«Ҳозирги шароитда одамлар бундай қилишга уялишидан умид қиламиз» — Гуриев ҳукумат ёрдами манзилига етиб боришидаги эҳтимолий коррупция ҳақида
Профессор Сергей Гуриев таҳдид кўлами уруш давридаги таҳдид кўлами билан бир хиллиги, бунинг таъсири айниқса ривожланаётган давлатларда чуқур сезилиши, бундай вақтда коррупция камайишидан умид қилиши, шунингдек, Россияда меҳнат муҳожирлари учун талаб пасайиши ҳақида гапирди.
«Hoshimov iqtisodiyoti» дастури доирасида Беҳзод Ҳошимов Париждаги Sciences Po иқтисодиёт институти профессори, иқтисодчи Сергей Гуриев билан «Коронавирус, коррупция, авторитаризм, Чернобил, нархлар ва макроиқтисодиёт» мавзусида суҳбат уюштирди.
— Сиз «Катта йигирматалик» етакчиларига ёзилган хат ҳаммуаллифларидан бирисиз. Бу хатда ушбу мамлакатлар ҳукуматлари, молия ташкилотларини пандемия оқибатларини енгиб ўтишда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам беришга чақирилган. Шундай савол бермоқчи эдимки, коррупция масалалари билан шуғулланган иқтисодчи сифатида нима деб ўйлайсиз, шартли равишда Халқаро валюта жамғармаси, тараққиёт банклари, ҳукуматлар томонидан кўрсатиладиган молиявий ёрдам нотўғри, яъни манзилли сарфланмаслиги эҳтимоли қандай? Жаҳон банкининг яқинда ўтказган тадқиқоти ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Унда банк ёрдами ва офшорлардаги ҳисоб рақамларининг ортиши ўртасидаги корреляцияси кўрсатилган. Бу борада қандай фикрдасиз?
— Мен бу тадқиқотни кўрдим. Ҳақиқатан ҳам ривожланаётган мамлакатларда коррупция юқори, давлат бошқарувининг сифати эса юқори эмас. Бу тасодиф эмас. Агар сизда давлат тизими яхши бўлганида, коррупция паст бўлганида сиз ривожланаётган эмас, бой мамлакат бўлардингиз. Шунинг учун кўплаб ривожланаётган мамлакатлар давлат институтларининг сифати паст эканига ҳайрон қолиш керак эмас. Шунинг учун коррупция ҳеч қаерга йўқолмайди. Тараққиёт банклари, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармасида коррупция хавфини минималлаштириш механизмлари бор, лекин у сиз айтганингиздек ҳар доим ҳам тўғри ишлашига ишончим комил эмас. Бироқ ҳозир вазият оғир. Биз миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган пандемия ҳақида гапиряпмиз. Шунинг учун умид қиламизки, ривожланаётган мамлакатларда хотиржамроқ вазиятларда пулларни ўғирлаши мумкин бўлган одамлар ҳозир бундай қилишга уялишади.
— Яъни уларнинг виждонидан умид қиламизми?
— Ҳа, умид қиламиз. Бироқ гап миллионлаб кишиларнинг ҳаёти ҳақида кетяпти. Бу ҳақиқатан ҳам деярли уруш даври. Яхшиямки, барча давлатлар бир томонда, бироқ таҳдид кўлами миллионлаб одамлар ҳаётига тенг эпидемия ҳақида гапирганимизда уруш давридаги таҳдид кўлами кабидир. Шунинг учун одамларга ёрдам бериш керак.
— Ўзбекистон контекстида Россия ҳақида савол бермоқчи эдим. Россияда ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари иқтисодиётимизнинг тревиал бўлмаган қисмини ташкил қилади. Россия иқтисодиётида коронавирусгача ҳам муаммолар пайдо бўла бошлаганди, жумладан нефть билан боғлиқ муаммолар. Яъни ўсиш кўрсаткичи ошмади. Нима деб ўйлайсиз, Россиядаги иқтисодий вазият ёмонлашуви меҳнат бозори, айниқса малакали бўлмаган меҳнат бозорида қандай акс этади, меҳнатга бўлган талаб қанчалик эластик?
— Кўп нарса Россия ҳукумати қандай йўл тутиши, иқтисодиётни қандай қилиб қўллаб-қувватлашига боғлиқ бўлади. Ҳозирча Россия ҳукумати «сахий чоралар» қўллашни истамаяпти, бизнес ва фуқароларни жуда чекланган миқёсда қўллаб-қувватлаяпти. Шунинг учун Россия иқтисодиётида жиддий пасайишни кутиш мумкин. Халқаро валюта жамғармасининг бугунги прогнози минус 5,5 фоиз. Ўйлайманки, бу оптимистик прогноз.
2020 йилда 10 фоизга яқин тушишни кутиш ҳам мумкин. Бунда бу каби инқироз биринчи навбатда Ўзбекистон фуқаролари ишлайдиган қурилиш секторига таъсир кўрсатади. Ҳозирнинг ўзида хизматлар, овқатланиш секторларида кўплаб иш ўринлари қисқаряпти. Ўзбекистон фуқаролари учун иш жойлари мавжуд бўлган туризм ва меҳмонхона секторларида ҳам иш жойлари қисқаряпти.
Шунинг учун умуман иқтисодиётинг ўзига ва Ўзбекистон фуқаролари ишлайдиган секторларга пропорционал зарба бўлади. Бунга қўшимча сифатида нефть нархи тушиши рубль курси пасайишига олиб келди. Бу рублдаги маошлар ўзгармай қолиши, доллардаги маошлар кескин қисқаришини англатади. Шунинг учун бу вазият жуда оғир ва бу ерда бирор яхши хабар излаш қийин.
Тўлиқ суҳбатни Hoshimov iqtisodiyoti’нинг Youtube’даги канали орқали кўриш мумкин.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
19:42 / 07.11.2024
Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган
10:34 / 05.11.2024