимига давлат мулки бўлган ва давлат соғлиқни сақлаш тизимининг бошқарув органларига бўйсунувчи даволаш-профилактика ва илмий-тадқиқот муассасалари, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тайёрлайдиган ҳамда уларни қайта тайёргарликдан ўтказадиган ўқув юртлари, фармацевтика корхоналари ва ташкилотлари, санитария-профилактика муассасалари, суд-тиббий экспертиза муассасалари, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда асосий фаолияти фуқаролар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ бошқа корхона, муассаса ва ташкилотлар киради.

Илмий-тадқиқот институтларининг клиникалари, вазирликлар, идоралар, давлат корхоналари, муассаса ва ташкилотлари барпо этадиган даволаш-профилактика муассасалари ва дорихоналар давлат соғлиқни сақлаш тизимига киради.