Ўзбекистон | 08:41 / 25.04.2020
11539
2 дақиқада ўқилади

«Таълим тўғрисида»ги қонун янги модда билан тўлдирилмоқда

Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек, педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгилаш назарда тутилмоқда.

Парламент қуйи палатасида ўтказилган навбатдаги мажлисда депутатлар таълим-тарбия соҳасига тааллуқли қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи мазкур ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлашда сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, шу билан бирга, соҳа, мутахассислари, олимлар фикрлари, таклифлари ўрганилди.  

Ушбу қонун лойиҳаси билан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида жавобгарлик назарда тутилмоқда. Хусусан, мазкур модданинг биринчи қисмида жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, иккинчи қисмида — беш бараваридан ўн бараваригача, учинчи қисмида — ўн бараваридан ўн беш бараваригача, тўртинчи қисмда эса ўн беш бараваридан — йигирма беш бараваригача этиб белгиланяпти.

Онлайн муҳокамаларда сўзга чиққан депутатлар самарали таълим тизимини яратиш педагогик кадрларнинг жамиятдаги ўрнига бевосита боғлиқлигини таъкидлашди. Ўқитувчи мақомининг юқори нуфузга эга эмаслиги, унинг ҳуқуқий ҳимояланмагани ҳамда фаолиятининг дахлсизлиги кафолатланмагани таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга имкон бермаётгани айтиб ўтилди.

Шу боис, қонун лойиҳасида мазкур кодексни янги 197-5-модда билан тўлдирилгани мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Аҳамиятлиси, янги модда бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш масаласини маъмурий судлар ваколатига киритиш таклиф этилаётганидир.

Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги Қонун 30-1-модда билан тўлдирилмоқда. Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек, педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қайд этилганидек, ҳужжатни қабул қилиш натижасида ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтиришга, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришилади.

Мавзуга оид