Ўзбекистон | 18:57 / 04.04.2020
8830
4 дақиқада ўқилади

Дилором Тошмуҳамедова: қатъий тартиб-интизомга риоя қилиш шарт

Олий мажлис сенатининг расмий сайтида сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедованинг 3 апрель куни президент бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан кейинги мулоҳазалари эълон қилинди.

“Жорий йил 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари халқимизга яна бир бор мурожаат қилар экан, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, айрим жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан қайд этди.

Таъкидланганидек, ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланиб, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Президент мурожаатида айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлаётгани ибрат қилиб кўрсатилди. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймади.

Мутахассислар томонидан “япон феномени”ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асослаётгани эътироф этилди.

Шу ўринда коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш шартлари халқимизнинг азалий миллий қадриятлари билан уйғун эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Яъни тозаликка, саранжом-саришталикка, озодалик ва покликка, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кифоя. Шу билан бирга, карантин шароитида эълон қилинган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишимиз шарт ва зарур.

Ҳозирги кунда мутахассислар биздан уйда қолиш, масофадан туриб ишлаш, заруратсиз кўчага чиқмаслик, шахсий гигиена қоидаларини бузмаслик, фарзандларимизнинг уйда туриб онлайн дарс сабоқларини олиши ва бошқа фойдали машғулотлар билан шуғулланишларини тавсия қилишмоқда. Шундай экан, давлат томонидан халқ саломатлигини ўйлаб эпидемиологик хавф-хатарга қарши барча чора-тадбирлар кўрилаётган бир вақтда, берилаётган кўрсатма ва тавсияларга амал қилмаслик, лоқайд ва бепарво бўлиш бизга умуман ярашмайди. Аслини олганда, биздан кўп нарса талаб этилаётгани йўқ, фақат карантин қоидаларини бузмаслик, уйда бўлишимиз сўралмоқда, холос.

Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат “Оила” асарида ёзган ушбу ҳикматли сўзларни бир ёдга олайлик: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик ана шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Хулоса шуки, бугунги синовли дамлардан соғ-омон, талафотларсиз чиқиб олишимиз, энг аввало, ўзимизга боғлиқ” – дея якунланади сенаторнинг сўзлари.

Мавзуга оид