Бюджетдан қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағлар тўғрисида маълумот берилди
2019 йилда республика бўйича жами қарийб 11 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилинган бўлиб, ҳар бир гектар учун давлат бюджетидан 8 млн. сўмдан жами 86,2 млрд. сўм субсидия ажратилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Пахта хом ашёси етиштирувчиларининг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун тижорат банкларидан жалб қилинган кредит мажбуриятлари бўйича фоиз харажатларининг 10 фоизли пункт миқдорини қоплаш учун Молия вазирлиги томонидан Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 5 млрд. сўм маблағ ўтказиб берилди.
Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқларни, шунингдек дарёлар,каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станцияларини қуришга субсидия берилган.
2019 йилда республика бюджетидан мазкур жамғармага 60 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлардан 25,1 млрд. сўми ўзлаштирилган. Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга 14,0 млрд. сўм ва сув қудуқларини қуришга 11,1 млрд.сўм субсидия ажратилган. 2019 йилда 3 639 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилинган бўлса, 2 007 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Мазкур ҳудудларга сув чиқариш учун 92 та янги қудуқлар бурғиланган.
“Янги токзорлар барпо қилинаётган ҳудудларнинг аксарияти лалми майдонларга тўғри келаётганлиги, биринчи навбатда республика ҳудудларидаги фойдаланилмай турган ерларни ўзлаштириш, фойдаланишга киритиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Барпо қилинган токзорлар уч йилдан кейин ҳосилга кириши аҳолининг реал даромадлари ошишига ва қўшимча янги иш ўринлари ташкил қилинишига замин яратади.
Мазкур ишларни давом эттириш ҳамда янада жадаллаштириш мақсадида, 2020 йилда жами 44 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни татбиқ этишни рағбатлантириш тадбирларига, республика консолидациялашган бюджети ҳисобидан жами 318,8 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ–3574-сон “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, 2019 йилда фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қийматини қоплаш учун давлат бюджетидан 150,8 млрд. сўм миқдорида субсидиялар ажратилган. Мазкур йўналишда фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, давлат бюджетининг 2020 йил параметрларида 344,6 млрд. сўм ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек 2019 йилда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ¬¬¬–4246-сон қарорига асосан, белгиланган бир қатор товар гуруҳлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республикага импорт қилишдан тушган божхона тўловлари суммасининг 10 фоизи миқдорида, жами 15,7 млрд. сўм маблағлар Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ПҚ–3824-сон “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида ташкил этилган, Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини молиялаштириш учун, давлат бюджетидан 2019 йилда 85,2 млрд. сўм маблағ ажратилган ва 2020 йилда ушбу тўловлар учун 100 млрд. сўм ажратиш режалаштирилган.
Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилиши, фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини яхшилаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, умуман олганда фермер хўжаликларида ҳисоб-китобларнинг тўлақонли юритилишига хизмат қилади”, - дейилади маълумотда.
Билдирилишича, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ҳамда фавқулодда ҳолатларда ҳосилни сақлаш тадбирларига 2019 йилда давлат бюджетидан 120 млрд. сўм ажратилган бўлса, ушбу тадбирларга 2020 йил учун тасдиқланган давлат бюджети параметрларида ҳам 120 млрд. сўм кўзда тутилган.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
15:24 / 02.11.2024