Танти миллиардер. Давлатнинг 8 миллион доллар ёрдам пулини қайтариб берган Боб Парсонс ким?
Дунёдаги энг катта ҳостинг компанияларидан бири бўлган GoDaddy тармоғи асосчиси Боб Парсонс АҚШ ҳукумати томонидан компаниясига инқирозга қарши кураш доирасида моддий ёрдам сифатида тақдим этилган 8 миллион долларни қайтариб берди. Ҳозир у ўзига тегишли савдо марказлари ёнида жойлашган автотураргоҳларда текинга фильмлар намойишини уюштириб, шу тариқа ўз ижарачиларига инқироздан омон қолиш учун ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.
АҚШда март ойида карантин жорий этилгач, бойлиги 2,2 миллиард долларга баҳоланган 69 ёшли миллиардер Боб Парсонс ўзининг Скотсдейлдаги гольф клубида 25 ходимни ишдан бўшатиб, иш ҳақини сақлаб қолиш бўйича бизнесни кредитлаш давлат дастури (Paycheck Protection Program)га мурожаат қилган эди. Дастурга кўра, 13 апрелда Парсонсга 16та корхонасининг ишини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан 8 миллион доллар ажратилди. Бироқ ўтган ҳафта GoDaddy ҳостинг провайдери асосчиси ўз фикрини ўзгартириб, ҳукумат ўзига ёрдам сифатида ажратган пулни қайтариб берди.
«Пандемия туфайли оғир аҳволга тушган ва биздан кўра ёрдамга муҳтожроқ бўлган кўплаб корхоналар бор. Шунинг учун биз пулни қайтариб бериш тўғри бўлади, деб ўйладик. Ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўришимиз ва энг тўғри қарор қабул қилишимиз учун бироз вақт керак бўлди. Аммо мен ҳар доим энг тўғри йўлни тутишга ҳаракат қилганман. Бу қарорим ҳам тўғри бўлди», дейди миллиардер.
Тадбиркор март ойида дастлаб ўз тармоғидаги савдо марказлари бўйлаб 25 нафар эмас, балки 900 нафардан ортиқ ходимларини ишдан бўшатишни режалаштирган эди. Ўшанда унинг шахсий YAM Investments фондидаги активлар қиймати 700 миллион долларга арзонлаб кетганди. Парсонснинг сўзларига кўра, ўша пайтда у ишдан бўшатилган ҳар бир ходимга олти ҳафталик иш ҳақини тўлашга қодир бўлган.
Пандемия унинг эгалигидаги деярли барча корхоналарга, шу жумладан Шимолий Америкадаги мотоцикл ишлаб чиқарувчи Harley-Davidson компаниясининг энг йирик дилерлик корхонаси ва гольф клублари учун ускуналар ишлаб чиқарувчи Parsons Xtreme Golf корхоналарига таъсир кўрсатганига қарамай, тадбиркор ҳануз ходимларни ишдан бўшатмагани ёки маош тўланмайдиган таътилга ҳам жўнатмаганини таъкидламоқда.
У миллиардер сифатида давлатдан ёрдам сўраб, ўз шаънига билдирилиши мумкин бўлган танқидлардан хавотирланиб ёрдам пулини қайтарган эдими?
Парсонс бу фикрни инкор қилмайди, лекин уни бошқа сабаб пулни ҳукуматга қайтаришга ундаганини таъкидлайди: «Бизнинг қўлимизда жуда кўп пул борга ўхшайди, аммо ундай эмас. Расман шундай: қачонки бизга тегишли акциялар нархи доим ўсиб борса, биз боймиз. Ана шунда биз «ҳедж-фонд» (шахсий инвестиция фонди) кафолати остида турли маблағларни жалб қилишимиз мумкин. Аммо қимматли қоғозлар нархи ҳозиргидай арзонлаб кетганда, ҳамма ҳам қарз олишни истамайди, акс ҳолда у ҳамма нарсасини йўқотиши мумкин».
Парсонс ҳеч нарсага эга бўлмаслик нимани англатишини олдиндан билади. Унинг болалиги Балтиморнинг камбағаллар квартали жойлашган ҳудудида, ўзининг таъбири билан айтганда «черковнинг оч сичқони каби» ўтган ва у бешинчи синфда мактаб имтиҳонидан ўта олмаган. Ўн иккинчи синфда ўқиётганида рўй берган яна бир муваффақиятсизликдан сўнг ёш Парсонс денгиз корпусида хизмат қилиш учун армияга жўнаб кетади ва ҳарбий хизматни урушнинг энг авж палласида Вьетнамда тугатади. Ҳарбий хизмат давомида у учта медалга сазовор бўлади, улар орасида «Пушти юрак» медали ҳам бор.
Парсонс муҳтожлик даврини енгиб чиқиш учун нималар қилмаган дейсиз. Вьетнам урушидан қайтгач, у Балтимор университетига ўқишга киради ва имтиёзли диплом билан тамомлайди. Шундан сўнг ҳисобчи сертификатини олиб, компьютер технологияларини ишлаб чиқарадиган Control Data компаниясида иш бошлайди.
1984 йилга келиб бўлажак миллиардер ўзининг Parsons Technology деб номланган дастурий таъминот тизимини яратади. Ўн йил ўтиб дастурий таъминот тизимини бухгалтерия дастури билан ишловчи Intuit компаниясига 64 миллион долларга сотади.
Янги имкониятлар излаётган тадбиркор 1997 йилда Jomax Technologies веб-дизайн студиясини ташкил қилади. Бир неча йил ўтгач, у ўз корхонаси номини GoDaddy деб ўзгартирди ва домен номларини сотишни бошлади.
2011 йилга келиб GoDaddy ўзининг Супербоул рекламаси билан машҳур бўлиб кетади. Ўша йили Парсонс компаниясининг назорат улушини хусусий инвесторларга сотади. Forbes маълумотларига кўра, битим тахминан 900 миллион долларни ташкил қилган. 2015 йилда компания фонд бозорига чиқади ва 2018 йилда Парсонс GoDaddy’нинг сўнгги акцияларини ҳам сотиб юборади. Шундан сўнг ўтган йиллар мобайнида тадбиркор ўнлаб бошқа бизнес лойиҳаларни амалга оширди. Масалан, Аризонада тижорий кўчмас мулкка тахминан 600 миллион доллар сармоя киритади. Миллиардер гольф клубларидан ташқари, савдо марказлари, Harley-Davidson компаниясининг йирик дилерлик дўконлари, реклама агентликлари, кинокомпания, гольф клублари учун ускуналар ишлаб чиқарувчи Parsons Xtreme Golf компанияси ва бошқа кўплаб активларга эга.
Коронавирус пандемияси ортидан жорий қилинган карантин туфайли Парсонснинг корхоналари кўрган зарар миқдори 500 миллион долларга баҳоланмоқда, аммо у бундан мутлақо ташвишланаётгани йўқ.
«Аҳвол бугун шундай. Аммо мамлакат одатдаги ҳаётига қайтганида мен ишлар кескин равишда ривожланиб кетишини кутяпман. Чунки иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун деярли икки триллион доллар йўналтирилди, бу ёрдам беришига аминман», дейди тадбиркор давлат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида гапириб.
Парсонснинг айтишича, унинг «ҳедж-фонд» (шахсий инвестиция фонди) март ойида тиклана бошлаган ва ҳозирда унинг жами активлари қиймати инқироздан олдинги даражадан 700 миллион эмас, балки 400 миллион доллар пастроқ бўлиб турибди.
Тадбиркорни ҳайратга соладиган нарса шуки, карантин шароитига қарамай, унинг савдо марказларидан жой олган кўплаб ижарачилари ҳамон ижара ҳақини тўлаб туришибди. Энди у Скотсдейлдаги гольф клубига 20 нафар янги ходимларни ишга олишни режалаштирмоқда. «Июнь, июль ёки август ойларида карантиндан олдинги даврдаги даражага қайтаман, балки ундан ҳам яхшироқ натижага эришарман. Менга маблағ тежашнинг ҳожати йўқ, тез орада яна оёққа тураман», дейди миллиардер.
Парсонс ўз қўл остида ишловчи ходимлар ва ижарачиларни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бошқа кўплаб ишбилармонлар сингари у ҳам ўз ходимларига уйдан ишлашга рухсат берган. Уйда ишлаш имконияти бўлмаган ходимлар учун у асосий идораларга кириш жойларида туриб ҳар бир келган одамнинг тана ҳароратини ўлчайдиган тиббий ходимларни ишга олган. Бундан ташқари, ишбилармон Скотсдейлдаги Spooky Fast мотоцикл устахонасини ўз ишчилари учун антисептиклар ишлаб чиқарадиган заводга айлантирган.
Парсонс ўз ходимларига далда бўлиш учун тез-тез турли корхоналарининг маҳаллий идораларга ташриф буюриб туради: «Идораларимизда, католиклар мактабида ижро этиладиган рақс жараёнида рақсга тушаётганлар орасини линейка билан ўлчашганидай, одамлар орасидаги масофа сақланади. Ходимларимиз ниқоблар таққан ҳолда ўзаро 2 метр оралиқ масофа сақлайди ва ҳамма жойда санитария-гигиена воситалари қўйилган».
Карантин шароитида Парсонснинг бошқа активлардан кўра YAM Properties тижорат кўчмас мулки савдоси билан шуғулланувчи компанияси кўпроқ зарар кўрди. Аризонадаги кўп мақсадлар учун фойдаланса бўладиган биноларнинг ижарачилари орасида Chase банк, уй-рўзғор буюмлари сотиладиган Bed Bath & Beyond дўконлари ва AMC Theatres кинотеатрлар тармоғи бор. Миллиардернинг сўзларига кўра, унинг аксарият ижарачилари қийинчилик билан бўлса-да, ижара ҳақини тўлашда давом этяпти.
«Биз одамлар қадри ҳамма нарсадан устун эканлигига ишонамиз ва бошқалар ҳам ўзи истаган мақсадга эришиши учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Биз улар билан имкон қадар тез-тез учрашиб турибмиз. Ижарачиларимиз ижара пулини қанча ва қачон тўлай олишини сўраймиз. Биз уларга ижара пулини тўлай олмаса, ўз фаолиятини тўхтатиб, ижарага олган жойини ёпиб кетишини талаб қилмаймиз», дейди тадбиркор.
Парсонс ҳатто ўз ижарачиларига руҳий мадад бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иккита савдо марказининг автотураргоҳида кечки пайт фильмлар намойишини уюштириш орқали ижарачиларнинг савдосини оширишга ҳам ёрдам беряпти.
Тадбиркор бу учун аввал ўз компанияларидан бирига савдо марказларининг автотураргоҳларига улкан экранларни ўрнатишни буюрди. Бу автотураргоҳларга ташриф буюрувчилар битта автомобил учун 15-20 доллар ҳақ тўлайди ва FM диапазонида бўш турган тўлқин орқали овозни тинглаб, фильмлар томоша қилиши мумкин.
Шунингдек, улар фильм томоша қилаётганида савдо марказидан ижарага жой олиб, ишлаётган овқатланиш шохобчаларидан турли овқат ва ичимликлар буюртма қилишлари ҳам мумкин. Бунда мижозлар учун яна бир қулайлик яратилган. Агар улар автотураргоҳга кириш чиптаси учун сарфлаган пулидан кўпроқ пулни овқат ва ичимликлар учун сарфласа уларга чипта пули қайтариб берилади. Умуман олганда, бу автотураргоҳларга ўз автомобили билан ташриф буюрадиганлар ёнидаги ҳамроҳи билан арзимаган пулга овқатланиб, яна турли фильмлар томоша қилиши мумкин.
Парсонснинг аниқлик киритишича, сўнгги бир ярим ҳафта ичида Sonora Village савдо марказидаги автотураргоҳига кириш учун мижозларга 1 772 чипта сотилган ва бу орқали 17 300 доллар даромад топилган. Бу маблағ автотураргоҳни катта экран билан жиҳозлашга сарфлаган пулни деярли қоплаган. Яқин орада автотураргоҳдаги кинотеатрлар фойда билан ишлай бошлайди.
Парсонснинг коронавирус ортидан жорий қилинган карантин туфайли салмоқли зарар кўрган соҳаларидан бири Боб ва Рене Парсонс хайрия жамғармаси бўлиб, у таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда фахрийлар учун турли лойиҳаларни молиялаштиради. 2012 йилдан бери Парсонс турмуш ўртоғи билан ташкил этган ушбу хайрия жамғармаси орқали турли хайрия ишларига 180 миллион доллардан ошиқроқ маблағни хайрия қилган.
2013 йилда эр-хотин Парсонслар «Совға қасамёди»ни қабул қилиб, ўзлари ишлаб топган бойликларининг камида ярмини хайрия ташаббусларига сарфлаб боришга келишишган.
2018 йилда Боб ва Рене Парсонс хайрия жамғармаси активлари 30 миллион долларга баҳоланган эди ва ўшандан бери ушбу жамғарма ҳар икки ҳафтада 1 миллион долларга яқин маблағни турли лойиҳаларга хайрия сифатида ажратиб келмоқда. Парсонснинг айтишича, бу йил осон бўлмайди. Аммо миллиадер ўзи имзолаган ташаббусларга содиқ қолишда давом этмоқчи ва хайрияларни тўхтатиб қўймоқчи эмас.
Табиатан курашувчан бўлган Парсонс коронавирус ОАВда тасвирланганидек ҳалокатли эканлигига ишонмайди ва улар томонидан ўлим сони ҳаддан ташқари ошириб юбориляпти деб ўйлайди.
« Covid-19’ни юқтириш ва бошқа нарсадан вафот этиш Covid-19 туфайли ўлди дегани эмас, булар фарқли нарсалар. Кўпчиликни Covid-19 туфайли вафот этди деб ҳисобот беришяпти, аммо мен уларни фақат шу вирус туфайли ўлган деб ҳисобламайман», дейди миллиардер.
Кўпгина мутахассислар, шу жумладан АҚШнинг аллергик ва юқумли касалликларни ўрганиш миллий институти директори Энтони Фаучи ҳам Парсонснинг фикрларига қўшилмайди.
Миллиардер Аризона губернатори Дуг Дьюсининг коронавирус пандемияси тарқалишига қарши олиб бораётган ишларидан мамнун. Штат раҳбари 8 майдан бошлаб гўзаллик салонлари ва сартарошхоналарга, 11 майдан бошлаб эса ресторан ва кафеларга оралиқ масофани сақлаган ҳолда қайта фаолият бошлашга рухсат берди. Парсонснинг фикрича, бутун мамлакатда шундай қилиш керак ва жамоат йиғиладиган жойларнинг бир қисмига фаолият юритиш учун рухсат бериш лозим.
Бугун Парсонс нормал ҳаётга қайтишни интизорлик билан кутмоқда. Миллиардер тезроқ дўстлари билан учрашишни, бейсбол ўйинларига бемалол боришни, ҳеч қандай ҳимоя воситалари ҳақида қайғурмасдан яшашни хоҳлайди. «Ҳамма ниқобда, юрибди. Ҳар кунимиз Ҳеллоун байрамига ўхшайди, фақат ширинликларсиз байрамга», дея ҳазиллашган тадбиркор.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024