«Сардоба» сув омборидаги техноген офат натижасида минглаб оилалар бошпанасиз қолиши билан бирга, карантин туфайли уйда таълим олаётган мактаб ўқувчилари ҳам таълимдан узилиб қолди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўқув машғулотларидан узилиб қолган ўқувчилар, сув остида қолган мактаб бинолари ва болаларни масофавий таълимга жалб қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қанча ўқувчи эвакуация қилинганди?

– Халқ таълими вазирлигида мавжуд маълумотларга кўра, тошқиннинг биринчи куни, яъни 1 май куни Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 14 та маҳалладан жами 10 140 нафар мактаб ўқувчиси эвакуация қилинган.

3 кундан сўнг сув тошқини етиб бормаган ва хавф бартараф қилинган ҳудудлардаги аҳоли ўз хонадонига қайтарилгани сабабли 5 889 нафар ўқувчи ўз уйларига қайтиб боришди. Ҳозир уларнинг аксарида онлайн таълимни давом эттириш имкони бор.

Ҳали уйларига қайтмаган ўқувчилар

– Айни пайтда тошқиндан уй-жойлари талафот кўрган ёки хавф мавжуд  оилаларнинг 4 251 нафар ўқувчи фарзанди 23та ижтимоий соҳа объектларида ва яқин қариндошлариникида вақтинчалик яшашмоқда.

Ўқувчилар яшаётган 23та объектнинг ҳар бирида ўртача 3тадан алоҳида синф хоналари ташкил қилиниб, болаларнинг онлайн дарс жараёнларини кузатиб боришлари учун телевизор ўрнатилган.

Қариндошларининг хонадонларида яшаётган ўқувчилар бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Шунингдек, ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш мақсадида уларга турли дарсликлар ва ўқув қуроллари етказиб берилган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги мактаб ўқитувчилари телевизион дарс жараёнларини кузатишда ўқувчиларга ёрдам бериш учун бириктирилган.

Болалар учун психолог ёрдами йўлга қўйилди

– Эвакуация қилинган ўқувчиларга бўш вақтида «Ёш китобхон», «Тасвирий санъат» каби турли тўгаракларга қатнашиш имкони яратилди. Ўқувчилар, уларнинг ота-оналари учун мактаб кутубхоналари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.