Жамият | 17:40 / 07.05.2020
40861
8 дақиқада ўқилади
Реклама

"Ўзбеккино" иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги арафасида янги фильмларни тақдим этмоқда

Фото: Ўзбеккино

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда уруш давридаги ҳалқимизнинг қаҳрамонлиги ва бағрикенглигини абадийлаштириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарори бунинг яққол дадилидир. Қарорга кўра, «Ўзбеккино» МА зиммасига фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича вазифалар юкланган. 

9 май арафасида Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан «Ўзбеккино» МА ва ижодий жамоалар «Илҳақ» бадиий-тарихий фильми (режиссёр – Жаҳонгир Аҳмедов), «Халқ жасорати» ҳужжатли кинохроникаси (режиссёр – Али Ҳамроев) ва «101» бадиий фильми (режиссёр – Ҳамидулла Ҳасанов) бўйича ишларни ниҳоясига етказдилар.  

Таъкидлаш жоизки, фильмлар устидаги асосий иш жараёнлари жорий йилга тўғри келди. «Илҳақ» фильмининг барча асосий жанг саҳналари 2020 йил февраль ойида Беларусда суратга олинди. Ўзбекистондаги қатор муҳим эпизодлар суратга олингач, фильм ижодий гуруҳи уни якунига етказиш учун параллель равишда бир неча студияларда тинмай ишлади. «101» фильмини суратга олиш ва постпродакшн ишлари  шу йилнинг февралидан май ойига қадар ўтди, «Халқ жасорати» киносолномаси бўйича архивларда ташкиллаштирилган асосий тадқиқот ишлари эса жорий йилнинг апрель ойида монтаж ишлари билан ниҳояланди. 

Шунингдек, юқорида тилга олинган киномаҳсулотларнинг барча ишлаб чиқариш жараёнлари коронавирус пандемияси даврида тегишли санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ташкиллаштирилганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. 

Фильмлар тақдимоти 9 май куни мамлакатнинг давлат ва нодавлат телеканалларида бўлиб ўтади ва Ўзбекистонда нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни учун муносиб совға бўлади. 

“ИЛҲАҚ” БАДИИЙ ФИЛЬМИ 

Мавсумнинг энг ёрқин премьераларидан бири «Илҳақ» картинасидир. Бадиий фильм реал ҳаётий воқеаларга асосланган. Унда Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган, Иккинчи жаҳон уруши жанг майдонларида беш ўғли – Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжон Холматовлардан жудо бўлган Зулфия Зокированинг фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Картина «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра «ЭЗГУФильм» кинокомпанияси томонидан яратилган.  

«Илҳақ» картинаси – «Ўзбеккино» МАдаги кенг кўламли лойиҳалардан. Фильмда тасвирланаётган воқеалар нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки бошқа мамлакатлар аҳолиси ҳаётига ҳам яқин. Минглаб оналарнинг ўғиллари фронтдан қайтмади ва бу дард ҳамма учун бирдек оғир эди. Бугунги кунда ўша урушнинг даҳшатли ва суронли йилларидан анча узоқ бўлганларга биз аждодлар келажаги учун қурбон қилинган умрлар эвазига яшаётганимизни эслатиш жуда муҳим. Дастлаб фильмда фақат Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган воқеалар ҳақида суратга олиш режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик фильм Зулфия Зокированинг ўғиллари жанг майдонларида қаҳрамонона курашиб ҳалок бўлганларини акс эттирган жанговар саҳналар билан тўлдирилди. Ҳарбий саҳналарнинг Беларусда «Беларусфильм» билан ҳамкорликда суратга олинишининг ташкиллаштирилгани фильмни кўп жиҳатдан бойитди», – дейди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. 

Фильмни суратга олиш ишлари шу йилнинг март ойида ниҳоясига етди. Картинада бутун суратга олиш жараёни давомида жами 2000 дан ортиқ киши қатнашди. 

«Биз «Илҳақ» кинокартинасини беларуслик томошабинлар ҳам кўришини истаймиз. Беларусь кинематографлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг яна мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун. Биз «Ўзбеккино» МА ва «Беларусфильм» киностудияси ҳамкорлигида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга умид қиламиз», – деб таъкидлади «Беларусфильм» Миллий киностудияси бош директори Владимир Карачевский. 

ТЎРТ ҚИСМЛИ «ХАЛҚ ЖАСОРАТИ» КИНОХРОНИКАСИ 

Ҳарбий мавзудаги кинопремьералар орасида таниқли режиссёр Али Ҳамроевнинг – тўрт серияли «Халқ жасорати» кинохроникаси ҳам бор. Янги лойиҳа олдига улуғвор вазифалар қўйилди: кинохроника кадрларига асосланган ҳолда тўрт қисмли фильмда ўзбекистонликларнинг фронтда ва фронт ортида кўрсатган жасорати ва қатъияти ҳақида, ўзбек халқининг бағрикенглиги ва ниҳоятда меҳнаткашлигини кўрсатиш мақсад қилинди.  

Бу эксклюзив картина, у туфайли Иккинчи жаҳон уруши тугагандан бери илк маротаба Ўзбекистонда фақат ҳужжатли кинохроникага асосланган киносолнома яратилмоқда. Ижодий гуруҳ нафақат Ўзбекистондаги, балки Россиядаги архив маълумотлари билан ҳам ишлаб, картина учун энг ёрқин ва таъсирли кадрларни саралаб олди. 

«Халқ жасорати» ҳужжатли фильмининг асосий вазифаси – бугунги авлодни она Ватан ҳимоясида қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатган ота-боболарининг даврига назар ташлаш учун имкон яратиш. Бу, айниқса, бугун – ўзбекистонликлар вирусли пандемия хавфига қарши курашаётган қийин кунларда муҳим аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистонда ўзбекистонликларнинг мардлиги ва матонати хотирасини абадийлаштириш, яна бир бор халқимизга бош эгиб, миннатдорлик билдириш имконини яратувчи бундай муҳим лойиҳа амалга оширилаётганидан  бениҳоя  хурсандман,. Мен ушбу фильм устида чин дилдан ва ҳаяжон билан ишладим», – дейди фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Али Ҳамроев. 

“101” БАДИИЙ ФИЛЬМИ 

Режиссёр Ҳамидулла Ҳасановнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонлик бир юз бир аскарнинг мардонавор ва фожиали тақдири ҳақидаги ҳужжатли маълумотларга асосланган «101» фильми республика кинематографияси учун яна бир аҳамиятли қадам бўлди. Бир юз бир нафар ўзбек аскари Амерсфорт шаҳридаги концлагерга немис фашистлари голландларга ўзларининг кимлар билан курашаётганлари ва вермахт газеталари мақолаларида барча европаликларни чўчитиб келаётган Қизил Армия аскарлари аслида ким эканлигини кўрсатиш мақсадида олиб келганлиги кўп йиллар давомида айтилган! Бу воқеа ҳақидаги янги тафсилотлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаянинг шу номдаги – «101» романида чоп этилган ноёб тадқиқотлари натижасида олинган. «Бир юз бир ўзбек қаҳрамонининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган бебаҳо ҳиссаси, оммавий қаҳрамонлиги бутун дунёдаги инсонлар хотирасида абадий сақланиб қолади!» – дейди сценарий муаллифи Юлия Медведовская.  

«101» бадиий фильми «Ўзбеккино» МА компанияси томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда «Uzbekistan Film», «Omad Film Production», «DF SERVICE» компаниялари ҳамкорлигида тайёрланган. 

Шунингдек, «Ўзбеккино» МА янги тақдим этилувчи фильмлардан ташқари давлат ва нодавлат телеканалларда ватанимиз кинофонди фахри бўлган «Сен етим эмассан», «Генерал Собир Раҳимов», «Фарҳоднинг жасорати» ва ҳарбий мавзудаги бошқа фильмлар намойишини ҳам тайёрлади.

Мавзуга оид