Иқтисодиёт | 09:21 / 21.03.2020
20648
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси маълум қилинди 

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 5,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 190,0 млн долларга камайди

Фото: Shutterstock

2020 йил январь-февраль ойлари якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 5,9 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 190,0 млн долларга камайди.

Давстатқўм хабарига кўра, ТСАда экспорт ҳажми 2,6 млрд долларга (4,2 фоизга камайди) ва импорт ҳажми 3,2 млрд долларга (2,2 фоизга камайди) етди. Ҳисобот даврида - 657,5 млн. АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди. 

Ўзбекистон, жаҳоннинг 145дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (16,6 фоиз), Россия Федерациясида (16,1 фоиз), Қозоғистонда (7,0 фоиз), Корея Республикасида (6,3 фоиз), Туркияда (5,3 фоиз), Германия (1,8 фоиз) ва Қирғизистонда (1,7 фоиз) қайд этилган. 

Қўшни давлатлар Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари билан ТСАда сўнгги йилларда катта ўзгаришлар кузатиляпти. Сўнгги уч йилда Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси ошгани кузатилмоқда. 

Бошқа давлатлар (қўшни давлатлардан ташқари) билан эса, ТСАда энг юқори улуш Хитой, Россия, Корея Республикаси ва Туркия давлатлари ҳиссасига тўғри келган. 

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан олтита давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Афғонистон (99,4 млн доллар), Қирғизистон (60,4 млн доллар) Тожикистон (49,6 млн доллар) ва Эрон (16,8 млн доллар) шулар жумласидан. Қолган 14 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда. 

Мавзуга оид