Жамият | 23:11 / 13.03.2020
10893
3 дақиқада ўқилади

594 жилддан иборат «Туркистон тўплами» ҳақида биласизми?

Ўзбекистон миллий кутубхонаси фондида «Туркистон тўплами» номли, 594 жилддан иборат ноёб манбалар йиғиндиси сақланади. Унда Марказий Осиёнинг XIX аср 70 йиллари бошидан 1917 йилгача бўлган даври акс этган.

Фото: АОКА

Мазкур тўплам ҳақида бугун, 13 март куни АОКАда бўлиб ўтган давра суҳбатида маълумот берилди.

«Туркистон тўплами» даврий нашрларлардан, баъзан эса алоҳида китоблардан кесиб олинган парчалардан иборат бўлиб, Марказий Осиё тарихи, этнографияси, географияси, иқтисоди ва маданияти бўйича ўзига хос энциклопедия вазифасини ўтайди.

Тўпламда келтирилган маълумотлар 150 йил аввалги даврга бориб тақалади.

«Бу фақат рус ва ўзбек тилида эмас. Қатор Европа тилларида ҳам мамлакатимизга оид манбалар мавжуд», – дея маълумот берди Фанлар академияси тарих институти профессори Доно Зияева.

Доно Зияева Фото: АОКА

У «Туркистон тўплами» ўз ичига олган даврда Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган қўзғолонлар, уларнинг турли манбаларда ёритилиши ҳақида маълумот берди.

«Туркистон тўплами» қамраб олган даврда 3та йирик қўзғолон: «Вабо қўзғолони», «Андижон қўзғолони» ва «Умумтуркистон қўзғолони» бўлиб ўтган.

Улар ҳақидаги асосий манбалар рус тилида. Маҳаллий манбалар эса, асосан, халқ оғзаки ижоди кўринишида сақланган.

Рус манбаларида, албатта, ҳукмрон давлат кайфияти сезилади. Бироқ қўлимизда 1916 йил декабр ойида Давлат думасида Туркистондаги қўзғолонларга бағишланган «Ёпиқ эшиклар ортида» номи остидаги йиғилишининг стенограммаси бор. Унда холисона маълумотлар сақланиб қолган. Ҳозир бу стенограмма Тошкентда сақланмоқда», – дейди Доно Зияева.

Унинг айтишича, гарчи рус манбаларида қўзғолонларга берилган реал баҳо бўлмаса-да, тарихий фактлар учун (қўзғолонлар бошланиш вақти, иштирок этганлар сони) улардан фойдаланиш эҳтиёжи бор.

Фото: АОКА

Ўша даврдаги халқ кайфиятини эса маҳаллий манбалар, жумладан, халқ оғзаки ижоди орқали ўрганиш мумкин.

Бундан ташқари, Доно Зияева тўпламда Марказий Осиё аҳолисининг XIX аср 70 йиллари бошидан 1917 йилгача бўлган даврдаги диний ҳаёти ҳақида ҳам ҳикоя қилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Маҳаллий аҳоли эътиқод қиладиган ислом динига гарчи мустамлакачилар хайрихоҳлик билан қарамаган бўлса-да, ислом динига қизиқиш билан қарашган ва уни ўрганишга ҳаракатлар бўлган», – деди Зияева.

Таъкидланишича, «Туркистон тўплами»дан ўрин олган маълумотлар асосида қатор илмий ишлар ва уларни кенг жамоатчиликка танитиш учун ҳаракатлар қилинмоқда.

Мавзуга оид