Ўзбекистон | 15:40 / 20.04.2020
23060
3 дақиқада ўқилади

«Кўчабоши», «уйбоши» - маҳаллалар фаолиятига тааллуқли қонун лойиҳаси билан янги атамалар киритилиши мумкин

Фото: mahalladosh.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

 Ушбу қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар ўз аксини топган. Жумладан, фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) беш йил муддатга сайланиши белгиланган. Амалдаги Қонунга кўра, бу муддат уч йилни ташкил қилади.

 Шунингдек, амалиётда қўлланиб келинган, бироқ қонунчиликда акс этмаган бир қатор тушунчаларга аниқлик киритилмоқда. Масалан, кўчабоши – фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро сифатида, уйбоши – фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп квартирали уйларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро сифатида таърифланган.

 Президентнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 апрелдаги ПФ–5700-сон фармонида ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилганлиги, шунингдек президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармонининг 16-бандига асосан масъул котиб лавозими ўрнига фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганлиги сабабли мазкур қонун лойиҳасида ҳам ушбу лавозим ўз аксини топган. Жумладан, 22-моддада унинг ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари келтириб ўтилган.

 Бундан ташқари, Қонуннинг амалдаги таҳририда фуқаролар йиғини деганда фуқароларнинг умумий мажлиси тушунилган, амалиётда эса фуқаролар йиғини тузилма сифатида фаолият олиб боради. Шу боис, Қонун лойиҳасининг бутун матнида “фуқаролар йиғини” тузилма сифатида, “фуқаролар йиғини мажлиси” эса фуқаролар йиғинининг коллегиал органи сифатида қўлланилмоқда.

Мавзуга оид