Жаҳон | 21:59 / 28.03.2020
41778
7 дақиқада ўқилади

Коронавирус тўғрисидаги уйдирмалар: ахборот гигиенасининг 7 қоидаси

Интернет ва ижтимоий тармоқлар Covid-19 коронавируси тўғрисидаги маълумот ва хабарларга тўлиб кетди. Экспертлар фойдаланувчиларни ахборот гигиенасига риоя қилишга чақирмоқда. Ёлғон ахборотлар тарқалишини тўхтатиш учун сиз нималар қилишингиз мумкин?

1. Тўхтанг ва фикр юритинг

Сиз албатта, яқинларингиз эпидемия тўғрисидаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиб туришини истайсиз. Шу боис электрон почта, Whatsapp, "Фейсбук" ёки "Твиттер"да янги ахборотни олишингиз биланоқ уни бошқаларга тарқатишга шошиласиз.

Аммо экспертларнинг фикрича, дезинформацияга қарши курашда сиз қиладиган биринчи иш – тўхташ ва фикр юритиш.

Коронавирус тўғрисида ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда тарқалган хабарлар кўпинча ваҳима келтириб чиқаради.

Масалан, март ўрталарида Чеченистон ва Доғистондаги WhatsApp-гуруҳларда эркак киши аҳолини озиқ-овқатлар сотиб олишга чақирган аудиоёзув тарқалди. Бу овозни Чеченистон ички ишлар вазирининг овозига ўхшатган одамлар бозорларга ёпирилишди.

WhatsApp орқали ахборот ҳужумлари уюштириш барча давлатларда содир бўлмоқда. Австрияда бир аёл ҳаяжон билан касалхонада эканлиги, коронавируснинг оғир симптомлари аниқланган барча беморлар ибупрофен ичганлиги ҳақида гапирган аудиоёзув тарқалди. Аёл ўзини Полди исмли қизнинг онаси деб таништирган.

Бу ёлғон: шифокорлар ибупрофенни коронавирусни фаоллаштирувчи сабаб сифатида кўрсатмаган, аммо фойдаланувчилар ўз яқинларини чалғитган ҳолда бу ёзувни астойдил тарқатган.

Хабарни кимгадир юборишдан аввал яхшилаб ўйланг, унинг ёлғон эканлиги эҳтимолга қанчалик яқин ва агарда сизда шубҳа туғилса, бу хабарни юборманг.

2. Манбани текширинг

Хабарни юборишдан олдин ўзингизга бир оддий саволни беринг – бу маълумот қаердан келди?

Юқорида айтилган ҳар икки ҳолатда ҳам манбалар ноаниқ эди. Интернет сегментида асосланмаган хабарлар кўпинча "дугонамнинг дўсти" ёки "қўшнимнинг ҳамкасби"дан келади.

Бу эса деярли ҳар доим ушбу маълумот уйдирма эканлигини билдиради.

Март бошида "Фейсбук"да "магистр амакимнинг маслаҳатлари" жойлаштирилган пост оммалашди. Snopes сайти у биринчи бўлиб 84 ёшли англияликнинг саҳифасига жойлаштирилган деган тахминни билдирмоқда.

Ганалик телебошловчи бу пост билан ўзининг "Инстаграм" саҳифасида бўлишди, бу ердан Ҳиндистондаги католик гуруҳларида, кейин эса WhatsApp ва "Твиттер"да тарқалди.

Бунинг устига, пост тарқалиш жараёнида ўзгариб ҳам борди. Айрим постларда оқилона маслаҳатлар, масалан, қўлларни ювиш тўғрисидаги гаплар қолган. Аммо вирусни қандай аниқлаш тўғрисида асосланмаган тавсиялар қўшилган.

АҚШда ҳам ўтган ҳафтада шундай воқеа рўй берди: америкаликлар "дўстимнинг ФҚБда ишлайдиган дўсти" ва ҳатто "БМТдаги манба"га асосланган ваҳимали хабарлар олишди.

"ЖССТ, Британия соғлиқни сақлаш миллий хизмати ва АҚШ касалликлар тарқалиши устидан назорат маркази ахборотнинг энг ишончли манбалари бўлиб турибди", - дейди Британиянинг Full Fact фактларни текшириш ташкилоти ходими Клэр Милн.

Шуни ҳам қўшиб қўйиш лозим, бу ташкилотларнинг фақат расмий баёнотларигагина эътибор қаратиш керак.

Экспертлар адашиши мумкин, аммо улар "таниш шифокор" ёки дипломли амакидан кўра ишончлироқ.

3. Балки бу сохтадир?

Ташқи кўриниш алдамчи бўлади ва кўплаб уйдирмалар расмий манбаларнинг ҳужжатларига ўхшатиб тайёрланади.

Бу уйдирмалар муаллифлари йирик ахборот ташкилотлари ва ҳукумат муассасалари номидан хабар тарқатади.

Масалан, яқинда Москвада комендантлик соати жорий этилиши тўғрисидаги сохта буйруқ тарқалди. Ҳукумат буни инкор этди.

Ахборот ташкилотлари ва давлат идораларининг расмий ҳужжатларини ҳамда уларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини сохталаштириш қийин эмас. Уйдирма муаллифлари қўллайдиган яна бир усул – хабар скриншоти устига матн қўшиш.

Шунинг учун ижтимоий тармоқларда ахборот, ҳукумат ва жамоат ташкилотларининг фақат текширилган аккаунтларигагина кириш керак.

Ҳар доим ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ишончли манбалардаги хабарлар билан солиштириб кўрган яхши. Агарда сизга шубҳали туюлган пост ёки видео келса, уни албатта текширишни унутманг.

4. Шубҳаландингми – бўлишма

Агарда хабарнинг ишончлилигига гумонингиз бўлса, дўстларингиз ва яқинларингизга юборманг. Бу муаммолар келтириб чиқариши мумкин, шунинг учун хабарни "ҳар эҳтимолга қарши" юбора кўрманг.

Кўпчилик ўзларида шубҳа туғдирган постларни тасдиқлаш ёки инкор қилиш учун уларни экспертлар гуруҳига жойлайди. 

Бундай қилиш фойдали, аммо гуруҳда пост қўйишдан олдин бу постнинг тўғри эканлигига шубҳа қилаётганингиз ва маслаҳат олмоқчи эканлигингизни билдирганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Яна бир нарсани ёдда тутинг, агарда сиз жойлаган пост фаол тарқала бошласа, у ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.

5. Фактларни алоҳида-алоҳида текширинг

WhatsApp’да коронавирус билан боғлиқ кенг оммалашган уйдирма айланиб юрибди. Уни турли мамлакатлардаги бир неча ўн киши Би-би-сига жўнатган. Ушбу аудиофайлда бир эркак "шифокор дўсти бор ҳамкасби"нинг тавсияларини ўқиб беради.

Унда фойдали ва асоссиз маслаҳатлар санаб ўтилган.

Факт ва тўқималарни биргаликда келтириш тарғиботнинг асосий усулларидан бири ҳисобланади. Масалан, сизга тавсиялар рўйхати келди, рўйхатда сиз тўғри эканлигини аниқ биладиган битта тавсия бўлса, қолганларини ҳам тўғри деб қабул қилишингиз ҳеч гап эмас. Аммо рўйхатнинг ярми ёки учдан бири тўқималардан иборат бўлади.

6. Ҳиссиётга берилишдан сақланинг

Одамларда ҳиссиёт – қўрқув, нотинчлик, қайғу ёки қувонч уйғотадиган хабар жуда тез тарқалади.

"Қўрқув – дезинформацияни ҳаракатлантирадиган асосий кучлардан бири, у қўрқув туфайли "гуллаб-яшнайди", - дейди журналистларга дезинформацияга қарши курашда кўмаклашувчи First Draft ташкилоти эксперти Клер Уордл.

"Одамлар ҳамиша яқинларига ёрдам беришни исташади, шунинг учун "Вирусга чалинмаслик учун маслаҳатлар" ёки "Бу дорини қабул қилинг!" деган ёзувларга кўзи тушиши билан, дарҳол ҳаракатга тушади", - дейди Уордл.

7. Ҳақиқат ва тасаввурни ажратинг

Сиз хабарни унинг ишончли эканлигини билганингиз учун бошқаларга ҳам юборасизми ёки у сизнинг дунё тўғрисидаги тасаввурингизга мос келганлиги учунми?

Demos институтининг ижтимоий медиани таҳлил қилиш маркази ходими Карл Миллернинг сўзларига кўра, биз кўпинча дунё ҳақидаги тасаввурларимизни тасдиқлайдиган постларни бошқалар билан бўлишамиз.

"Биз ёлғон маълумот тасаввуримизга мос келган пайтда унга ишона бошлаймиз. Худди ана шу вақтда мия таҳлил қилишдан тўхтайди", - дейди у.

Мавзуга оид