Бугун, 9 март куни таниқли шоир Азим Суюн оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар бермоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн 1948 йилнинг 22 февралида Самарқанд вилоятининг Нукурт қишлоғида дунёга келган.
Ўрта мактабдан сўнг Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факултетига кириб ўқиган. Унинг ижоди 60-йилларнинг охири ва 70-йиллар бошида бошланган бўлиб, «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан китобхонларга танилган.
Шундан буён шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилди. Жумладан, «Зарб» (1979), «Замин тақдири» (1981), «Хаёлот» (1984), «Зиё кўли» (1986), «Жавзо» (1987), «Олис тонглар» (1989), «Куйганим-суйганим» (1992) каби шеърий гулдасталари ўқувчиларнинг севимли китобларига айланган. Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожиаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари машҳурдир.
Шоир «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга (1991) сазовор бўлган. Унинг бир қатор шеърлари, шеърий туркумлари, китоблари, рус, инглиз, турк, қозоқ, тожик каби ўнлаб тилларга таржима қилинган.
Kun.uz марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдиради.
БАҲОДИРНИНГ ҚИЛИЧИ
Баҳодирнинг қиличи синди…
Сўнгги нуқта.
Тугади эртак.
Пастак ҳовли четида дилхун
Бир бола йиғлайди —
қўлида китоб.
Баҳодирнинг қиличи синди,
Баҳодирнинг қиличи синди.
Ёвники бутун!
Қайга кетди япроқдек бола,
Бўта каби қайда бўзлайди?
Учиб юрган варақлар, ана,
Шамолларга эртак сўзлайди.
Бола қани?.. Билмайман, аммо,
Ишонаман, қайлардадир у











