Японча фавқулодда вазият: мажбурлаш йўқ, ҳаммаси ихтиёрий
8 апрель куни Токиодаги пивохона ва барлар, караоке заллари ва бошқа муассасалар эшикларида қуйидаги ёзув пайдо бўлди: "Чуқур афсусдамиз, аммо фавқулодда вазият эълон қилингани туфайли ишимизни тўхтатишга мажбурмиз. Қадрли мижозлар, май бошларида яна сиз билан учрашиш орзусидамиз".
Ҳозир Япония пойтахтида об-ҳаво ажойиб: илиқ, лекин иссиқмас ва ҳаво намлиги ҳам юқори эмас. Аммо улкан ва аҳолиси зич шаҳарнинг гавжум ҳудудларида одам сийрак — шаҳар аҳолиси ҳукуматнинг уйдан фақат ишга ва жуда зарур ҳолатлардагина чиқиш тўғрисидаги илтимосини якдиллик билан адо этмоқда.
Бош вазир аҳолидан ўзаро мулоқотни камайтиришни сўради
8 апрель куни коронавирус тарқалиши сабабли Япония тарихида илк бор жорий этилган фавқулодда вазиятнинг асосий шарти ана шундай. Чекловлар ҳозирча фақат Токио ва хавотирли вазият пайдо бўлган яна олтита префектурада киритилган. Уларда жами 55 миллиондан ортиқ киши яшайди ва Япония ялпи ички маҳсулотининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади.
Фавқулодда вазият режими бир ой муддатга эълон қилинган ва 6 майгача амал қилади. Бундан мақсад, мамлакат бош вазири Синдзо Абэ таъкидлаганидек, одамлар орасидаги мулоқотларни 70–80 фоизга камайтириш. Ҳукумат экспертларининг фикрича, агар аҳоли ихтиёрий равишда ўз-ўзини изоляция қилишни таъминласа, икки ҳафтадан сўнг касаллик юқтириш ҳолатлари энг юқори чўққисига чиқади ва пасая бошлайди. Кўпчилик бу ҳисоб-китобларни ортиқча оптимистик деб ҳисобламоқда ва вазият АҚШ ёки Европадагичалик бўлмаса-да, бундан ҳам ёмонига тайёрланишга чақирмоқда. (Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 10 апрель ҳолатига Японияда коронавирусга чалинганлар сони 5530 кишини ташкил этади, 99 киши вафот этган, 685 киши тузалган).
Рухсатнома ва патруллар йўқ
Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Япония ҳукумати одамларни уйда ўтиришга мажбур қилиш учун кескин чораларга қўл урмаяпти. Рухсатнома тизими йўқ, кўчада юрганлик учун жарима солинмайди, кучайтирилган полиция патруллари ва ҳарбийлар кўринмайди. Аҳоли барча чекловларга ихтиёрий равишда риоя қилмоқда, одамларнинг уйда ўтиришлари эса қатор объектларнинг ёпилиши билан янада мустаҳкамланади.
Объектлар рўйхати фавқулодда вазият жорий этилган префектуралар губернаторлари томонидан тузилади, гап биринчи навбатда ичкилик ичиш муассасалари ва ресторанлар ҳақида боради. Кинотеатрлар, музейлар, стадионлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойлар ёпилган, вокзал ва аэропортлардан ташқари.
Темир йўл ва авиаташувлар ҳажми кескин тушган — кўплаб авиапарвозлар бекор қилинган, меҳмонхоналар бўм-бўш турибди. Туризм бизнесида 40дан ортиқ компания касод бўлди ва бу ҳали бошланиши.
Қийналиб қолган бизнесменлар ва оилаларга пул берилади
Токио вазиятнинг жиддийлигини тушуниб турибди: душанба куни бош вазир Абэ зарар кўраётган бизнесменлар ва шахслар учун фавқулодда ёрдам пакетини эълон қилди. Ушбу мақсад учун 108 трлн иен — қарийб 990 млрд доллар ажратилади. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик ана шундай дастур бўлиб, у ЯИМнинг 20 фоизини ташкил этади.
Ойлик даромади ярмидан кўпига қисқарган оилаларга 300 минг иен (2,8 минг доллар атрофида)дан берилади. Ҳар бир бола учун 10 минг иен — 92 доллардан тўланади. Даромадлари сезиларли даражада пасайган кичик ва ўртача компаниялар эгаларига 18 минг долларгача субсидия бериш ваъда қилинмоқда. Ҳукумат хусусий банкларни тадбиркорларга фоизсиз кредитларни гаровсиз беришга ундайди. Компаниялар даромади пасайган тақдирда солиқларнинг бир қисмидан озод этилади.
Мавзуга оид
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
15:00 / 23.12.2024
Япония савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилади
18:22 / 22.12.2024