Ўзбекистон | 14:50 / 19.04.2020
56986
9 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов синф раҳбарлиги лавозимини тугатиш ва инқирознинг таълимга таъсири ҳақидаги саволга жавоб берди

Бир гуруҳ журналист ҳамда блогерлар билан ўтган онлайн мулоқотда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов соҳада долзарб бўлиб турган қатор саволларга жавоб берди. Мулоқотда журналистлар томонидан мактабларда тарбия дарслари ўтилиши бошлангани ва бу дарснинг асоси нимадан иборат бўлиши борасида савол берилди. Халқ таълими вазирига кўра, Ғарб давлатлари тажрибасида мактабнинг роли, асосан, таълим бериш билан белгиланади. Тарбия эса оилада берилади. 

«Лекин бизда азалдан мактабдан тарбия ҳам кутилади. Ва шунинг учун ҳозир ҳам тарбия билан таълимни бирга олиб борилишига ҳаракат қилинмоқда. Чунки кимдир зўр олим бўлса-ю, яхши инсон бўлмаса, ундан инсониятга кўпроқ зарар етиши мумкин. Атом бомбаси, Иккинчи жаҳон уруши қуроллари устида ҳам тажрибалар малакали олимлар томонидан амалга оширилган. Лекин улар яхши инсонлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам тарбиянинг вазифаси билимли инсон билан бирга яхши инсонни тарбиялашдан иборат. Мактаб тизимида ҳозиргача жуда кўп шунга ўхшаган бир нечта тарқоқ фанлар бор эди. Уларни бирлаштириб, алоҳида фан қилиш ишлари олиб борилмоқда. Асосий мақсадимиз мактабни битираётган баркамол авлодни етиштиришдан иборат. Яъни битирувчи билимли, ўз устида ишлайдиган шахс бўлиши зарур. Бунда фақат азалий қадриятлар: катталарни ҳурмат қилиш, уларга салом бериш кабилар эмас, балки ҳалол пул топиш, ўз устида ишлаш кўникмаларини ҳам шакллантириш вазифаси қўйилган. Сабаби, бу нарсаларни ҳали ҳам кўпчилик тушуниб етаётгани йўқ. 

Масалан, аксар одамлар АҚШга боришни ва у ердаги ҳаётни орзу қилади. Ўзбекистон, янглишмасам, «Green card» ўйновчи давлатлар орасида ҳам олдинги ўринларда туради. Лекин Американи Америка қилган нарсага, ундаги ҳаётга осонликча эришилмаган. 

АҚШда одамлар ўз кучи билан, интеллектуал салоҳияти билан ютуққа эришган. Биз ҳам болаларимизга фақат ўзларининг билими ва меҳнати билан натижага эришиши мумкинлигини ўргатишимиз зарур. 

Тарбия фани мана шу нарсаларни қамраб олиши зарур. Ва бу фанни шакллантириш устида ишлар олиб бориляпти. Албатта, балки камчиликлар ҳам кузатилиши мумкин. лекин улар устида ҳам ишланади», – деди у.

Шерматов журналистдан саволга қанчалик тўлиқ жавоб беролгани ҳақида сўради. Журналист эса, вазирдан тарбия фани доирасида ҳадис илми ҳам ўргатилиши мумкинми, дея сўради. Саволга жавобан вазир бу борада эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат Ўзбекистоннинг ҳозиргача айнан қайси хусусиятлари билан ажралиб келаётгани эканини таъкидлади.

«Ўзбекистон кўпмиллатли ва диний бағрикенг давлат саналади. Шу жиҳатни ҳисобга олган ҳолда қонунан, таълим ва дин бир-биридан ажратилган. Албатта, тарбия фани доирасида тарбиявий аҳамияти катта ҳадислардан ҳам фойдаланиши мумкин. Лекин фақат диний тарбия берилмайди. Мана шу жавобнинг ўзини ҳам муҳокама қилиш мумкин. Лекин диний бағрикенглик сиёсати ва миллатлараро тотувлик катта ютуғимиз эканини унутмаслик зарур», – деди у.

Мактабларда «синф раҳбари» деган лавозим бор. Бу лавозимдаги ўқитувчилар ойлигига қўшиладиган маблағ эвазига 30-40 ўқувчининг тарбияси, ўқишини назорат қилиши, уларнинг турли ҳужжат ишлари билан ҳам шуғулланиши керак.

Мулоқотда вазирга синф раҳбарлиги бир ўқитувчига ортиқчалик қилиши ва ўша ойликларга алоҳида тарбия билан шуғулланадиган ўқитувчилар бўлимини ташкил қилиш ҳақида савол берилди.

«Синф раҳбарлари мавзусига тўхталсак, албатта, уларнинг ўқувчилар билан ишлашда масъулияти катталигини тан оламиз. Шунинг учун уларни рағбатлантириш масаласини кўриб чиқяпмиз. Мактабларда мавжуд «Директор жамғармаси»дан синф раҳбарларини қўшимча рағбатлантириш имкониятини ошириш масаласи кўрилмоқда», – деди Шерматов. 

Взазир шунингдек, тарбия билан ишлайдиган алоҳида бўлим масаласига келганда, хоҳишлар чегараланмагани, имкониятлар эса чегараланганини унутмаслик зарурлигини таъкидлади. 

«Иқтисодиёт фани хоҳишларимизни қондириш учун тўғри маблағ ажратишга ўргатади. Вазир сифатида мен ҳам мактабларда ҳамма шароитлар бўлишини, маошлар ошишини, етарлича ўқитувчилар бўлишини хоҳлайман. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам имкони йўқ.

Масалан, ҳозирда аҳолимизнинг ярмидан кўпи солиқ тўламайди. Улар орасида ўз даромадига эгалари ҳам бор ва ҳаммасининг фарзанди мактабга боради. Агар аҳолининг ҳаммаси солиқ тўлаганда давлат бюджетидан таълимга ажратиладиган пул 2 баробар ортган бўлар эди. Ўша вазиятда ўқитувчилар ва шифокорлар ойлиги ҳам 2 баробар ошган бўларди. Демоқчиманки, ресурслар чекланган. Ва имкониятдан келиб чиқиб ишларни ташкил қилиш давом этади», – деди у.

Иқтисодий инқироз халқ таълими тизимига ҳам таъсир этмай қолмайди. Шу пайтга қадар қилинаётган ишлар: эркак ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларнинг ойлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар тўхтаб қолиши эҳтимоли катта. Шунақа рисклар кутилаётган бир пайтда вазирлик нималарни режа қиляпти? Иқтисодий инқирозга таълим тизими қандай мослашади? 

Журналистларнинг навбатдаги саволи шу мазмунда бўлди.

Шерматовнинг айтишича, бунда биринчи навбатда ортиқча деб ҳисобланган лойиҳалар тўхтатиб турилади. 

«Лекин бу каби лойиҳалар ҳам ортиқча эмас, фақат уларнинг натижаси 2-3 йилдан кейин кўзга ташланади. Шунинг учун биз уларни тўхтатиб туришга мажбур бўламиз. Иқтисодий инқироз даврида асосий масала, аввало, одамларнинг қорнини тўйғизишдан иборат. Ва ҳукумат ҳам биринчи ўринда, аҳоли турмуш тарзини осонлаштириш масаласини қилиши керак бўлади. Бу вазиятда таълим учун қўшимча имконият ва маблағ сўраш вақти эмас», деди Шерзод Шерматов. 

Халқ таълими вазирининг айтишича, ҳозир иқтисод қилинган барча маблағни коронавирус таъсирини юмшатишга сарфлаш зарур бўлади. Буни ҳамма ҳамжиҳатликда тушуниши зарур. 

«Дейль Карнеги асарларидан бирида «Агар сизга фақат лимон насиб қилган бўлса, унда лимонад тайёрланг», дейилади. Албатта, ҳар қанақа вазиятдан чиқиш йўлини топиш керак. Масалан, онлайн дарсларнинг ташкил этилаётгани ҳам ижобий жиҳатларини кўрсатяпти, чунки яхши ўқитувчилар дарс ўтишяпти. 

Тўғри айрим хатоликлар ҳам бор, улар етарлича муҳокама қилинди. Лекин онлайн дарс ўтаётган тажрибали, узоқ ҳудудлардаги ўқитувчиларга солиштирганда малакали ўқитувчилар дарсини турли ҳудудлардаги болалар кузатяпти. Биз бу лойиҳани такомиллаштиришни режа қилиб қўйдик. Бу билан ҳам ўқувчилар билимини ошириш, ҳам ўқитувчиларнинг малакасини оширишга эришишимиз мумкин. Ҳозир вазирлик асосий кучини мана шу онлайн дарслар учун сарфламоқда. 

Кейинги навбатда, агар пандемия чўзиладиган бўлса ёки бунга ўхшаш ҳолатлар яна содир бўлса, биз таълим соҳасида ҳам ахборот технологиялари инфраструктурасини ривожлантиришимиз зарур бўлади. 

Бунда мактабларни рақамлаштириш масаласини ҳал қилиш муҳим. Анча олдин олий таълим тизимида «Электрон таълим» тармоғи қилинган ва олий таълимда барча ОТМлар оптик толалар орқали боғланган. Мана шу нарсани мактаблар учун ҳам қилишимиз зарур. Давлат раҳбари томонидан ҳам 3 йил ичида барча мактабларни юқори сифатли интернет билан таъминлаш топшириғи берилган ва бу ишлар тўхташи керак эмас. Буни узоқ муддатли кредит жалб қилиш ҳисобига амалга оширишга мажбур бўламиз. 

Яна бир олдимизда турган режаларимиздан бири ўқитувчиларни касбий сертификатлаш ва унга эришган ўқитувчиларнинг маошини ошириш эди. Ҳамма ўқитувчининг маошини бирдан ошириш бюджетга катта юк бўлиши мумкин, лекин айнан юқори малакали ўқитувчилар ойлигини ошириш зарур. Бироқ ҳозир бунинг вақти эмас. Чунки ҳозир ҳамманинг яшаб қолиши учун пул йўналтирилиши зарур. 

Кириш имтиҳонлари масаласига келсак, буни ташкил қилишнинг ҳам йўлини топиш мумкин. Хорижий тажрибани ҳам ҳисобга олган ҳолда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда имтиҳон олиш, ота-оналарнинг бирга келишини чеклаш билан имтиҳон олиш мумкин. Ҳужжатларни эса онлайн топширишнинг имконияти бор», – деди у.  

Халқ таълими вазирига кўра, иқтисодиётга қўшимча маблағ жалб қилиш масаласини ҳам ўйлаш зарур. Лекин таълимдан олдин ҳам пул ажратилиши керак бўлган соҳалар кўп.

«Бизда ҳали таълим учун маблағ йўналтириш маданияти ҳам тўла шаклланмаган. Масалан, Хан академияси ўз лойиҳасини амалга ошириш учун етарли маблағ йиғишга ҳам жуда кўп ҳаракат қилди ва вақт сарфлади.

Агар ҳозир халқ таълимининг йиллик бюджети 18,9 триллион сўмдан иборат бўлса, унинг 90 фоиздан ортиқ қисми ўқитувчилар ойлигидан иборат. Қурилиш қисми эса бюджетнинг кичик фоизини ташкил қилади. 

Лекин чет элга ишлашга кетадиган аҳолининг ҳам карантин даврида уйда ўтирганини ҳисобга олиб, давлат қурилиш соҳасига ажратиладиган маблағни ошириши ва шунинг билан аҳолига қўшимча иш ўрни яратиб бериши мумкин», – деди Шерзод Шерматов.

Мавзуга оид