Иқтисодиёт | 16:43 / 13.05.2020
31947
4 дақиқада ўқилади

ХВЖ жаҳон иқтисодиётини аср инқирози кутаётганини айтганди. Вазият бундан ҳам ёмонроқлиги маълум бўлди

Коронавирус жаҳон иқтисодиётини бўғиб қўйди, аммо тез орада у бўшашади ва иқтисодий фаолият бирпасда тикланади. Буюк тушкунлик давридан буён энг қўрқинчли инқироз юз беради, уни бартараф қилиш учун 9 трлн доллар кетади, деб ҳисоблаганди Халқаро валюта жамғармаси. Бир ойдан кейин эса ҳисоб-китобда адашганини тан олди.

Фото: Getty Images

 Ҳаммаси анча жиддийлиги маълум бўлди

«Инқироз фақат кучаймоқда, тахминлар эса бизнинг энг салбий тахминларимиздан ҳам ёмонроқ. Агар тиббиёт вирусни бартараф этмаса, кўплаб иқтисодиётлар янада кучли жабр кўради», деди ХВЖ директори Кристалина Георгиева.

ХВЖ иқтисодчилари Ғарб карантинни юмшата бошлаганидан сўнг тушкунликка тушди. Апрель ўрталарида уларнинг келажакка ишончи сўнди ва жаҳон иқтисодиёти бу йил 3 фоизга пасайишини башорат қилди, ўтган йил кузида улар иқтисодиёт уч фоизга ошишини башорат қилганди. Замонавий тарихда илк марта прогноз шундай қисқа муддатда кескин ўзгарди.  

«Июнда прогнозларни янгилаймиз. Ёмон хабарлар бўлиши ҳозирдан аниқ», - деди Георгиева.

 Кимга қийин бўлади?

Фото: AFP

Жаҳондаги ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмининг ярмидан кўпи тўғри келадиган дунёнинг энг йирик уч иқтисодиёти тарихдаги энг жиддий пасайишни бошидан кечирди.

Хитойдаги иқтисодий фаоллик ярим аср ичида биринчи марта қисқарди. Евроиттифоқ пайдо бўлганидан буён бундай пасайишни бошидан кечирмаганди. АҚШ йўлда қоқилди ва ўн йил давомидаги кўтарилиш ниҳоясига етди.

Америкадаги ишсизлик Буюк тушкунлик давридан буён бўлган рекордларни янгилади.

Коронавирус аввалги инқироз - 2008-2009 йиллардаги рецессиядан кейинги жаҳон иқтисодиёти тикланишини тўхтатиб қўйди.

Ўтган сафар дунё пул сиёсати – пул чоп этиш орқали молиявий инқирозни юмшата олганди. Бу сафар эса ҳаммаси жиддий, чунки муаммо пул етишмаслигида эмас, балки вирус ва у билан боғлиқ харажат ва чекловларда.

Карантиндан кейин иқтисодиётни йўлга қўйиш учун жаҳондаги барча мамлакатлар ғазнасидан қўшимча 9 трлн доллар ажратишга ваъда берган, деди Георгиева.

Бунча пул ҳеч кимда йўқ, уни қарзга олишга тўғри келади. Бу қарзларни эса келажак авлод қаттиқ меҳнат, оширилган солиқлар ёки инфляция орқали тўлашига тўғри келади.

Ривожланган давлатлар кредиторларни қийналмасдан топади, аммо коронавирус қолганларни оғир аҳволга солиб қўйди. Бундай даврда пул ривожланаётган бозорлардан қочади ва ҳозир ана шундай вақт. Капиталнинг қочиши девальвацияга олиб келади, бу эса нафақат янги, балки эски қарзларнинг қийматини ҳам оширади. Натижада юк шундоқ ҳам тешик ғазнага тушади.

Оқибатда Россия, Ҳиндистон ёки Мексикага ўхшаган унчалик бой бўлмаган ривожланаётган давлатлар коронаинқироздан янада қаттиқ жабр кўради, деб огоҳлантирди БМТ ва улар учун 2,5 трлн долларлик инқирозга қарши пакет йиғишга чақирди.

ХВЖ раҳбари Георгиева эса бу маблағ етмаслигини айтди. 

Карантинни қачон бекор қилиш керак?

Фото: AFP

Вирус ўз кучини биринчи марта кўрсатган март ойида ривожланаётган бозорлардан капиталнинг қочиши қарийб 100 млрд долларга етди. Бу аввалги учта молиявий инқирознинг ҳар биридагидан тўрт баравар кўпдир.

ХВЖ иқтисодчилари Европанинг карантинсиз келажакка қўйган дастлабки қадамлари баҳоланган ҳисоботни тақдим этди.

Уларнинг огоҳлантиришича, Кўҳна дунё чекловларни олиб ташлашга пандемия зарбасини биринчи бўлиб қабул қилган Осиёга нисбатан ёмон тайёрланган.

«Ҳамманинг ўз стратегияси бор, аммо Европа карантиндан Осиёга нисбатан анча эрта чиқмоқда. Бунинг устига, Европа кенг миқёсда тест ўтказиш, эҳтимолий беморларни кузатиш ва касаллик ўчоқларини изоляция қилиш бўйича Осиёдан орқада», - деб огоҳлантирмоқда ХВЖ экспертлари.

«Карантин Осиёга ҳам, Европага ҳам жиддий иқтисодий ва руҳий зарар етказади. Уни тезроқ бекор қилиш истагини тушуниш мумкин. Аммо эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш даркор ҳамда барча нарсани кўпроқ ва тезроқ очишга берилиб кетмаслик керак. Бу касалликнинг қайталанишига олиб келади».

Мавзуга оид