Ўзбекистон | 21:39 / 12.04.2020
38502
3 дақиқада ўқилади

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига қанча маблағ тушди ва у нималарга сарфланмоқда?

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бошқарув раиси Aсрол Мирзаҳмедов Kun.uz мухбири билан суҳбатда фонддан кўзланган мақсадлар, шу пайтгача қанча пул тушгани ва бу маблағларнинг қанчаси қандай мақсадлар йўлида сарфлангани ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, бу фонд коронавирусга қарши кураш заруратидан, яъни яқинда ташкил этилгани йўқ. «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди бир неча йиллардан буён аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож, якка-ёлғиз, ногирон қатламларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

«Ҳар йилги харажатлар сметаси бир неча миллиард сўмни ташкил қилади. Айнан коронавирусга қарши кураш доирасида бу фондга эътибор кучайиб, унинг аҳамияти кескин ошиб кетди», – дейди Асрол Мирзаҳмедов.

Фонд раисига кўра, ҳомийлик ҳисобидан шаклланган маблағларни сарфлашнинг вақтинчалик тартиби қуйидагича:

  • Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тегишли тиббиёт муассасаларига дори воситалари, тиббий буюмлар, лаборатория реактивлари ва бошқа сарфлаш воситаларини сотиб олишга;
  • Коронавирус тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган даволаш-профилактика муассасаларида дезинфекция тадбирларини амалга ошириш учун дезинфекцияловчи восита ва асбоб-ускуналарни, шунингдек, тиббиёт асбоб-ускуналари ва махсус транспорт воситаларини сотиб олишга;
  • Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, профилактика ва тарғибот ишларига;
  • Тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга;
  • Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа йўналишлар ходимларини моддий рағбатлантиришга маблағлар йўналтирилади.

Асрол Мирзаҳмедовнинг сўзларига кўра, фондга қисқа вақт давомида ҳайратланарли даражада маблағ келиб тушган.

«10 апрель ҳолатига кўра, турли ташкилотлар ва жисмоний шахслардан фонди ҳисоб рақамига 57 миллиард 613 миллион сўмдан ортиқроқ миқдорда маблағ келиб тушди.

Aйнан жисмоний шахсларнинг ўзи 2 миллиард 370 миллион сўмдан кўпроқ ҳомийлик қилди. Бу ҳам юртдошларимизнинг мавжуд вазиятга бефарқ эмасликлари, саховатини кўрсатиб турибди. Биргина 10 апрель санасининг ўзида қарийб 1,5 миллиард сўм ҳомийлик маблағи келиб тушди.

Харажатларга келсак, 10 апрель кунига қадар юқорида кўрсатилган мақсадлар учун 5 миллиард 767 миллиондан кўпроқ маблағ сарфланди», – деди Мирзаҳмедов.

Унинг сўзларига кўра, бу маблағлар бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда, мутасаддилар кўрсатмаси асосида энг зарур йўналишлар учун сарфланмоқда.

«Биз ОАВ билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Фаолиятимиз шаффофлигини таъминлашда уларга суянамиз. Келиб тушган маблағлар, сарф-харажатлар ҳақида барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз», деди Aсрол Мирзаҳмедов сўзи якунида.

«Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондининг ҳисоб рақамлари:

  • 20 212 840 9001 0173 4001 (АҚШ долларида)
  • 20 212 978 0001 0173 4001 (Еврода)
  • 86 00 33 299 742 5800 - Uzcard (сўмда)
  • 986 00 1010 240 5858 – Humo Card
  • 4084 16000 0316334 – Visa (AҚШ доллари)
  • «Ипотека-банк», Меҳнат, МФО: 00 423, ИНН: 200 897 248.
  • Тел 71-245-34-05, 71-245-34-47, 71-245-38-59

Мавзуга оид