Молия вазирлигининг ахборотига кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 756 млрд сўмлик умумий харажатдан ижтимоий ҳимоя учун 117 млрд сўм белгиланиб, унда доимий даромадидан четлаштирилган кишиларни моддий қўллаш нафақалари ажратиб кўрсатилмаган.
Жамғарманинг даромад қисмига эътибор берсак, унинг 1 596 млрд сўмни ташкил этилишини кўрамиз. Ундан ташқари, президентнинг махсус фармонига кўра, жамғарманинг умумий ҳажми 10 000 млрд сўмни ташкил қилиши керак. Эҳтимол, эълон қилинган харажатлардан ортганининг маълум миқдори карантин сабабли маош ола олмаётган аҳоли турига моддий кўмак тайинланар ва ҳозирги вақтда рақамларни аниқлаштириш жараёни кетаётгандир. Нима бўлганда ҳам бу вазифани узоқ кечиктириб бўлмайди.
Молиявий кўмак миқдорини белгилаш учун уч омилга қаралади:
– мазкур мақсад учун ажратилган жамғарма миқдори;
– нафақа олишга ҳақли ҳар бир кишига кўрсатиладиган минимал молиявий кўмак миқдори;
– молиявий нафақа олишга ҳақли аҳолининг умумий сони.
Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Kun.uz'га берган интервьюсида нафақага мухтож кишиларни аниқлаш осон кечмаслиги, бунинг сабаби – меҳнат қилиб келган шахсларнинг катта қисми норасмий секторда банд эканини айтиб ўтди.
Қимматли вақт йўқотмаслик мақсадида кўмак траншларини бир неча босқич – эшелонлар билан ташкил қилинишини тавсия этамиз. Бундай механизм икки оқимли тизим билан ишлайди: ахборот ва маблағ оқимлари. Махсус комиссия қошида марказий молиявий кўмак хизмати ташкил қилиниб, унга нафақа траншлари бўйича банкларга топшириқ бериш ваколати берилади.
Биринчи эшелон: Банклар ўз мижозлари бўлмиш вазирликлар, уюшмалар, ташкилотлар, маҳаллий бюджетлар ва хусусий корхоналардан (умумий қилиб «ташкилотлар» деб атаймиз) карантин муддатига маошидан четлаштирилган ходимлар умумий сони ҳақида ахборот йиғади ва олинган ахборотни Махсус комиссияга юборади.
Махсус комиссия молиявий кўмак умумий рақамида ҳар бир банкка талаб қилинган миқдорда маблағларни ўтказади, банк эса ўз навбатида ташкилотлар сўраган маблағни уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказади.















