Жаҳон | 20:53 / 04.03.2020
87779
8 дақиқада ўқилади

Эронда шифокорлар рақс тушмоқда, дунёда парацетомол танқислиги таҳдиди. Сўнгги маълумотлар

Италия ҳукумати Covid-19 коронавируси тарқалиши хавфи туфайли март ойи ўрталаригача мамлакатдаги барча мактабларни ва университетларни ёпишни режалаштирмоқда. Айни вақтда бу мамлакатда вирус қурбонлари сони 79 нафарга етган.

Аввалроқ Анса ахборот агентлиги бу бўйича қарор қабул қилиб бўлингани, аммо Италия таълим вазири бундай чора ҳозирча тасдиқланмагани, яқин соатлар мобайнида бу масала ҳал қилиниши ҳақида айтгани ҳақида хабар тарқатди.

AFP

Италия айни вақтда Европада ушбу вирусдан зарарланганлар энг кўп мамлакат бўлиб турибди: 2260 киши. Сўнгги бир кун ичида ушбу коронавирус келтириб чиқарган инфекциядан 20 нафар бемор ўлим топди.

Мамлакат бош вазири Жузеппе Конте тез орада вирус авж олишига қарши қўшимча чоралар ҳақида маълум қилади, жумладан, Италия ҳукумати мамлакат шимолидаги карантин ҳудудини (Милан яқинидаги Бергамо шаҳри атрофида) кенгайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқаётган янги чекловлар бутун мамлакат ҳудудида 30 кун мобайнида амалда бўлади. Одамлар кўчада қўл бериб сўрашиши, қучоқлашиши ва кўчадаги учрашувлар вақтида ўпишиб кўришиши тақиқланиши мумкин. Шунингдек, жамоат жойларида одамлар бир-бирига бир метр масофагача яқинлашиши тақиқланиши ҳам мумкин.

Кутилганидек, конференциялар, бизнес-учрашувлар қолдирилган, спорт тадбирлари эса, айниқса футбол учрашувлари мухлисларсиз ўтказилади.

Ҳукумат 75 ёшдан катта фуқароларга кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда. Бундай чекловлар соғлиги яхши бўлмаган 65 ёшлиларга ҳам тааллуқли бўлади.

Ҳиндистон дори-дармон экспортини чеклайди
Коронавирус тарқалиши тиббий дори-дармонлар танқислигига олиб келиши мумкин - бу шундай маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси бўлган Ҳиндистон дори-дармонлар экспортини сезиларли даражада камайтирганини эълон қилгани билан боғлиқ.

Айни вақтда Ҳиндистонда вирусдан зарарланганлар сони 28 кишига етган - бугун 22 нафар ҳиндистонликда вирус аниқланди.

Ҳиндистон жаҳон бозорига 26 турдаги женерикларни (таркибига турли препаратларни олувчи фаол моддалар) чиқаришни чеклади, бундай чекловлар улар асосида тайёрланган бошқа дори воситаларига, жумладан парацетамолга (дунёдаги энг машҳур иситма туширувчи ва оғриқ қолдирувчи дори) ҳам тааллуқлидир.

Рўйхатдан бир неча турдаги антибиотиклар (тинидазол ва эритромицин, прогестерон гормони ва В12 витамини) ҳам ўрин олган.

Ҳиндистоннинг дори-дармонлар саноатининг 70 фоизи Хитойда ишлаб чиқариладиган таркибий қисмларга боғлиқдир, айни вақтда Хитойда коронавирус туфайли кўплаб фармацевтика заводлари ёпиб қўйилган.

Ҳиндистон ҳукумати тайёр дори-дармонлар захиралари аввалги ҳажмда уч ой давомида етказиб бериш учун етарли эканини ва ваҳимага тушишга ҳожат йўқлигини таъкидлаган.

Аммо Оксфорд университети иқтисодчилари экспорт чеклови туфайли дори-дармонлар қимматлашишидан қочиб бўлмаслигидан огоҳлантиришмоқда.

Жаҳон банки миллиардлаб доллар ажратади
Жаҳон банки қатор давлатларни Covid-19 коронавирусига қарши курашда қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу мақсадда ажратиладиган биринчи транш 12 млрд доллардан иборат бўлади.

Банк баёнотида айтилишича, бу маблағларни самарали биринчи тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва кам таъминланган оилалардаги беморларни тўлиқ даволашга йўналтириш кўзда тутилган.

Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг сўзларига кўра, ташкилот ривожланаётган мамлакатларнинг коронавирус тарқалишига қарши курашиш эҳтиёжларига тез ва мослашувчан жавоб беришга тайёр туриши учун ишламоқда. «Бу фавқулодда молиялаштириш, сиёсат бўйича маслаҳат ва техник ёрдамни ўз ичига олади», дейди у.

Банк хабарида таъкидланишича, ушбу ташкилот касаллик тарқалиш хавфи юқори бўлган қашшоқ мамлакатларга кўпроқ эътибор қаратади. Одатда Жаҳон банки дастурлари кредитлар ҳисобланади, аммо бу ҳолатда энг қашшоқ давлатлар ёрдамни грантлар кўринишида олиши мумкин.

Айни вақтда 189 давлат Жаҳон банки аъзоси ҳисобланади.

Эрон: рақс ва қамчилаш

Қумдаги обидаларда дезинфекция ишлари / Getty Images

«Ал-Арабия» телеканали хабар беришича, Эрон саноат вазири Ризо Раҳмоний ҳам коронавирусдан зарарланган. Бунгача ҳам Эронда бир неча юқори мартабали амалдорларда - вице-президент, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва ўнлаб депутатларда вирус аниқланганди.

Эрон - Хитойдан ташқаридаги учта коронавирус ўчоғидан бири бўлиб турибди. 4 март куни ҳукумат яна 15та ўлим ҳолатини ва 586та вирусдан зарарланиш ҳолатини тасдиқлади, энди мамлакатда вирус қурбонлари сони 92 кишига етган, вирусдан зарарланганлар сони 2922 нафар. Вирусдан зарарланишлар сони бўйича Эрон Хитой (80 270 ҳолат, 2981 ўлим) ва Жанубий Кореядан (5621 ҳолат, 32 ўлим) кейинги учинчи ўринни банд этган.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, вирусдан зарарланган 522 киши тўлиқ соғайиб кетган.

Икки эронликка дарра уриш ва қамоқ жазоси таҳдид солмоқда, улар Қум ва Машҳадда жамоат жойларида гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича кўрсатмаларга норозилик сифатида масжидларда панжарани намойишкорона ялагани тасвирланган видеолар тарқалганди.

Қумдаги видео муаллифи видеода панжарани ялар экан, «мен коронавирусдан қўрқмайман» дейди. У бу ҳаракатини Аллоҳ ибодат жойида зарарланишга йўл қўймаслигини намойиш этмоқчи бўлгани билан изоҳлаган.

Машҳадда панжарани ялаган эркак эса барча вирусни ўзига олмоқчи бўлгани ва шу орқали бошқа зиёратчилар ҳеч қандай қўрқувсиз ибодат қилишини таъминламоқчи бўлганини айтган.

Эрон парламенти аъзоси Ҳасан Наврўзийнинг айтишича, қоидабузарларга икки ойдан икки йилгача бўлган қамоқ жазоси ёки 74 дарра бериш жазоси таҳдид қилмоқда.

Бу вақтда эронлик шифокорлар ва ҳамширалар онлайн рақс марафонини бошлаб юборишган, улар мамлакатдаги барча ҳамкасбларини ўзларидан намуна олиб флешмобни давом эттиришга чақиришмоқда. Улар беморлар ётган бўлимларда рақс тушиб, бу орқали уларни қўллаб-қувватлаб руҳини кўтариш ва уларга соғайиш учун зарур бўлган яхши кайфият улашишни мақсад қилишган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган рақс видеороликларга юз минглаб лайклар босилган ва ижобий изоҳлар ёзиб қолдирилган. Аммо ҳозирча ҳукумат бу ташаббусга қандай муносабат билдириши маълум эмас. Эрондаги диний қонунларга кўра жамоат жойида рақс тушиш тақиқланади.

Олимпия машъаласи ўчмайдими?

Фото: Getty Images

2020 йилги Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси пайшанба куни олимпия машъаласи эстафетаси вақтида спортчиларнинг ва томошабинларнинг соғлигини ҳимоялаш юзасидан қўшимча чоралар ҳақида маълум қилди. 

Хусусан, атлетлар машъалани бир-бирига узатадиган жойда йиғиладиган томошабинлар сони чекланади.

Шунингдек, машъала ташувчиларнинг соғлигини кузатиб бориш таъминланади.

Олимпия машъаласи олиб ўтиладиган ҳар бир префектурада тантанали маросимлар ўтказилиши режалаштирилган, аммо уларнинг графиги ва масштаби қайта кўриб чиқилади.

Беларусь
Беларусь соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мамлакат ҳудудида коронавирусдан зарарланишнинг яна олтита ҳолатни қайд этди. Беморларнинг 4 нафари Минскда, икки нафари Витебск областида аниқланган. Яна 300га яқин киши тиббиёт ходимлари назоратида бўлиб турибди.

Хабар қилишларича, беларуслик шифокорлар коронавирусни аниқлаш тести бўйича дастур доирасида беш мингдан ортиқ таҳлил натижаларини текширувдан ўтказишган.

Жанубий Америка

Буэнос-Айрес аэропортида кўплаб йўловчилар тиббий ниқобларда юришибди / Reuters

Бугун коронавирус юқтиришнинг илк ҳолатлари ҳақида Аргентина ва Чили ҳукуматлари эълон қилишди.

43 ёшли аргентиналик Италиядан қайтганидан кейин текширувдан ўтказилган, у айни вақтда Буэнос-Айресдаги шифохоналардан бирида карантин ҳолатида.

33 ёшли чилилик эса Осиё жануби-шарқида бир ой вақт ўтказган ва шу ерда вирус юқтирган. Тиббиёт ходимлари унинг ҳолати барқарорлигини айтишмоқда

Франция: ниқоблар ўғирлиги

AFP

Француз ҳукумати тиббий ниқоблар, қўл учун дезинфекция воситалари сотуви ва тарқатилишини қатъий назоратга олган.

Шу кунларда мамлакатдаги иккита шифохонада 10 мингдан ортиқ тиббий ниқоб ва 1200та идишдаги дезинфекция гели йўқолган. Ҳукумат фикрича, тиббий воситалар ўғирлаб кетилган.

Бутун мамлакатда тиббий ниқоблар захиралари тугаб бўлган, айни вақтда ҳукумат фуқаролардан ваҳимага тушиб, кераксиз ҳолатларда ортиқча ниқоблар ғамлаб қўймасликни сўрамоқда.

Мавзуга оид