Жамшид Қўчқоров: «Бундай шароитда маблағни аяб ўтирмаслик керак»
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бугунги кунда ҳар қандай ҳукумат олдида турган муҳим масала ҳақида гапирди.
Банк-молия сектори брифингида иштирок этган Бош вазир ўринбосари брифинг ташкилотчиларига мурожаатчилар томонидан юборилган саволларга жавоб берди.
— Карантин вақтида Ўзбекистондаги макроиқтисодий кўрсаткичлар қандай? Иқтисодиётда юзага келадиган салбий таъсирларни юмшатиш бўйича қандай чоралар кўрилади?
«Инқироз чоралари ва таъсири ҳам уч хил. Биринчиси, бу одамларнинг азият чекиши. Иккинчиси, иқтисодий пасайиш. Учинчиси, реал сектор ва молиявий сектордаги «шоклар» бўлиши мумкин. Бу жуда ҳам муҳим. Инқироз четдан кириб келганида мана шундай «шоклар» эҳтимоли ошади.
«Шок» бу нима? Мисол учун, авиакомпаниямиз фаолияти батамом тўхтаган. Чунки у учаман деса ҳам, биласизларки, бошқа мамлакатда бирорта аэропорт қабул қилмаяпти. Бу реал секторнинг «шоки», деди Қўчқоров.
Бош вазир ўринбосари бугунги кунда ҳар қандай ҳукумат олдида турган муҳим масала ҳақида айтиб ўтди.
«Ҳар қандай ҳукумат учун энг муҳим масала – инқироз, унинг таъсирини чўзиб юбормаслик. Уни тезроқ нейтраллаштириш, бартараф қилиш муҳим. Чунки иқтисодий пасайиш қанчалик чуқур ва давом этувчи бўлса, унинг таъсири жуда ҳам катта бўлади. Бу аҳолининг қашшоқлашишига, мамлакатни умуман ёмон аҳволга олиб келади. Шунинг учун вазифамиз иқтисодий пасайишнинг энг пастки нуқтаси чуқурлашишининг олдини олишдан иборат.
Ҳар қандай инқироз харажатни келтириб чиқаради. Олдимизда турган масалаларни харажатсиз ҳал қилиб бўлмайди. Ҳозирги вақтда бюджет тақчиллиги унча ёки бунча бўларкан деган гапларга ўрин йўқ. Иқтисодиётни сақлаб қолиш ҳақида гап кетяпти. Раҳбариятнинг топшириқлари билан айрим саноат тармоқлари, қурилишда ишларни жонлантириш бўйича ишларни бошладик. Жуда ҳам катта харажатлар ҳақида гап кетиши мумкин. Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги халқаро молия ташкилотларидан, ҳукуматлардан кредит маблағларини жалб қилиш бўйича иш олиб боришяпти. Шу билан бирга, ички ресурсларимизнинг ҳам ишлатилиши эҳтимоли катта. Бу давлатимиз раҳбарининг қарорлари билан бўладиган тадбирлар.
Маълум бир ресурсларга эга ҳар қандай мамлакат бундай шароитда маблағни аяб ўтирмайди. Чунки бугунги кунда маблағни аяб ўтириш – инқирозни циклини чўзиб юбориш демакдир. Уни чўзиб юбориш дегани иқтисодиётга етадиган зарарни чуқурлаштириб бориш ва иқтисодиётнинг ўнгланишини орқага суриш. Иқтисодиётнинг ўнгланиши қанчалик орқага сурилаверса, одамлар азият чекиши ҳам узоқроқ давом этаверади, даромадлар ҳам тушиб боради ва охир-оқибат давлатнинг ўзи бюджетига маблағ ололмайди», дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024