Бу — Иштихон тумани «Қўрли» ҚФЙ Қайирма қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг дарди.

Дарҳақиқат, Қайирма қишлоғи Иштихоннинг шундай нуқтасида жойлашганки, ўзларининг таъбири билан айтганда, «ўгай». Иштихонликмиз дейишса, туманнинг чеккасида, қўшработликмиз дейишса, географик жиҳатдан мазкур туманга мансуб эмас.

Қайирма қишлоғига борганимизда ҳақиқатан ҳам бир пайтлар каттагина ҳудудга эга бўлган, аммо бугун нураб бораётган, таъмирга муҳтож ҳолга келиб қолган бинога гувоҳ бўлдик. Шу ерда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари Ҳамидулла Кўбаев вазиятга изоҳ берди.

Унинг айтишича, айни вақтда туман ТТБга қарашли «Сўғдиёна 103» шохобчаси 1992 йилгача қишлоқ участка шифохонаси бўлган. 2006 йилдан қишлоқ врачлик пунктига айлантирилган. Ўша вақтларда 24 нафар тиббиёт ходимлари аҳолига хизмат қилган.

2017 йилга келиб президент қарори билан ҚВПлар оптимизация қилиниб, учта қишлоқ врачлик пункти ўрнига битта ташкил этилган. Содда қилиб айтганда, мазкур муассаса бугунги кунда «Мустақиллик» қишлоқ оилавий поликлиникасининг филиали ҳисобланади. Ҳозирги вақтда «Сўғдиёна 103» шохобчаси 6819 нафар кишига хизмат кўрсатяпти. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати ҳам ташкил этилган.

Табиийки, ҚВП «Сўғдиёна 103» шохобчасига айлантирилгач, штатлар ҳам қисқариб кетган. Шунга монанд эътибор ҳам филиалдан кўра ҚВПнинг ўзига кўпроқ қаратилган. Бир вақтлар бундайроқ шифохона мақомида бўлган муассасага ўрганган одамлар буни қабул қилолмаган, албатта.

Хусусан, шу маҳалла фахрийларидан бири Исмат Абдураҳмонов муассасанинг бугунги ҳолатидан қониқмаслигини билдирди.

«Бир вақтлар ушбу муассаса етмиш ўринли кичикроқ шифохона мақомида бўлган. Барча шароитлар бор эди, тажрибали шифокорлар хизмат қиларди. Энди ўйланг, аҳоли кўпайгани сари имкониятлар яхшиланиши ўрнига аксинча, ўша вақтдаги қулайликлар ҳам йўқолди. Энди бироз оғирроқ бемор бўлса, туман марказига олиб боришимиз керак. Бунга ҳамманинг ҳам имконияти етмайди. Ёмони, оғирроқ беморлар туман марказига олиб борилгунга қадар вафот этгани каби ҳолатлар ҳам бўлди», дейди И.Абдураҳмонов.

Муассаса ичкарисини кўздан кечирдик. Хоналар қиши билан тузукроқ иситилмагани учун зах ҳиди уннаб қолган, совуқ. Собиқ шифохона мақомида бўлган бутун бошли муассаса ҳувиллаб ётибди. Катта бир объектдан мутлақо самарасиз фойдаланиляпти. Аниқроғи, фойдаланилмаяпти. Саноқли хоналар ҳам қўлбола, электр печларда иситилмоқда.