Жаҳон | 08:05 / 22.04.2020
18913
7 дақиқада ўқилади

Карантиндан сўнг: Уҳанда кичик бизнесдан нималар қолди?

2,5 ойлик карантиндан кейин Уҳандаги йирик корхоналарнинг деярли барчаси фаолиятини тиклай олди. Лекин кичик корхоналардан бор-йўғи учдан бир қисми қайта очилган.

Уҳанда карантин бекор қилинганидан сўнг ҳам таранг вазият сақланиб қолмоқда.
Фото: EPA / Roman Pilipey

Ўтган йилнинг охирларида илк бор коронавирус юқиши ҳолатлари қайд этилган Уҳан шаҳрида 8 апрелга келиб карантин бекор қилинди, бироқ шаҳарда ҳамон таранглик сақланиб турибди. Кичик бизнес ҳукумат етарли даражада қўллаб-қувватламаётганидан норози, деб ёзади Forbes Russia.

Икки ярим ойлик карантиндан сўнг 11 миллионлик шаҳарда кичик корхоналарнинг фақат учдан бири қайта фаолият кўрсатиш учун очилди. Энди бизнесменлар ижара ҳақларини бекор қилиш ва давлатдан ёрдам талаб қилиб кўчаларга чиқишмоқда.

«Хитой компартияси Уҳанда қарийб уч ой давом этган карантиннинг ечилишини муваффақият тарихи сифатида такдим этишга тиришмоқда. Лекин 11 миллионлик мегаполиснинг иқтисодиёти нечоғлик тез тикланиши хавотир уйғотмоқда, — деб ёзади Financial Times. — Ҳозирча ҳукумат йирик саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш пайидан бўлмоқда, кичик бизнес эса яшаб қолиш учун ўзи тиришишга мажбур».

Нашр келтираётган расмий маълумотларга кўра, карантиндан сўнг йирик корхоналарнинг 97 фоизи ўз ишини тиклай олган, кичик корхоналарга оид статистика эса қайғули: 76 кунлик фавқулодда чоралардан сўнг уларнинг фақат учдан бир қисми очилган.

Шаҳарнинг очилиши ва карантин чораларининг тугаши бизнес учун шу ондаёқ қайта тикланишни англатмайди. South China Morning Post`нинг қайд этишича, аҳолининг жуда кам қисми ресторанларда таом буюртма қилмоқда, савдо марказларида харидлар амалга ошираётганлар ҳам кам, бу эса кичик бизнесни номаълум келажак билан юзма-юз қолдирмоқда.

«Яшаб қолиш имконсиз»

Уҳаннинг бир қатор туманлари ҳали ҳам ҳаракатланиш билан боғлиқ тақиқларга дуч келиб турибди, дўконларда эса мижозлар оқими жуда кам.

Шаҳардан чиқиб кетиш учун рухсат берилганидан сўнг икки кун ўтиб, 10 апрель куни кичик дўконларни юритувчи сотувчилар Grand Ocean савдо маркази олдидаги майдонга чиқиб, бино рўпарасида бир-бирларига қараб, орада бир метр масофа сақланганча ўтириб олишди.

Уларнинг юзларида тиббий ниқоб, қўлларида эса плакатлар бор эди. «Яшаб қолиш имконсиз» деб ёзилган эди акция қатнашчиларидан бири бўлган, Grand Ocean’да савдо майдончаси ижарага олган аёлнинг қўлидаги плакатда. Плакатда шунингдек карантиндан аввал тўлаб қўйилган ижара ҳақини қайтариш ҳам битилган эди.

Бундан бир кун аввал Хитойнинг Sina Weibo ижтимоий тармоғида кейинчалик ўчириб юборилган видео пайдо бўлди. Унда ўнлаб тадбиркорлар ижара тўловларидан бир йилга озод қилиш ёки шунга етарли пул беришни талаб қилишган. Бу талаблар, албатта, ҳукуматга қаратилган эди.

Норозилик акцияси қатнашчиларидан бири Bloomberg мухбирига уларнинг 99 фоизи коронавирус инфекцияси авж олганидан бери ўз бизнесларидан айрилган кичик дўконлар эгалари эканини айтган. Акциянинг бошқа қатнашчиси тадбиркорлар томонидан ёзилган видеороликка ҳукумат ҳеч қандай жавоб қайтармаганини айтиб ўтган.

«Вазият ҳали ноаниқлигича қолмоқда», — дейди Уҳандаги Optics Valley инновацион водийсига таомлар етказиб бериш билан шуғулланадиган икки ресторан эгаси Чжанг Фейҳу. У йил бошида, Хитойча янги йилда савдо қилиш учун бир неча минг долларга маҳсулотларни захира қилган, пировардида маҳсулотларнинг катта қисмини ташлаб юборишига тўғри келган. Шаҳарда ҳали ҳам аломатлар бўй кўрсатмаган касаллар кўплиги ҳақидаги ахборот Чжангнинг ресторанлари асосий мижозлари бўлмиш офис ходимларини ишга чиқишдан қайтариб турибди. У ҳозир кунига 425 доллардан зарар қилмоқда.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, давлат солиқ имтиёзлари бўйича аниқ сиёсат ишлаб чиқиши, ижарага берувчилар эса ён беришлари керак. Ижара майдонлари эгалари ҳам бундай қилишга аслида мажбур эмас, дея тан олади Чжанг, ахир улар ҳам мураккаб даврларни бошидан кечирмоқда.

Хизмат кўрсатиш – зиён кўраётган ягона соҳа эмас. Бизнес учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш фирмаси эгаси Ли Данинг айтишича, ўтган ойда уларнинг тушуми ўтган йилга нисбатан учдан бир қисмга камайган. «Токи мижозларимиз тўлақонли иш режимига ўтмас экан, биз олдингидек суръатда ишлай олмаймиз», — деган Ли.

Йирик корхоналарда вазият тамомила бошқача. Хитойнинг Dongfeng авто ишлаб чиқарувчиси ва японларнинг Honda компанияси билан қўшма корхона март ойининг охирларидан тўла қувват билан ишламоқда, 8 апрелга келиб улар 1237 та автомобиль ишлаб чиқарди. Бу лойиҳа қувватидан ҳам 16 фоизга ортиқроқ.

«Завод йўқотилган вақтни қувиб етмоқчи», —дейди корхона директори Ли Шикуанг.

Ишлаб чиқаришнинг тезгина қайта тикланиши кичик бизнес мосуво бўлган давлат ёрдами билан тушунтирилади, деб ёзади FT. Масалан, кичик бизнес вакилларининг кўпчилиги ҳамон очилмаганига сабаб, ҳукумат талабларига кўра, уларнинг ўзлари коронавирус учун ўтказиладиган тест ҳақини тўлашлари керак. Бундай тест нархи 37 доллар туради.

Шартли ёрдам

«Уҳан иқтисодиётининг тикланиши давлат томонидан назорат қилинадиган саноат етакчилари билангина амалга ошмайди, бунда ҳукумат кўрмасликка олаётган кўплаб оилавий дўконларнинг ҳам ўрни бор», — дейди номини ошкор қилишни истамаган Уҳан ижтимоий фанлар академияси илмий ходими.

Хитой ҳукумати кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бирор чора кўраётгани йўқ, дейиш ҳам нотўғри бўлади. Масалан, мамлакат Марказий банки банклар учун 1 триллион юань (140 миллиард доллар) кредит линиясини очмоқда. Бу маблағлар мақсадли бўлиб, кичик бизнесни кредитлашга сарфланиши керак. Бироқ, кредитлаш бир қатор чекловларга ҳам эгаки, қарз олишни истаганларнинг аксарияти бу чекловларга тушади.

Масалан, Хитойнинг Hankou давлат банки кичик бизнесга жуда манфаатли ҳисобланувчи йиллик 3 фоизлик кредит ажратилишини эълон қилди, ариза ташлаган 404 та компаниядан фақат 11 таси бундай кредитни ололди.

FT’га тушунтириш берган Hankou ходимига кўра, кредитлар аввало катта солиқ тўловчи ва йирик компанияларга боғланган корхоналарга берилади. «Биз ўзимизнинг қўшимча шартларимизни илгари сурмасдан кредит бера олмаймиз», — деган у.

Мавзуга оид