Мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғиш ихтиёрий бўлиши керак - ХТВ
Мактаблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўшимча маблағ топиши мумкинлиги эслатилди.
Республика мактабларида ўқув машғулотлари якунига етиб бормоқда. Табиийки, ўқув биноларини жорий таъмирлаш ишларини бошлаш керак. Бунда маблағлар бюджетдан, мактаблар қошида ихтиёри ташкил қилинган жамғарма (ҳомийлик маблағлари)дан ёки ота-оналар ҳисобидан шакллантирилади. Мактабларни таъмирлаш уч хил шаклда амалга оширилиши мумкин: жорий, реконструкция ва капитал таъмирлаш. Бунда жорий таъмирлаш ҳар ўқув йили охирида ота-оналардан пул йиғиш асосида амалга оширилади. Хўш, мактаб маъмурияти бу йили ота-оналардан жорий таъмир учун пул йиғиши мумкинми? Халқ таълими вазирлиги бу ҳақида батафсил ахборот эълон қилди.
Унда айтилишича, мактабни жорий таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғилиши фақат ихтиёрий равишда бўлиши керак. Агарда кимдир ўз фарзанди ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса, буни амалга ошириши мумкин. Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади. Лекин ҳаммага бир хил ёндашиб, ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларини олдини олиш керак. Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашни сўраймиз.
Кейинги ўқув йилидан аксарият мактабларда юқори синф ўқувчилари ҳам бошланғич синф ўқувчиларига ўхшаб, ўз синф хоналарида ўқиш имкониятига эга бўлади (аввалги кабинет тизимидек, синфма-синф юрмасдан). Бу эса нафақат синфни таъмирлаш учун кўрсатилган ёрдамни тўғри ишлатилишига, балки кейинчалик ўқувчилар ҳам синфлари ҳолатини яхши сақлашига ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Бундан ташқари, мактаблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўшимча маблағ топиши мумкин. Ҳомийлар турли корхона, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин. Ҳомийлик ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим. Яъни, пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва маблағ сарфланиши бўйича маълумот олиши учун шароит яратилиши керак.
Ҳозирги кунда мактабларда кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Унга ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ўқитувчи ва бошқалар сайланиши мумкин. Кузатув кенгаши аъзолари бюджетдан ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатига эга.
Мавзуга оид
21:00 / 26.01.2023
Таълимдаги ишларимиз нега самарасиз бўлмоқда? — экспертлар билан интервью
22:53 / 24.01.2023
Тошкент шаҳридаги яна 12 та мактабда 25 январдан таълим жараёни бошланади
18:44 / 15.01.2023
Қашқадарёда халқ таълими бўлимининг уч нафар мансабдори қамоққа олинди
07:02 / 13.10.2022