ФИФА собиқ президенти: «ЖЧ-2022 мезбонлигини Қатар эмас, АҚШ олиши керак эди»
ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер ЖЧ-2022 мезбонлиги Қатарга эмас, балки АҚШга берилиши кутилганини, аммо Франция президенти Николя Саркози ҳаммасини барбод қилганини айтди.
Йозеф Блаттер — дунё футболи тарихидаги энг машҳур ва нуфузли мулозимлардан бири. 1981-1998 йилларда швейцариялик ФИФА бош котиби, 1998-2015 йилларда президенти бўлиб ишлаган. Унинг раҳбарлигида 5та жаҳон чемпионати ўтказилди.
2015 йилда Йозеф Блаттер ЖЧ-2018 мезбонлигини Россияга, ЖЧ-2022 мезбонлигини Қатарга берилишидаги коррупция билан боғлиқ можаролар туфайли футболдаги фаолиятдан 6 йилга четлатилган эди. Россиянинг «Известия» нашри 84 ёшли собиқ мулозим билан суҳбатлашиб, бу ҳақдаги фикрлари билан қизиқди.
— Ўзингизни карантинда қандай ҳис қиляпсиз?
— Ўзимни яхши ҳис қиляпман, ҳамма қатори карантинда ўтирибман. Ҳар доим уйимдаман. Дўстларим мен ҳақимда қайғурмоқдалар. Ҳеч ким мени тарк этмаган.
— Коронавируснинг қаттиқ зарбаси футболни бутунлай тўхтатиши ва бу спорт тури одатдаги кўринишидан ажралиши мумкинми?
— Асло. Футболни тўхтатиб бўлмайди. Футболнинг асосида инсоннинг инстинкт ҳаракатлари – оёқ билан тепсиниш ётади. Бола ҳам она қорнида тепсинади. Ҳамма шу ҳаракатларни қилади. Шулар асосида футбол пайдо бўлиб, жамиятнинг бир қисмига айланган. Қоидалар ҳақида бир нарса деёлмайман, аммо 100 йилдан кейин ҳам одамлар футбол ўйнашади.
— УЕФА барча лигалардан мавсумни якунлаб олишни талаб қилмоқда. Бунга нима дейсиз?
— Менимча, бу ҳозирги вазиятда ўринли ва муҳим талаб. Ҳозир халқаро эмас, балки, ички мусобақалар муҳим. УЕФА миллий чемпионатларни якунлаб олиш бўйича тўғри талаб қўймоқда. Ҳатто мухлисларсиз бўлса-да, ички чемпионатларни якунлаб олиш керак.
— Пандемия тугагач, замонавий футболда нималар ўзгаради?
— Ишончим комил, пандемия ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 48тага етказиш ҳақидаги ғоясига эътиборни жалб қилади. Ҳозир унда 32та жамоа иштирок этмоқда. Менимча, жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини оширмаслик керак.
— Бу инқироздан чиқиш учун ФИФА ва УЕФАга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
— Футбол якка ҳолда инқироздан чиқолмайди. Демак, у дунё ҳукуматлари қарорларини ҳурмат қилиши, уларга мослашиб олиши керак. Чунки биз жамиятнинг бир қисмига айланганмиз. УЕФА бу борада тўғри йўлдан кетяпти – аввало миллий чемпионатлар ҳақида қайғурмоқда. ФИФА эса юқорида айтганимдек, воқеликка қайтиши керак.
— Ўйинларни мухлисларсиз ўтказиш шартми?
— Бунга қарши эмасман. Чунки футболни ўйнаш керак. Яна бир жиҳати – футбол профессионал спортга айланган. Футболчилар ишлаши керак, ўз вазифасини бажариши керак. Иккинчидан, футбол ТВ трансляцияларидан олинадиган даромадларга боғланиб қолган. Агар даромадингиз бўлмаса, молиявий муаммоларга дуч келасиз. Шу туфайли, бўш трибуналар остида ўйналса ҳам, ТВ трансляциялар ҳуқуқини сотиб, лигалар ва клублар «жон сақлаб қолиши» мумкин.
— Жанни Инфантинонинг ФИФА президенти лавозимидаги ишига қандай баҳо берасиз?
— Мен унинг жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини кўпайтириш ҳақидаги таклифига қаршиман. Бу футболнинг ривожланишига салбий таъсир қилади. У мен билан алоқаларни узган. ФИФА билан фикримиз бир жойдан чиқмаяпти. Бу ташкилотдагилар ўзининг собиқ раҳбарига ҳурматни йўқотган.
— АҚШ ҳозирги мураккаб шароитда ЖЧ-2018 ва ЖЧ-2022 мезбонлиги ҳуқуқини қўлга киритишда пора берилгани ҳақидаги мавзуни кўтараётганига қандай муносабат билдирасиз?
— Бу масала бўйича ўтказилган судларда гувоҳ сифатида иштирок этганман. Россиядаги жаҳон чемпионати 2018 йилда ўтказилди. Тугаб бўлган чемпионатга ҳужум қилиш нимага керак? Ҳозир бунинг вақти эмас-ку? Қайд қилишим жоизки, улар айнан Россиядаги жаҳон чемпионатига қарши бўлишди ва Қатардаги жаҳон чемпионатига унчалик эътибор беришмади. Улар 2014-2015 йиллардан бошлаб бунга фаол қаршилик қилишни бошлашди. Ҳаммаси Цюрихдаги ФИФА конгрессидан бошланди. АҚШ хатти-ҳаракатлари мени ҳайрон қолдирмаяпти.
— Россия Футбол Иттифоқи фахрий президенти Вячеслав Колосков баёнотига кўра, сиз Россияга қарши бормаганингиз учун футболдан четлатилибсиз. Бунга нима дейсиз?
— Дўстим Вячеславга айтишим мумкинки, мутлақо ундай эмас. Мен Россия туфайли футболдан четлатилмадим. Биз ФИФА президенти бўлишга интилаётган Платинини тўхтатмоқчи эдик. Мен 2019 йилгача бу лавозимга сайланиб қўйган эдим, шу туфайли унга интилмадим. Россиянинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
— ФИФА ЖЧ-2018 мезбонини танлаб адашмаганини қачон тушуниб етдингиз?
— Буни шу заҳоти тушунганман, чунки ўзим танлаганман. 2010 йилда Цюрихда бу масала бўйича учрашдик ва келишиб олдик. 2018 йилги жаҳон чемпионати Россияда, 2022 йилгиси АҚШда ўтказилиши лозим эди. Дунёдаги иккита катта куч мундиални ўтказиб, бир-бири билан дўстона келишиб олишига умид қилгандим. Аммо сўнгги паллада Франция президенти Николя Саркози бу ишга аралашиб, ҳаммасини барбод қилди. У ватандоши, УЕФА президенти Мишель Платинини АҚШ номзодини эмас, Қатар номзодини ёқлашга кўндирди. Натижада, АҚШ сайловда 4та овозни йўқотди. Шу иш юз бермаганида 2022 йилги жаҳон чемпионати АҚШда ўтказиларди, бу катта муаммолар эса юз бермасди.
— Ҳакамнинг видео-ёрдамчиси тизимига (VAR) қандай муносабат билдирасиз. Унинг жорий қилиниши билан футбол жиддий ўзгардими?
— Футбол, ҳакамлар ва ўйин назорати ҳам ўзгарди. Бу тизимнинг баъзи ижобий томонлари бор, аммо унинг вақти етиб келмади деб ҳисоблайман. Ҳатто ҳозир ҳам у етарли даражада синовдан ўтказилмади. Вазиятлар турлича талқин қилинмоқда ва лигалардаги муаммолар ҳали ҳам мавжуд. Шунигдек, мухлислар ҳам VAR орқали қабул қилинаётган қарорларни тушунишмаяпти. Ҳали кўп нарсаларни созлаб олиш керак, айниқса мухлисларни бу ҳақда хабардор қилиш масаласини. Биз телевидение билан футболни жаҳонга ёйиш мақсадида ҳамкорлик қиляпмиз. Аммо ҳеч қачон телевидениедан футболга ҳакам бўлишни сўрамаганмиз.
Биринчи Европа чемпионатининг ўтказилишига 60 йил тўлиши муносабати билан «Известия» Йозеф Блаттердан энг яхши футболчилардан иборат рамзий жамоани тузишни сўради.
ФИФА собиқ президентининг танлови қуйидагича бўлди:
Дарвозабон: Лев Яшин (Россия).
Ҳимоячилар: Паоло Мальдини (Италия), Франц Беккенбауэр (Германия), Жерар Пике (Испания).
Яримҳимоячилар: Йоҳан Кройф (Нидерландия), Бобби Мур (Англия), Зинедин Зидан (Франция), Ференц Пушкаш (Венгрия).
Ҳужумчилар: Криштиану Роналду (Португалия), Уве Зеелер (Германия), Марко ван Бастен (Нидерландия).
Мураббий: Висенте дель Боске (Испания).
Мавзуга оид
15:16 / 18.07.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон бир поғона юқорилади, Испания 3-ўринга кўтарилди
22:37 / 06.05.2024
ФИФА футзал миллий жамоаларининг рейтингини янгилади: Ўзбекистон жаҳонда 11-поғонага кўтарилди
22:22 / 03.04.2024
ФИФА футзал бўйича ЖЧ-2024 қуръа ташлаш маросимини Самарқандда ўтказади
21:10 / 23.02.2024