Баҳорнинг илк кунларида Қашқадарёда бўлган Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари Зафар Холмуродов билан учрашиб, ундан интервью олишга кўндирдик. Кўп йиллардан бери «Насаф» клуби ўринбосарлари бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган собиқ ҳужумчи билан Қаршидаги «Марказий» ўйингоҳ трибунасида суҳбатлашдик. Қуйида интервьюнинг биринчи қисмини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

 Фаолияти, шогирдлари ва «Насаф» академияси муваффақияти ҳақида

 - Ассалом алайкум, Зафар ака. Йиллар ўтиб, сиз билан яна учрашиб турганимиздан хурсандмиз. Келинг, суҳбатимизни ҳозирги фаолиятингиз билан бошласак, нималар билан бандсиз?

- Бугунги кунда «Насаф» клуби ўринбосарлари жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритиб келаяпман. Бу ердаги бош вазифамиз «Насаф» клубининг асосий таркибига ёш футболчиларни етказиб бериш ҳисобланади. Дастлаб клуб академиясидан ўсмир ва ёшларни ўринбосарлар жамоамизга чақирамиз, кейин йил давомида бизда тўп сургач, иқтидорли ва Суперлигага тайёр ёшларни асосий жамоа бош мураббийи Рўзиқул Саъдуллаевич билан маслаҳатлашиб, бош жамоамизга ўтказамиз.

- Сўнгги йилларда «Насаф» ўринбосарлари сафидан бир қатор иқтидорлар етишиб чиқди. Шогирдларингиз орасидан кимларни кўрсата оласиз?

- Элга танилгани кўп. Масалан, «Насаф» ва Ўзбекистон ёшлар жамоасида тўп суриб келган Бобур Абдухолиқов, Шароф Муҳитдинов, Азиз Ғаниевларни айтишим мумкин. Бу йигитларимиз академиямиз меваси саналади. Мактабимиздан ўринбосарлар сафида янада ўсиб, Рўзиқул Бердиев томонидан асосий таркибга жалб этилган. Мақсадимиз ҳам айнан мана шундай йигитларни клуб ва Ўзбекистон ёшлар ва миллий жамоаларига етказиб бериш саналади. Ёш иқтидорларни етишиб чиқишида академиямизни кўп йиллар бошқарган, ҳозирда «Насаф» клуби раҳбари саналмиш Сергей Петрович Кучеренконинг ҳам ҳиссаси катта.

 - Олимпия жамоамиз сафида Осиё чемпионати кашфиётига айланган Ойбек Бозоров ҳам қўл остингизда порлаб чиққан, шундайми?

- Ойбек Бозоров «Насаф» академияси тарбияланувчиси саналади. У Ғузорнинг «Шўртан» клуби сафида ҳам тўп сургач, «Насаф» ўринбосарлари сафига чақирилди. Бир йил давомида ўзини яхши кўрсатгач, Рўзиқул ака Ойбекни асосий таркибга жалб қилганди. У ўзига талабчан, интилувчан, ҳар томонлама иқтидорга эга. Футболчи ўзига нисбатан интизомли бўлса, меҳнат қилишдан қочмаса ўз ниятига етади.