Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, корпоратив бошқарув деганда банк стратегик мақсадларини аниқлаш ва уларга эришиш устидан назорат қилиш учун зарур ташкилий тузилмани, шунингдек бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини таъминловчи, банк бошқарув органлари ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги муносабатлар мажмуи, шу жумладан бошқарув органларининг ваколатларини ва жавобгарлигини тақсимлаш ҳамда бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини яратиш тушунилади.
Самарали корпоратив бошқарувнинг асоси бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
банкнинг ички ҳужжатларида белгиланадиган ваколат ва вазифаларнинг аниқ тарзда тақсимланиши;
етарли даражадаги ҳисобдорлик;
ўзаро назорат қилиш ҳамда банк учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилинишининг олдини олишни таъминловчи, банк бошқаруви органлари ва (ёки) таркибий тузилмалар ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланиши;
ўзининг ваколатлари ва вазифаларини яхши билувчи, функционал вазифаларини бажаришда юқори даражадаги ишбилармонлик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этувчи, банк кузатув кенгашининг ва ижроия органининг юқори малакали аъзолари мавжудлиги.
Кенгаш ва бошқарув аъзолари ўз фаолиятини амалга ошираётганда маънан жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилиши ва содиқлик билан хизмат қилиши лозим.
Маънан жавобгарлик ва жонкуярликни намоён қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзоларининг ўз қарорларини онгли равишда қабул қилиш ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилиш, ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашиш, қарорларни ўз ваколатлари доирасида ва мавжуд маълумотларни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, банк устави ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари талабларига риоя қилиш мажбурияти тушунилади.
Содиқлик билан хизмат қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзолари ўзлари билан боғлиқ барча мавжуд ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш, ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслик, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви уларга банк манфаатлари йўлида ўз вазифаларини тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилган тақдирда, қарор қабул қилишда қатнашмаслик мажбурияти тушунилади.
















